frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига

01.10.2025   19359   6 min.
Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига

Қадрли дўстлар!

Сиз, азизларни, ҳаётини дунёдаги энг улуғ ва олижаноб ишга – навқирон авлод таълим-тарбиясига бағишлаган муҳтарам устоз ва мураббийлар, соҳанинг барча жонкуяр ходимларини умумхалқ байрами – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий муборакбод этаман.

Мана шундай қувончли кунда сиз, меҳрибон устозларга эл-юртимизнинг юксак ҳурмат-эҳтиромини яна бир бор изҳор этиб, барчангизга Янги Ўзбекистон келажагини яратиш йўлидаги машаққатли ва шарафли меҳнатингиз учун чин қалбдан ташаккур билдираман.

Ҳурматли устоз ва мураббийлар!

Яқинда сизлар билан бўлиб ўтган очиқ, айтиш мумкинки, тарихий мулоқотимизда таълим-тарбия тизимидаги ишларимизни чуқур таҳлил қилиб, уларни янги босқичга кўтариш бўйича аниқ мақсад ва режаларни белгилаб олдик.

Куни кеча Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида таълим соҳасидаги ислоҳотларимиз натижалари жаҳон ҳамжамиятида катта эътибор ва қизиқиш уйғотди. Бу борада биз эришган ютуқлар халқаро аҳамиятга эга бўлган янги ташаббусларни илгари суриш учун асос бўлди.

Хусусан, кейинги саккиз йилда юртимизда таълим ва илм-фан учун харажатлар 6 карра оширилиб, 378 триллион сўмни ташкил этгани, юзлаб янги боғчалар, мактаб, техникум ва олийгоҳлар қурилгани, таълим ва илм даргоҳларини замон талаблари асосида жиҳозлаш, устоз ва мураббийларнинг меҳнатини муносиб қадрлашга қаратилган дастурларимиз алоҳида эътироф этилди.

Бу ҳақда гапирганда, мамлакатимизда қисқа муддатда боғчалар сонини 5200 дан 38 мингтага, қамров даражасини 27 фоиздан 78 фоизга оширганимиз, тарбиячилар маоши мактаб ўқитувчилари ойлигига тенглаштирилгани, ушбу муассасалардаги раҳбар ва педагоглар маоши қарийб 2 баробар оширилганини таъкидлаш лозим.

Келгуси йилдан Қорақалпоғистон ва барча вилоятларда Президент мактаблари каби “Янги авлод” боғчалари ташкил этилиб, уларда тарбиячилар илғор педагогик технологияларни ўрганади.

Фарзандларимизга билим ва тарбия беришнинг энг муҳим босқичи – мактаб таълимини ривожлантириш доимий эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда. Сўнгги йилларда 500 га яқин янги мактаблар барпо этилиб, мавжудлари кенгайтирилгани ҳисобидан 1 миллион ўқувчи ўрни яратилди. Хусусий мактабларга йўл очилиши туфайли ота-оналар ва ўқувчилар учун танлаш имконияти пайдо бўлди. Бугунги кунда 200 мингдан зиёд ўғил-қизларимиз ана шундай мактабларда ўқимоқда.

Янги ўқув йилидан 12 йиллик мактаб таълими ҳамда 9- ва 11-синф ўқувчилари учун ягона давлат имтиҳонлари жорий қилиниб, уларнинг натижалари бўйича битирувчилар бевосита техникум ва олийгоҳларга кира оладиган тартиб йўлга қўйилади.

Ҳаммамизга аёнки, келажак – замонавий билим билан қуролланган касб-ҳунар эгалариникидир. Биз бу ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим. Шу боис ёшларимизни давр билан ҳамнафас бўлиб, ҳар қандай рақобатга бардош бера оладиган етук мутахассислар этиб тарбиялашимиз керак.

Шу мақсадда ташкил этилаётган Касбий таълим агентлигидан умидимиз катта. Ушбу агентлик касб таълими соҳасига, мавжуд техникумларга халқаро стандартлар асосида янги ҳаёт нафасини олиб кириши зарур.

Бир йил ичида 100 та техникумда Германия, Буюк Британия, Швейцария, Хитой, Корея Республикаси каби ривожланган мамлакатларнинг таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, уларнинг илғор ўқув дастурлари жорий этилади. Жумладан, Англиянинг “Пирсон” компанияси билан ҳудудлардаги 14 та техникумда “БИТЕК” халқаро дастури орқали ёшлар туризм, ахборот технологиялари, тиббиёт, қурилиш, логистика, электротехника, энергетика, машинасозлик, биотехнология, креатив иқтисодиёт каби йўналишларда талаб юқори бўлган касбларни эгаллайди.

Мамлакатимизда дуал таълим билан қамров 5 баробар оширилади. Айни пайтда янги технологияларни ўзлаштириш, чет эллик инвестор ва ҳамкорлар билан эркин мулоқот қилиш учун техникумлардаги хорижий тил соатлари тўрт карра кўпайтирилади.

Умуман, келгуси йилдан янги, рақамли очиқ платформа ишга туширилиб, унда техникум битирувчиларининг касбий кўникмалари ҳақидаги маълумотлар маҳаллий ва хорижий иш берувчилар учун эълон қилинади.

