Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуси билан юртимизда фаолият юритиб келаётган 3500 дан зиёд имом-хатиб ва имом ноиблар учун воиз уламо ва малакали мутахассислар иштирокида маънавий-маърифий суҳбатлар ўтказиш йўлга қўйилди.
Шу йил 22 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов ва Диний идора Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри вакилликлари жамоаси ва масжидларнинг барча имом-хатиб ва имом ноибларига zoom дастури орқали маънавий-маърифий суҳбат ўтказдилар.
Масофавий учрашувда профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов ўз маърузасида юртимиз мўмин-мусулмонлари ҳуқуқий давлат ва қонун устувор бўлган жамиятда истиқомат қилиши, барча қонун олдида тенг эканини, шу боис нима касб қилиш ва қандай лавозим эгаси бўлишидан қатъий назар барча қонунга амал қилиши зарур эканини алоҳида таъкидлади.
Шайх Алижон қори Қуръони карим фазилати ҳақида манфаатли мавъиза қилиб, жумладан, Каломуллоҳнинг инсониятга раҳмат ўлароқ нозил қилингани, уни ўқиган қорига дунёю охиратда бериладиган ажру мукофотлар, улуғ ойларда қилинган хатми Қуръонларнинг савоби янада зиёда бўлиши, Қуръони каримни эшитиш қалбга ҳузур бериши ҳақида оят, ҳадис ва уларнинг шарҳи билан тушунтириб берди.
Маънавий-маърифий учрашувда нотиқлар томонидан барча соҳа вакиллари қатори имом-домлалар ҳам ўз вазифасини сидқидилдан бажаришга харис бўлиши, ахлоқий сифатларини камол топтириб бориши, илму маърифат ва жамоат ишларида мўмин-мусулмонларга намуна бўлиши лозимлигини таъкидлаш баробарида дин пешволари жамиятдаги мақом ва мартабаларига ҳар томонлама муносиб бўлишлари айтиб ўтилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Cавол: Уйда бир қанча Қуръон китоблари бор. Кўпроқ биттасидан фойдаланаман. Бошқаларини ҳам ўқишим керакми ёки биттасини ўқиётганим кифоя қиладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мусҳафи шарифнинг эҳтиромига зид иш қилинмаса, уйда бир нечта мусҳафлар туришининг зарари йўқ. Нечта мусҳаф бўлса, ҳаммасидан ўқиш керак деган талаб ҳам йўқ. Чунки киши ўзига қулай ва кўзи ўрганган битта мусҳафдан қироат қилиши мумкин. Агар ҳаммасидан ўқиб турса ёки хатм қилишда ҳаммасидан фойдаланса, нур устига нур бўлади. Уламоларимиз одамлар ўқий олмаса ҳам, хайр-барака умидида уйида мусҳаф сақласа бўлади, дейишган. Жумладан, “Фатовои Қозихон” китобида бундай дейилган:
“Уйида мусҳаф тутган, лекин ўқимайдиган киши ҳақида уламолар: “Агар у бу иши орқали хайр-баракани ният қилган бўлса, гуноҳкор бўлмайди, балки бундан савоб умид қилинади”, дейишган”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.