Жамоат билан намоз ўқиш суннати муаккададир. Жамоат намозининг савоби ёлғиз ўқилган намоздан йигирма етти даража ортиқдир. Жамоатга Аллоҳнинг раҳмати тушиб туради.
Жамоат намозида сафлар жипс ва текис бўлиши ҳам суннатдир. Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ёки албатта, сафларингизни тўғри қилурсиз, ёки Аллоҳ юзларингизни қарама-қарши қилиб қўюр”, дедилар (Бешовлари ривоят қилган).
Жамоат намозида сафни тўғри олиш ўта муҳим, сафни тўғриламаслик ўзаро нафрат ва ёмон кўришга олиб келади.
Имом Муслим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сафларни худди камон ўқини тўғрилагандек тўғрилашларини ривоят қилган. Шунинг учун имомлар жамоатга сафларни тўғрилаш лозимлигини доим эслатиб туришлари лозим.
Масжидга келганда биринчи сафдан тўлдириб бориш керак. Биринчи саф иккинчи сафдан, иккинчи саф учинчи сафдан афзал ҳисобланади.
Биринчи сафда имомнинг ортида имомликка лойиқ аҳли илм ва қорилар туриши керак. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менга сизлардан етуклик ва ақл эгалари яқин турсин. Сўнгра уларга яқин келадиганлар”, деб уч марта айтдилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Насоий ривоят қилган).
Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари биринчи сафларни тўлдирувчиларга салавот айтадилар. Аллоҳ таоло учун банданинг сафни тўлдириш учун босган қадамидан кўра маҳбуброқ қадам йўқдир”, дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ривояти).
Биринчи сафда бўш жой бўлса, орқа сафдаги киши иккинчи сафдагилар орасидан биринчи сафга ўтаверади. Бунда иккинчи сафдагиларга озор берган бўлмайди.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сафларингизни жипслаштиринглар, орани яқинлаштириб, бўйинларни тўғри (чизиқда) тутинглар! Жоним измида бўлган Зотга қасамки, мен сафдаги оралиқлардан шайтонларнинг худди қора қўзичоқлар каби кираётганини кўраман”, дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ривоят қилган).
Сафда оёқларни эмас, елкани елкага теккизиб, жипсланиб, бўш жой қолдирмай, олдинга ёки орқага эгилмай туриш шарт.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сафларни тўғриланг! Елкаларингизни тенглаштиринг! Очиқ жойларни тўлдиринг! Биродарларингиз қўлига мулойим бўлинг! Шайтон учун очиқликлар қолдирманг! Ким сафни етказиб (тўлдириб) турса, Аллоҳ ҳам уни (муродига) етиштиради. Ким сафни узса, Аллоҳ ҳам уни узади”, дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ривоят қилган).
Сафни тўғрилаш ёки тўлдиришга ишора бўлганида шошилмай, мулойимлик ила ҳаракат қилиш лозим.
Сафда бир кишининг ўзи ёлғиз туриши макруҳдир. Шунинг учун кечиккан киши имом руку қилгунча, кимдир келиб, ёнига туришини кутиб туради. Агар ҳеч ким келмаса, олдинги сафнинг ўнг ёки чап четидаги бир кишининг елкасига енгил туртиб, орқага ўтишга ишора қилади. Агар олдинги сафда турган бу масаладан хабари бўлмай, намозини бузиб қўйиш хатари бўлса, сафда бир ўзи туриб, имомга иқтидо қилаверади.
Намоз ичида бир саф миқдорича юриш, яъни олдинги сафга ўтиш намозни бузмайди. Аммо икки саф олдинга юрмоқчи бўлса, ўртадаги сафда бир оз (энг камида уч тасбеҳ айтиш муддатича) тўхтаб, кейин олдинги сафга ўтиши керак. Бирданига икки саф юрса, намози бузилади (“Оламгирия”, “Қозихон”).
