Cавол: Динимизда кимни соҳиби узр дейилади?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Соҳиби узр (узрли одам) – тўлиқ бир фарз намозининг вақтича ёки ундан кўпроқ вақт бетаҳоратлик етиб турган кишидир. Бу ҳақида “Мухтасарул-виқоя” китобида шундай дейилган: “Кимга тўлиқ бир фарз намозининг вақти истиҳоза (касаллик қони), бурундан қон келиши ёки шуларга ўхшаш таҳоратни синдирувчи нарсалар билан ўтса, ҳар бир фарз намозининг вақти учун алоҳида таҳорат қилади ва ушбу таҳорати билан ўша намоз вақтида истаганича фарз ва нафл намозларини ўқийверади. Соҳиби узрнинг таҳоратини вақтнинг чиқиши бузади, масалан қуёш чиқиши каби. Вақтнинг кириши унинг таҳоратини бузмайди, масалан завол каби” (“Таҳорат боби”).
Демак, соҳиби узрга айланиш учун тўлиқ бир фарз намозининг вақти миқдорича бетаҳоратлик давом этиши шарт бўлиб, масалан: бир кишининг бурни ёки тиши ёки бошқа жойи пешин намозининг аввалги вақтида қонашни бошласа ва пешиннинг охирги вақтига бориб тўхтаб қолса, у соҳиби узр саналмайди. Чунки бетаҳоратлик тўлиқ бир намознинг вақтини ўз ичига олмади. Аммо ушбу ҳолатда қон асрнинг вақти кирганидан кейин ҳам давом этиб, аср вақтини тўлиқ қопласа, у ҳолда мазкур одам соҳиби узрга айланади. чунки узр тўлиқ бир фарз намозини яъни асрнинг вақтини ўз ичига олди.
Бир киши соҳиби узрга айланганидан кейин, унинг узри бир фарз намозининг вақти ичида бир марта содир бўлса ҳам, соҳиби узрликдан чиқмайди. Қачонки тўлиқ бир фарз намозининг вақтида узри тўлиқ йўқ бўлса, кейин соҳиби узрликдан чиқади. Бу ҳақда “Мухтасарул-Қудурий”нинг шарҳи “Лубоб” китобида шундай баён қилинган: “Сўнг узрнинг собит бўлиши учун узр бир фарз намозининг вақтини тўлиқ ўз ичига олиши шартдир. Яъни бир фарз намозининг вақти ичида таҳорат қилиб, шу таҳорати билан гарчи фарзларни ўзига чекланиб бўлса ҳам узридан холи бўлган ҳолда намоз ўқишга қодир бўлмаса, соҳиби узрга айланади. Бу аввалда узрнинг собит бўлишининг шарти бўлиб, унинг давом этиши учун эса, бир фарз намозининг вақтида бир марта бўлса ҳам содир бўлиши кифоя қилади. Узрнинг йўқ бўлиши учун эса, мазкур узрнинг бир фарз намозининг вақтида бир марта бўлса ҳам содир бўлмаслиги шарт қилинади”.
Соҳиби узр ҳар бир фарз намоз вақти учун янги таҳорат олади ва ушбу таҳорати билан мазкур фарз намозининг вақтида истаганича намоз ўқийверади. Қачонки ушбу намознинг вақти чиқса, унинг таҳорати синган ҳисобланади ва кейинги фарз намози учун яна қайтадан таҳорат олади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
Робиъул аввал ойи мусулмонлар тақвимидаги энг муҳим ойлардан бири ҳисобланади, чунки айнан шу муборак ойда Aллоҳнинг охирги элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилганлар. Бу ойда ҳақиқий имонли киши Aллоҳдан янада кўпроқ ажру мукофот олишни ният қилиб, ибодат қилишга интилади.
Қуйидаги рўйхатда келган амалларга Aллоҳнинг ёрдами билан Робиъул аввал ойида ҳам, ундан кейинги ойларда ҳам амал қилсак Аллоҳ ва Унинг Расули яхши кўрган бандалардан бўламиз, инша Аллоҳ:
1. Ҳар куни Қуръон ўқинг ва тингланг. Аллоҳ таоло ва Унинг Расулига яқинлашишнинг энг яхши усулларидан бири – бу Аллоҳнинг Каломи – Қуръони каримни тиловат қилиш ва тинглашдир. Ҳар куни Қуръон ўқишга одатланган бандадан шайтон узоқлашади. Қуръон ўқишни бугундан бошланг. Қуръони карим Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида муҳим ўрин тутарди. Бежиз Аллоҳ таоло Ўзининг Каломини айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилмаган.
2. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини кўпроқ ўқиб, ўрганинг. Аллоҳ таолонинг элчисининг ажойиб таржимаи ҳолларини ўқиш орқали ўзингиз учун янги бўлган кўплаб маълумотлар, у зот алайҳиссаломнинг феъл -атворлари, фазилатлари ва гўзал ахлоқ-одоблари ҳақида билиб оласиз.
3. Aллоҳнинг Расулига итоат этинг. Пайғамбаримизга итоат этиш ҳаётингиздаги кўп нарсаларни ўзгартиради. Ўзингизга савол беринг: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига қанчалик амал қиляпман? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари ва кўрсатмалари бизни Аллоҳ таолонинг ҳидоятига етаклайдиган ҳадисларда баён этилган. Шундай экан, у зот алайҳиссаломнинг ҳадисларини ўқинг ва ўрганинг, улардан ҳаётингиздаги барча саволларга жавоб топинг.
4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга янада кўпроқ салавот айтинг. Aллоҳдан тинчлик ва барака ато этишини сўраб дуо қилинг. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш кўплаб ажру савобларга ноил этади ва баракаларнинг ёғилишига сабаб бўлади.
5. Яхшиликка чақиринг, ёмонликлардан қайтаринг. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилиш ва гўзал намуна бўлиш орқали сиз одамларни Исломга даъват қилишингиз мумкин. Қуръони каримда бундай дейилган: "Ҳикмат ва яхши, чиройли ваъз билан Aллоҳнинг йўлига даъват қилинг" (Наҳл сураси, 125-оят).
6. Яқин ва дўстларингизни зиёрат қилинг. Исломда оилавий ришталар ва одамлар билан яхши муносабатда бўлиш жуда муҳим. Қавм-қариндошларингизга ташриф буюринг, уларни ўз уйингизга таклиф қилинг, мазали таомлар улашинг ва ҳадялар беринг.
7. Саховатпеша бўлинг. Эҳтиёжли, уйсиз, камбағал оилаларга ёрдам қўлини узатишни унутманг. Пайғамбаримиз буни қилганларини эслаб, яхшилик қилинг.
8. Рўза тутинг. Имкон қадар рўза тутишга ҳаракат қилинг. Рўза Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар душанба ва пайшанба кунлари рўза тутардилар. Овқатланиш, ичиш ва тақиқланган нарсалардан воз кечиш сизда ҳикматнинг ортишига ва Aллоҳга янада яқин бўлишга сабаб бўлади.
9. Кўп дуо қилинг. Дуо – мўминнинг асосий қуроли, у орқали Роббиси билан гаплашади. Aллоҳдан ўзингиз ва яқинларингиз ҳаққига яхшиликлар сўраб дуо қилинг. Бутун умматга офият сўранг ва марҳумлар учун ҳам дуо қилинг.
10. Aллоҳга ва Унинг Расулига яқинроқ бўлишга интилинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлик сизни Aллоҳга яқинлаштиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлашиш банданинг нажотидир.
Даврон НУРМУҲАММАД