Ёшлигимда отам оғир ҳасталик сабабли оламдан ўтганлар. Ўшанда мен 13 ёшда эдим. Дадам шунчалар бағрикенг, меҳридарё инсон эдиларки, менга 13 йил давомида берган меҳру муҳаббатлари бутун умримга татигулик бўлган. Ҳа, тўғри, ҳеч қайси фарзанд, айниқса, қиз бола ота меҳрига тўймайди. Доим ёнида суянчиғи –отаси бўлишини хоҳлайди. Лекин тақдир экан, отамдан эрта ёшда айрилдим.
Отам бошқа оталарга ўхшамасдилар. Ё менга шундай туюларди ёки ҳақиқатда шундай эди. Отам мени доим суйиб эркалар, “Кел, қизим, бир бағримга босай, кел, қизим, бир ўпиб қўяй” деб ёнларидан қўйиб юборгилари келмасди. Мени кўришлари билан ўйчан ўтирган пайтларида ҳам юзларига табассум югурарди. Мен билан гаплашганларида бошқа нарсага ёки бошқа бировга чалғимасдилар. Мактабдан келсам ёки кўчада узоқроқ вақт ўйнаб кейин уйга кирсам, “Қизим сени йўқотиб кўйдим-ку, қаерда эдинг, сенсиз уйлар ҳувиллаб қолди, сени соғиниб қолдик” деб кайфиятимни кўтариб юборардилар.
Ҳозир 37 ёшдаман, 24 йилдан бери отамни соғиниб яшайман. Отам вафот этдилар, лекин уларнинг меҳр муҳаббатлари, ғамхўрликлари ҳали-ҳануз мен билан барҳаёт. Отам 13 йил ичида бошқа оталар умри давомида болаларига қиладиган ғамхўрлик, эътибор ва меҳрни бериб қўйгандилар. Гўё қачон вафот этишларини олдиндан билгандек, сўнгги кунларигача мени алоҳида эътибор билан сийладилар. Лекин барибир отамни соғинаман. Аллоҳ таолодан отам билан жаннатларида кўриштиришини сўраб дуо қиламан.
Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.
Шогирд устози билан суҳбат қилиб ўтирган эди. Шогирд устозидан сўради:
– Устоз, дунёдан ўтганингиздан кейин одамлар сизни қандай хотирлашини хоҳлар эдингиз?
Устоз бир муддат сукут сақлаб, сўнг саволга жавоб берди:
– Бизни одамлар қай тариқа эслашлари муҳим эмас. Балки қабрда ва Аллоҳнинг ҳузурида қандай кутиб олинишимиз муҳим. Дейлик, орадан бир аср ўтиб, болаларимиз, балки набираларимиз ҳам оламдан ўтиб кетар. Биз ҳозир қийналиб, умримизни, топган маблағимизни сарфлаб қурдирган уйларимиз бузилиб кетар ё уларда бошқалар яшар. Шунинг учун ўлгач, бизни ким нима деб эслашига эмас, абадий сафарга ҳозирлик кўришимиз керак.
Ҳа, азизлар! Бу дунёда яшар эканмиз, ким учун яхши ота-она, ким учун яхши умр йўлдош, ким учун яхши фарзанд бўлишга ҳаракат қиламиз. Жамиятда эса ўзимиздан яхши ном қолдиришга уринамиз. Лекин бу ишлар замирида Аллоҳ таолонинг амир ва қайтариқларига амал қилиш ётганини баъзан унутиб қўямиз. Елиб-югуришларимиз фақат одамлар учунгина бўлиб қолади.
Аслида мўмин одам ҳар бир амалини холис Аллоҳ учун қилиб, имкон қадар бошқалардан яшириши лозим. Акс ҳолда қилган амалининг савобидан маҳрум бўлади. Энг ёмони баъзилар мана шундай ножоиз ишни қилиб, камига суратга ҳам олдириб тарқатмоқда.
Тустарий раҳимаҳуллоҳдан сўрашди: “Нафсга энг оғир нарса нима?”. Айтдики: “Ихлос – нафсга энг оғир нарса. Чунки ихлосда нафс учун насиба бўлмайди”. Ихлоснинг аломати шуки, амал қилувчига унинг амалидан одамлар хабардор бўлдими-йўқми – унга фарқи бўлмайди.
Энди ўзимизни бир тафтиш қилайлик-чи, кунлик ишларимиз, амалларимиз шу мезонга мос келармикан?..
Акбаршоҳ Расулов