Шу билан бирга, умумий ўрта таълим муассасаларида мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий этилиб, улар 7-синфдан бошлаб ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш билан шуғулланади.

Барчангизга маълумки, биз кейинги йилларда олий таълим масаласига устувор аҳамият қаратмоқдамиз. Амалга оширилган ислоҳотларимиз натижасида ўтган саккиз йил ичида олийгоҳларимиз сони 77 тадан 202 тага, талабалар сони эса 250 мингдан 1,5 миллионга етди. Ёшлар учун олийгоҳларга киришда танлов имконияти кўпайтирилди. Мазкур таълим муассасаларида дарс берадиган ўқитувчиларнинг ойлиги сезиларли даражада оширилди.

Фаннинг муайян соҳасида тадқиқотлар олиб бориб, аниқ натижага эришаётган олимларимизнинг асосий қисмини профессор-ўқитувчилар ташкил этаётгани айниқса эътиборлидир.

Қадрли дўстлар!

Биз ўқитувчи ва устозлик касбининг мақоми ва нуфузини оширишга ҳал қилувчи масала сифатида қарамоқдамиз. Шу боис соҳа ходимларининг меҳнат ва яшаш шароитини яхшилаш ислоҳотларимизнинг энг устувор йўналиши бўлиб қолади. Жумладан, янги йилдан бошлаб камида 15 йил стажга эга бўлган олий тоифали педагогларга ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб берилади.

Келгуси ўқув йилида давлат олийгоҳларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг контракт суммасига 30 фоиз чегирма жорий этилиши мўлжалланмоқда. Ўқитувчиларнинг замонавий компьютер техникаларини харид қилишлари учун 10 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратилади. Янги йилдан соҳа ходимлари учун давлат хизматлари тўлови икки карра камайтирилади. Дунёдаги ТОП-300 талик олийгоҳларга ўқишга кирган бўлғуси педагогларга 20 минг долларгача имтиёзли таълим кредити ажратилади.

Мухтасар айтганда, ўқитувчи ва мураббийлик касбини жамиятимиздаги энг муҳим ва обрўли касбга айлантириш бўйича бошлаган ишларимиз изчил давом эттирилади.

Муҳтарам устозлар, азиз мураббийлар!

Юртимиз тарихидаги икки буюк Ренессансни яратган улуғ мутафаккир ва алломаларни ҳам ўз вақтида сиз каби ўқитувчи ва муаллимлар тарбиялаб вояга етказган. Бу эзгу анъаналарнинг давомчилари сифатида сиз, азизлар ҳам бугун жонажон Ватанимизда барпо этилаётган Учинчи Ренессанс бунёдкорларини камол топтиришга муносиб ҳисса қўшасизлар, деб ишонаман.

Ана шундай олижаноб мақсад йўлида сизларга мустаҳкам соғлиқ, куч-ғайрат, янги ютуқлар ва оилавий бахт тилайман.

Барчангизга ҳамиша эл-юртимиз, шогирдларингизнинг ҳурмат ва ардоғида бўлиш насиб этсин!

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Тарихни бузиб кўрсатмаслик учун

15.09.2026   125   2 min.
Тарихни бузиб кўрсатмаслик учун

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида "Ислом маърифати, ҳадис илми ва Имом Бухорий мероси" ўқув курси ўтказилди. Мутахассислар томонидан ёдгорлик мажмуаси гид-экскурсоводлари учун ўтказилган машғулотлар доирасида экскурсия фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, назарий ва амалий масалалар кўриб чиқилди, хабар бермоқда “Самаркандский вестник” нашри.

- Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир зиёратчи фақат ибодат қилиш учун эмас, балки маънавий "озиқ" олиш учун ҳам бориши керак, - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. - Бу ерда фаолият юритаётган гидларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўяр эканмиз, уларга Имом Бухорийнинг бизга қолдирган меросини, бу мероснинг тарихий манбаларини чуқур ўргатишимиз шарт.

Курс доирасида мажмуага биринчи марта ташриф буюрган меҳмонлар билан мулоқотнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди. Хорижлик зиёратчиларга нафақат Имом ал-Бухорий ҳаётидаги фактлар ва диний қадриятларимизни етказиш, балки бой маданий меросимизни асраб-авайлаш ва етказиш каби долзарб масалалар кўтарилди.

Гид-экскурсоводлар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, келгусидаги ишларни ташкил этиш бўйича таклифлар бердилар. Бу бевосита экскурсияларни ўтказиш пайтида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилиш имконини берди.

Курс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Диний таълим соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини сақлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш департаменти томонидан ташкил этилди.

Тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар туризм салоҳиятининг муҳим қисми бўлган Самарқанд вилояти учун малакали мутахассисларни тайёрлаш алоҳида аҳамиятга эга. Меҳмонга ташриф буюриладиган жойнинг тарихи қанчалик тўлиқ ва тушунарли очиб берилиши гиднинг профессионаллигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам гид-экскурсоводларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш Самарқандда туризм хизматлари сифатини оширишда устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари