#xabar #hamkorlik #muftiy
Бишкек сафари давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва Қирғизистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров ўртасида икки томонлама учрашув ўтказилди.
Мулоқотда Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари мезбонни Туркий давлатлар муфтийларининг йиғилиши муваффақиятли ўтгани билан муборакбод этиб, икки мамлакат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан ҳамкорлик муносабатлари кенгаяётгани, айниқса, уламолар ўртасидаги ўзаро алоқалар янги босқичга кўтарилганини таъкидладилар.
Муфтий ҳазратлари мусулмон уммати олдидаги муҳим масалалар юзасидан замонавий фатволар, долзарб баёнотлар ва муҳим мурожаатлар қабул қилингани барча халқлар учун фойдали бўлишини таъкидладилар. Шунингдек, илмий анжуманда Сирожиддин Ўший Самарқандда Ҳанафий мазҳаби ва Имом Мотуридий ақийдаси бўйича устозлардан таълим олгани, Фарғона водийсида дин йўлида хизмат қилгани ва туркий халқлар учун муштарак уламо саналишини таъкидланганини алоҳида қайд этдилар.
Ўз навбатида Абдулазиз қори Зокиров Ўзбекистон муфтийсини “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени билан мукофотлагани муносабати ила самимий қутлаш баробарида Туркий давлатлар муфтийлари йиғилишидаги фаол иштироки учун миннатдорлик изҳор этди. Шунингдек, у Рамазон ойи бошланиши, икки ҳайит кунини белгилаш ва муҳим фатволар эълон қилишда қардош муфтийлар доимо Ўзбекистон муфтийсининг хулосаларига таянишларини эътироф этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати