Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Эй синглим! Сиз бошингизда кўтариб юрган тож бу – иффатингиздир. Сўзлайдиган энг гўзал сўзингиз бу – ростгўйлигингиздир. Юзингиздаги уятчанглик бу – ҳаёдандир. Сизнинг гўзал хулқингиз бу – ота-онангизга келтирган раҳматингиздир.
Ҳикоят. Йигит ҳикоя қилиб шундай дейди: “Бир ўртоғим бор эди. Кунларнинг бирида у шошганича кириб келди. “Нимага машинангни уйимнинг олдига қўя қолмадинг?” – дея сўрадим. У: “Мен яна янги қизни тузоғимга илинтирдим. У коллеж талабаси. Уни дарс бошланишидан аввал коллеждан олиб чиққандим. Дарс тугай деганда яна коллежга олиб бориб қўяман”, деди.
Мен унинг гапларини эшитиб секин-аста унга билдирмай уйнинг орқа тарафидан чиқдим-да, тўғри машина томонга йўналдим. Қарасам, машинанинг ичида чамаси ўн олти ёшлардаги бир қиз ўтирибди. Унга: “Нима сабабдан бу ерга келдинг?” – дедим. Қиз: “Фалончи (йигитнинг исмини айтди) мени севади, менга уйланмоқчи, унинг ўзи шундай деди”, дея жавоб берди.
“Менинг гапларимни диққат билан эшит! Ўша йигитни мен жуда яхши биламан. Холис гапиряпман. Яқинларингнинг сенга билдирган ишончини ёдга олгин-да, бу қилаётган ишингнинг қанчалик номаъқул эканини ўйлаб кўр. Билиб қўй, сен хавфли иш устида турибсан. Унинг сенга уйланиши етти ухлаб тушига ҳам кирмаган. У йигит киши. Сенга ўхшаганларни топиб олса, уйланишни хаёлига ҳам келтирмайди. Чунки бегона йигит билан кўчага чиққан ва оиласининг шаънини топтаган қиз хотин бўлишга арзимайди, у бунга лойиқ эмас. Унақалар эртага яна бошқа бировни топиб кетаверади”, дедим.
Вақт ўтиб қиз бир дугонасидан менга хат бериб юборибди. Хатда қуйидагилар ёзилган эди: “Сизга катта раҳмат! Сиз айтган иш содир бўлишига бир баҳя қолган эди... Мен йиғлаб уни ўзимдан нари қилишга ҳаракат қилдим. Оҳ-воҳларим, дод-фарёдларимдан кейин у мени коллежга олиб бориб қўйди. Номусимдан айрилиб қолишимга бир сония қолди... Ўзим ва ота-онамнинг бош кўтара олмайдиган бўлиб қолишларига бир қадам қолди... Аввало Аллоҳ, қолаверса, сизнинг сўзларингиз мени бу шармандаликдан сақлаб қолди”.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.
Савол: Фазилатли ой ва кунларда нафл рўзалар тутиб тураман. Баъзида шундай ҳолат бўладики, бомдодга турганимда саҳарлик вақти чиқиб кетган бўлади, лекин мен шу куни бемалол рўза тутишга кучим етади. Шу вақтда рўзага ният қилиб олсам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳа, нафл рўзалар учун саҳарлик вақти чиқиб кетган бўлса ҳам, ҳатто кун ярмига етмагунча ният қилиб олиш мумкин, фақат саҳарлик вақти чиққандан кейин рўзани бузувчи амаллардан бирортасини ҳам қилмаган бўлиши шарт.
Демак, сиз ҳам уйғонганда саҳарлик вақти чиқиб кетган бўлса ҳам, ҳеч нарса еб-ичмасдан нафл рўзани ният қилиб олсангиз бўлади.
Аслида рўза тутишни ният қилиш вақтлари иккига бўлинади.
Биринчиси, қазо рўза, каффорат ва маълум бир кунни тайин қилмаган назр рўзаларни тутишда саҳарлик вақти чиқмасдан туриб ният қилиш шарт бўлади. Саҳарлик вақти чиққандан кейин қилган нияти ҳисобга ўтмайди.
Иккинчиси, Рамазон рўзаси, нафл ва муайян кунда тутиш назр қилинган рўзаларни шаръий наҳорнинг ярмига етмагунича ният қилиб олиш мумкин. Шарт шуки, ният қилгунча рўзани бузадиган ҳеч қандай иш қилмаган бўлиши керак. Масалан, саҳарлик вақти чиққандан кейин бирор нима еб ёки бирор қултум сув ичиб қўйган бўлса, рўзага ният қила олмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази