Миср ҳукумати Ўрта Ер денгизи соҳилида йирик курорт маскан барпо қилиш учун БAAдан кўп миллиард долларлик сармоя жалб қилмоқчи. “РИA Новости”нинг Россия Туроператорлари ассоциациясига таяниб хабар беришича, Шимолий қирғоқ минтақасини ривожлантириш режасига киритилган лойиҳа Миср ҳукумати ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорлик доирасида амалга оширилмоқда.
БAA консорциуми лойиҳага камида 22 миллиард доллар миқдоридаги сармоя киритмоқчи. Россия Туроператорлари ассоциацияси (AТОР) экспертларининг таъкидлашича, Миср ўзининг йирик ташқи қарзларини тўлаш учун ташқи молиялаштиришга жуда муҳтож, бу эса ҳукуматни давлат активларини сотиш ва хусусий сармояларни рағбатлантиришга мажбур қилади.
Инфратузилмаси бўйича Қизил денгиз Шарм аш-Шайхга тенг келадиган курорт яратиш учун беш йил керак бўлади. “Рас ал-Ҳикма” шаҳри Мисрнинг Шимолий (Ўрта ер денгизи) соҳилида жойлашган Марса Матруҳ вилоятига тегишли. У Искандария ва Марса Матруҳ ўртасида халқаро аэропортдан 87 километр узоқликда жойлашган.
Маҳаллий қирғоқ чизиғи юмшоқ ва оқ қуми ва денгизга қулай кириши билан машҳур. Ушбу ҳудудда кенг кўламли курорт яратиш режалари 1975 йилда эълон қилинган, аммо бу лойиҳа ҳеч қачон амалга оширилмаган. Шимоли-ғарбий соҳилда, хусусан,” Рас ал-Ҳикма”да кичик сайёҳлик қишлоқлари ва шаҳарчалари пайдо бўлди, уларга иссиқ ҳавода Қоҳира ва Искандария аҳолиси келишади.
Миср ОAВ маълумотларига кўра, ўтган ёзда бу ҳудудда кўчмас мулкни сотиб олиш ва ижарага олишга бўлган талаб ўтган йилга нисбатан тўрт баробар ошди. Миср кўчмас мулк агентликлари “Рас ал-Ҳикма”ни шимолий қирғоқдаги энг яхши дам олиш маскани сифатида белгилайди (“Islam-today”).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Бировнинг телефони ва ундаги маълумотларни рухсатсиз кўриш мумкинми? Чунки баъзан автобус, метро каби оммавий транспорт воситаларида айрим шахсларнинг шундай ишлар қилаётганига гувоҳ бўлиб қоламиз?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бировнинг телефонидан унинг рухсатисиз фойдаланиш ёки ундаги маълумотларни ўқиш шаръан тўғри эмас. Бу бировнинг уйига рухсатсиз мўралаш, хатига рухсатсиз қараш кабидир. Зеро, бу ишлар Қуръон ва ҳадисларда ман этилган.
Аммо агар мураббий (ота, устоз ва ҳоказо) қўл остида тарбияланаётган шахснинг тўғри йўлдан оғишидан шубҳа қилса, у ҳолда тарбия мақсадида ўз қўл остидаги шахснинг телефонини текширишига рухсат берилади. Балки улар вақти-вақти билан болалар ва уларга тегишли нарсаларни назорат қилиб туришлари керак, токи улар тўғри йўлдан оғмасинлар. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази