Ҳа демай янги ўқув йили ҳам бошланади. Шу кунларда кўплаб ота-оналар фарзандлари учун ўқув қуроллари, мактаб формалари олиб бериш тараддудида юришибди. Лекин болалари кам-кўстини ортиғи билан қилишга, уларга ўқув қуроллари, мактаб кийимлари олиб беришга ҳамманинг ҳам қурби етавермаслиги мумкин. Шукрки, охириатни ўйлайдиган, ёрдамга муҳтож оилаларга қайишадиган саховатли юртдошларимиз бор экан, кўплаб оилаларда вояга етаётган болалар янги ўқув йилини хурсанд ҳолда кутиб олишга мушарраф бўлишмоқда.
Жонажон Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллиги ва янги ўқув йили бошланиши муносабати билан «Вақф» хайрия жамоат фондининг Фарғона вилояти филиали ходимлари саховатли ҳомийлар билан биргаликда катта хайрия акциясини ташкил этишди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилаларда ўсиб-улғаяётган 1 000 нафарга яқин болаларга мактаб сумкалари, ўқув қуроллари ва мактаб формалари хайрия қилинди.
Саховат тадбирлари давом этмоқда.
Ҳимматли ҳомийларимиз ва муқарраб дуогўйларимиздан Аллоҳ таоло рози бўлсин!
Vaqf.uz
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйининг “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасига 2027 йил учун обуна мавсумига старт берилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган маърифий тадбирда соҳа мутасаддилари, имом-хатиблар ва отинойилар иштирок этди. Унда сўз олганлар жамиятда соф маърифатни ёйиш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг маънавий-маърифий савиясини юксалтиришда диний-маърифий нашрларнинг ўрни беқиёс эканини таъкидладилар.
Тадбир давомида якунланаётган мавсумда обуна ишларини намунали ташкил этган фаол диний соҳа ходимларига миннатдорлик билдирилиб, янги йилда ҳам бу хайрли ишларни юқори савияда давом эттириш юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Барча юртдошларимизни “Ҳидоят”, “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасига 2027 йил учун обуна бўлишга, хонадонларга зиё улашишдек савобли ташаббусда фаол иштирок этишга чорлаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати