“Молларини Аллоҳ ризолигини истаб, самимий дилларидан чиқариб сарф қиладиган кишилар адирдаги боққа ўхшар: унга жала қуйгач, ҳосилини икки баробар етиштирар. Агар унга жала ёғмаган бўлса, томчилаб ёққан ёмғир ҳам (ўзига яраша ундирар). Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир” (Бақара сураси, ٢٦٥-оят).
Ҳар бир мусулмон ҳаёти давомида яхши амаллар, эзгу ишлар пайида бўлиши лозим. Чунки хайрли ишлар мўмин кишининг ҳаёти мазмунига айлансагина, ояти кариманинг амалдаги исботини кўради.
Ояти каримада мўмин киши васф қилинмоқда. У риё учун эмас, Аллоҳнинг розилиги учун ихлос билан садақа қилади. Унинг қалби силлиқ тошдек қотиб қолгани йўқ, балки иймон нури ила мунаввар, яхшилик умиди билан обод.
“Молларини Аллоҳ ризолигини истаб, самимий дилларидан чиқариб сарф қиладиган кишилар адирдаги боққа ўхшар”.
Тепаликдаги боғ баҳаво бўлади. “Унга жала қуйгач, ҳосилини икки баробар етиштирар”. Яъни, у ёққан ёмғирдан унумдор бўлади. Тўла ишонч билан, Аллоҳнинг розилигини тилаб қилинган садақа ҳам шундай: эгасини мўл савобга эриштиради. У боғнинг меваси кўпайиши учун доимо кучли ёмғир ёғиши шарт эмас.
“Агар унга жала ёғмаган бўлса, томчилаб ёққан ёмғир ҳам (ўзига яраша ундирар)”. Майдалаб ёққан ёмғир билан ҳам унинг меваси кўпаяверади. Шунингдек, мўмин банданинг риёсиз, миннатсиз ва озорсиз, ихлос билан қилган нафақаси оз бўлса ҳам, кўп ажр-савобга сабаб бўлаверади.
“Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир”.
Ким нима қиляпти, садақани қандай беряпти, ким Аллоҳнинг розилигини истаяпти – ҳамма-ҳаммасини Аллоҳ кўриб туради.
Хайр ва ҳасанотни мўл қилиш, сахий бўлиш лозим. Аллоҳ хайр қилувчи, сахий қулларини севади.
“Бир дона хурмо билан бўлса ҳам, фақирга икром этган кишига ўша хурмо донаси беш нарсани муждалайди:
1) мен бир дона эдим, мени кўпайтирдинг; .
2) кичик нарса эдим, улғайтирдинг; .
3) мен душман эдим, сен дўст айладинг;
4) мен ейилиб йўқ қилинардим, мени абадийлаштирдинг; .
5) ҳозиргача сен мени сақлашга ҳаракат этардинг, бундан буён мен сенинг сақланишингга сабаб бўламан”.
Аллоҳ таоло барчамизнинг садақа, эҳсонларимизни бериё, бенуқсон қабул айлаб, савобларини кўпайтириб берсин.
Зайниддин ҒИЁСИДДИНОВ,
Олтинкўл тумани “Маслаҳат” жоме
масжиди имом-хатиби
Дунё мусулмонлари ҳаётига оид энг ишончли ва холис маълумотлар эълон қилувчи таниқли “Islamonweb” порталида Малайзия халқаро ислом университети профессори Шукран Абдулраҳмон ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Шаҳзод Исломовнинг “Илм – миллий тараққиёт ва глобал тинчликнинг мустаҳкам пойдевори” мавзусидаги мақоласи эълон қилинди.
Мақолада таъкидланганидек, бой илмий-маънавий асосга эга Янги Ўзбекистонда сўнгги йилларда халқаро илмий ҳамжамият эътиборини ўзига тортган муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон миллий қадриятлар, тарихий тажриба ва замонавий билимларни уйғунлаштириш орқали барқарор тараққиётга интилмоқда. Бу юртдаги барча ижобий ўзгаришлар халқ эҳтиёжи ва орзу-истакларига асосланиб, бағрикенглик, тараққиёт ва маърифат тамойилларига содиқ қолган ҳолда олиб борилмоқда.
Мақолада ёзилишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ғояси асосида ташкил этилган Халқаро исломшунослик академияси, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасаси қисқа вақт ичида улкан илмий лойиҳаларни амалга ошириб, Ўзбекистоннинг илм-маърифат маркази сифатидаги халқаро имижини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Н.Усмонова,
ЎзА мухбири