Манбалар асосида
Акмалхон АХМЕДОВ
тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга юриш ҳам ғанимат эди. Бунақанги имконият бўлиб қолса, саҳобалар дарров ундан фойдаланиб қолишар, имкониятни қўлдан чиқаришмас эди. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг саодатига қаранг!
Бир куни у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга кетаётиб сўради:
- Ё Расулаллоҳ! Шундай амални айтингки, у мени жаннатга киритиб, дўзахдан узоқлаштирсин! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
- Жуда ҳам катта ишни сўрадинг. Бу иш Аллоҳ осон қилган кишига осондир: Аллоҳга ибодат қилиб, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайсан; намозни қоим қиласан; закотни берасан; рамазон рўзасини тутасан, Байтуллоҳни ҳаж қиласан! Сўнг яна дедилар:
- Эй Муоз! Сенга яхшиликлар эшигини кўрсатайми? Рўза қалқондир, садақа сув оловни ўчиргани каби хатоларни ўчиради, кишининг кеча қоронғусида ўқиган намози... - деб ушбу оятни ўқидилар: «Уларнинг ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур. Улар Роббларига қўрқув ва умидворлик ила дуо қилурлар ва ўзларига ризқ қилиб берганимиз нарсалардан инфоқ қилурлар» (Сажда сураси, 16- оят).
Сўнгра яна дедилар:
- Эй Муоз! Сенга барча ишларнинг боши, устуни ва энг юқори чўққиси нималигини айтайми? Ишларнинг боши Ислом. Унинг устуни намоз. Юқори чўққиси эса, Аллоҳ йўлидаги жиҳоддир!
Сўнгра яна дедилар:
- Эй Муоз! Буларнинг барчасининг асосини айтайми?
- Айтинг, эй Аллоҳнинг Расули!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тилларини ушлаб:
- Мана буни тий! - дедилар.
Муоз розияллоҳу анҳу деди:
- Эй Аллоҳнинг Набийси! Биз айтаётган гапимиз туфайли ҳам тутиламизми?
Набий алайҳиссалом дедилар:
- Онанг сени йўқотсин, Муоз!
Инсонларни ёмон тиллари дўзахга юзтубан қулатмаса, бошқа нима қулатади?!
Тилнинг суяги йўқ, аммо ҳар қандай суякни синдириши мумкин. Қанча-қанча кишилар кимнингдир ҳазил тариқасида айтган қўпол гапи учун кечаси билан ухлай олмасдан, тўлғаниб чиқади. Мажлис тарқалиб кетиши мумкин, аммо айтилган гап пичоқ сингари унинг қалбида санчилган ҳолатда қолади!
Қанча-қанча қизларга келган совчилар қўшнилар айтган биргина ёмон таърифни эшитиб, жим қайтиб кетади. Аслида, у қизлар ҳасадгўй қўшниларнинг бўҳтонидан покиза эди!
Чақимчиларнинг, «бўлса, кўролмайдиган, бўлмаса, беролмайдиган» кишиларнинг дастидан қанча-қанча инсонлар ишидан, бола-чақасининг ризқидан ажралади!
Ёлғон гувоҳлик берувчи биргина сўз билан қанча-қанча мерослар тортиб олинади, одамлар ҳаққидан маҳрум қилинади. Ҳақлар ноҳақ ўзлаштирилади!
Ҳасад, кин-адоват туфайли айтилиб олов ёқилган биргина чақимчилик билан қанча-қанча дўстлар ажралиб кетишади. Дўстлик душманликка айланади. Муҳаббатга тўла қалблар оқибатда адоватга тўлади!
Гапимизга, қаламимизга ва ижтимоий тармоқлардаги ёзувларимизга, кишиларга раддиялар беришимизга назар солайлик. Аввало ўз саҳифамизни тўлдираётганимизни унутмайлик.
Ахир инсонларни дўзахга ёмон гаплар киритмаса, нима киритади?!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди