Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов бошчилигида бир гуруҳ ходимлар тизимда узоқ йиллар давомида ишлаган фахрий устозлар ва илм-маърифат йўлига умрини бағишлаган аҳли илмларни йўқлаб боришди.
Жумладан, шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари, Раҳматуллоҳ қори Обидов, Жалолиддин ҳожи Нуриддинов, Аҳмаджон домла Бобомуродзода, Абдулҳаким қори Матқулов каби фазилатли устозлар дийдорига мушарраф бўлинди.
Ташрифлар давомида устозларнинг фойдали суҳбат ва насиҳатлари тингланди. Устозларнинг жамият ҳаётидаги ўрни, ёшлар тарбияси ва маънавий-маърифий соҳа ривожига қўшган ҳиссалари эътироф этилди. Уларга эсдалик ҳадялар тақдим этилди.
Фахрий устозлар бундай эътибор ва эҳтиромдан мамнун бўлганларини билдириб, юртимиз, юртбошимиз, муфтий ҳазратлари ва бошқалар ҳақларига дуолар қилишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Ўзбекистон–Озарбайжон саммитининг иккинчи куни тадбирларида иштирок этиш учун Бухоро шаҳрига келди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, ташриф хайрли амалдан – Баҳоуддин Нақшбанд мақбараси зиёратидан бошланди. Қуръон оятлари тиловат қилиниб, халқимизга тинчлик-фаровонлик тилаб, дуо ўқилди.
Мажмуа ислом оламининг улуғ қадамжоларидан бири ҳисобланади. Мазкур зиёратгоҳ Нақшбандия тариқатининг асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд дафн этилган жойда барпо этилган бўлиб, бугунги кунда мақбара, хонақоҳ, масжидлар, дахма ва сўфийлик тарихи музейини ўз ичига олади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати