Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий диний таълим муассасалари, хусусан, Тошкент ислом институти таълим жараёнларини рақамлаштириш ва ўзаро ҳужжат алмашувини такомиллаштириш режалаштирилган.
Ҳозирда институтда Hemis ахборот тизимини жорий қилиш бўйича зарур ташкилий ва техник ишлар амалга оширилмоқда.
HEMIS – Олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими бўлиб, «Маъмурий бошқарув», «Ўқув жараёни», «Илмий фаолият» ва «Молиявий бошқарув» модулларини ўз ичига олган.
HEMIS ахборот тизимидан 220 дан ортиқ олий таълим муассасалари ва 1 миллиондан ортиқ талаба ва ўқитувчи фойдаланмоқда. Олий таълим жараёнларини бошқаришга мўлжалланган HEMIS ахборот тизими 100 дан ортиқ my.gov.uz, ransfer.edu.uz, soliq.uz, mehnat.uz, diplom.edu.uz каби бошқа ахборот тизимлари билан интеграция қилинган.
Тошкент ислом институти мутахассислари томонидан таълим тизимига Hemis ахборот тизимини жорий қилиш натижасида таълим муассасаси, ўқитувчи ва талабаларга қуйидаги имкониятлар пайдо бўлади:
– диний таълим муассасалари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимидаги таълим муассасалари қаторига қўшилади;
– бакалавр ва магистратура босқичларида ёки хорижий таълим муассасаларида ўқишни давом эттириш учун ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйилади;
– my.gov.uz ягона интерактив Давлат хизматлари порталидан маълумотнома олиш осонлашади;
– талабалар вилоят ва шаҳарлараро қатновда транспорт чипталарида чегирма имтиёзларига эга бўлади;
– transfer.edu.uz тизими орқали ўқишни қайта тиклай оладилар;
– soliq.uz Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан ижарада турадиган талабалар хонадон эгасини даромад солиғидан озод қила оладилар;
– Пенсия жамғармаси, ёшлар дафтари, ногиронлиги бор шахслар тегишли имтиёзлардан фойдалана оладилар;
– mehnat.uz порталидан битирувчилар ҳақида маълумот олиш имконияти;
– diplom.edu.uz тизими орқали электрон диплом тақдим этиш каби қулайликларга эга бўлиш мумкин.
Тошкент ислом институтида Hemis ахборот тизимини жорий қилиш тўғрисида талабаларни таништириш мақсадида Ахборот ва техник таъминот бўлими бошлиғи М.Валиев томонидан семинар ўтказилди. Унда профессор-ўқитувчилар ва ходимларга “HEMIS”нинг имкониятлари ва ундан фойдаланиш бўйича муҳим маълумотларни берди.
Ўқув-амалий семинар интерактив тарзда ташкил этилди. Унда талабалар фаол иштирок этиб, “HEMIS” тизимига боғлиқ масалалар бўйича саволлар билан мурожаат қилди. Мутахасис “HEMIS” орқали мисоллар ёрдамида саволларга амалий жавоб берди.
Оliymahad
2024 йил 30 октябрь куни Зайниддин домла Эшонқулов бошчилигида Тошкент вилоятининг Тошкент тумани “Ҳасанбой ота” жоме масжидида амалий тадбир ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассислари, Тошкент вилояти вакиллиги раҳбарияти ва ходимлари, вилоят туман ва шаҳарларининг бош имом-хатиблари ҳамда отинойилари, шунингдек, “Ҳаж-2024” зиёратчилари, МФЙлар раислари иштирок этди.
Йиғилишда имом-хатиб ҳамда отинойиларнинг “Ҳаж – 2024” зиёратчиларини маънавий-маърифий тадбирларга фаол жалб этиш ишига кўмаклашиш, тумандаги масжидлар фаолияти ўрганиш, пешин намозида масжидларда долзарб мавзуда маъруза қилиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Шу мақсадда Ишчи гуруҳ аъзолари Тошкент туманининг 18 та масжиди ҳамда 20 та маҳалласига бириктирилиб, хонадонларга кирилиб, турли йўналишлар бўйича суҳбатлар ўтказилди.
Хусусан, имом-хатиблар 100 та оилага, отинойилар 14 та оилага, умумий ҳисобда 114 та оилага кириб, маънавий-маърифий тарғибот ҳамда амалий ёрдам тадбирлари олиб бордилар.
Шунингдек, эр-хотин, ака-ука, ота-бола, қайнона-келин, ўртасидаги келишмовчилик ва жанжаллар сабабли нотинч бўлиб турган 32 та оила ўрганилиб, уларга насиҳат қилинди. Нотинчлик сабабларини бартараф этиш, аразлашганларни яраштириш чоралари кўрилди. 36 та ҳолатда оилавий ажримларнинг олдини олишга ҳаракат қилинди, 4 та оилани яраштиришга муваффақ бўлинди, 7 оилани яраштириш жараёнини давом эттириш белгиланди. 23 та хонадонда ЖИЭМда жазо муддатини ўтаётганларнинг оила аъзолари, жазо муддатини ўтаб қайтганлар, муқаддам судланганлар билан юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар борасида суҳбатлашилди. Шунингдек, ногирон ва касалманд фуқаролар яшайдиган 2 та оилага кирилиб, улардан кўнгил сўралди, даволаниш ва дори дармон, 3 та кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат, кийим-кечак ҳамда моддий ёрдам кўрсатилди.
Тадбир сўнгида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, Тошкент туманида масжидлардаги камчиликларни бартараф этиш, имом-хатибларнинг маънавий-маърифий ҳамда масжид бошқарувидаги фаолиятида кузатилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати