Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Халил Саййид бўйра тўқиб, сотиш билан шуғулланар эди. Унинг одати шу эдики, бирор масжид ёки намозгоҳни бўйрасиз кўрса, дарҳол унга янги бўйра тўқиб, тўшаб берар эди. У вақтларда масжид ва хонадонларга палос ва гиламлар остидан бўйра солинар эди. Бир куни Халил Саййид ажойиб туш кўради. Тушида унинг умуртқа суяги осилиб турган катта бир бош узум шаклига кириб қолганини, одамлар гуруҳ-гуруҳ, жамоат-жамоат бўлиб келиб, ўша бир бош узумдан есалар ҳам тугамаганини кўради. Бу туш бир неча маротаба такрорлангач, катта устозлардан бирини олдига бориб, кўрган тушини айтиб беради. Шунда устоз ундан «Фарзандинг борми?» деб сўрайди. У «Икки яшар ўғлим бор, Маҳмуд» деб жавоб берди. Устоз «Уни Азҳари шарифга ўқишга юбор, шаръий илмларни ўргансин, келажакда унинг шони ва манфаати буюк бўлади» деб тайинлайди. У ўғлини Азҳарга ўқишга юборади.
Маҳмуд Қуръони Каримни саккиз ёшида ёд олди, кейинчалик эса инсоният тарихида биринчи бўлиб Қуръони Каримни ўқиб, магнит тасмасига ёздирган қори бўлди. Маҳмуд бу иш учун ҳақ олишдан бош тортди. Ана шу буюк ихлоси туфайли Аллоҳ таоло уни бутун дунёда мақбул бўлиш шарафи билан мукофотлади.
Бу ўша машҳур Маҳмуд Халил Ҳусорий эди.
Маҳмуд Халил Ҳусорийга кўп ишларда биринчи бўлиш насиб бўлди.
1961 йили биринчи бўлиб Қуръони Каримни Ҳафснинг Осимдан қилган ривояти асосида магнит тасмасига тартил билан ўқиб ёздирди;
1964 йили биринчи бўлиб Қуръони Каримни Варшнинг Нофеъдан қилган ривояти асосида магнит тасмасига тартил билан ўқиб ёздирди;
1968 йили биринчи бўлиб Қуръони Каримнинг Қолун ва Даврийнинг Абу Амр Басрийдан қилган ривояти асосида магнит тасмасига тартил билан ўқиб ёздирди;
1969 йили биринчи бўлиб Қуръони Каримни ўргатувчи «Ал-Қуръон ал-Муаллим» дарсларини тасмага туширди;
1975 йили тафсирли мусҳаф асосидаги қироатни тасмага ёздирди;
1977 йили Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош қароргоҳида Қуръони Каримни тиловат қилган ва пешин намозига ўша минбардан туриб азони Муҳаммадийни айтган биринчи мусулмон бўлди;
1978 йили Лондондаги Англия қиролининг қасрида илк маротаба Қуръони Каримни тиловат қилди;
Оқ уй ва АҚШ Конгрессида ҳам биринчи бўлиб Қуръони Каримни тиловат қилди;
Маҳмуд Халил Ҳусорий 1980 йил 24 ноябрь куни, хуфтон намозидан кейин Аллоҳнинг ҳузурига риҳлат қилди. У умрининг эллик беш йилдан кўпроғини Аллоҳнинг Китоби хизматига бахшида этган эди.
Биз – барча мусулмонлар ҳалигача ўша бўйрачи Халил Саййиднинг "бир бош узуми"дан баҳраманд бўлиб келмоқдамиз. Иншааллоҳ, бу меванинг фойда ва самараси қиёматга қадар тўхтамайди. Бу – Аллоҳ азза ва жалла солиҳ амални ҳеч вақт зое қилмаслигига ёрқин далилдир.
Оддий бир Хусорий – бўйрачи отанинг Аллоҳ йўлида қилган кичик бир холис амали туфайли фарзандининг овози то қиёматгача Қуръон билан боқий қолди. Бўйрачи маъносини билдирувчи Хусорий лақаби ҳам ўғлининг исми билан то қиёматгача бардавом қолди.
Аллоҳ розилиги учун қилинган кичик бир амални ҳам асло паст санаманг. Зеро, амалларга уларнинг катта-кичиклигига қараб эмас, балки ниятларга кўра натижа берилади!
Ё Аллоҳ! Барчамизнинг амалларимизни холис Ўзингни розилигинг учун бўлишига тавфиқ ва қувват бергин! Зурриётларимиздан то қиёматгача инсониятга манфаат етказадиган солиҳ ва солиҳаларни чиқаргин!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча мусулмонларнинг ҳаққига дуо қилганлар. У зот биз ҳақимизда ўзимиздан кўра кўпроқ қайғурганлар ва бизни ўзимиздан ҳам кўпроқ севганлар. Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам алоҳида дуо қилган мўминлар тоифаси бор. Улар кимлар ва нима учун уларнинг ҳаққига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам 3 марта дуо қилганлар?
Жавоб:
عَنِ الْعِرْبَاضِ بْنِ سَارِيَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم كَانَ يُصَلِّي عَلَى الصَّفِّ الْأَوَّلِ ثَلَاثًا وَعَلَى الثَّانِي وَاحِدَةً. )رَوَاهُ النَّسَائِيُّ.(
Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи сафга уч марта, иккинчи сафга бир марта салавот айтар эдилар” (Имом Насоий ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг салавот айтишлари бу – дуо қилишлари. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи сафдагиларнинг ҳаққига 3 бора, иккинчи сафдагиларни эса 1 марта дуо қилганлар.
عَنِ الْبَرَاءِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: إِنَّ اللهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى الَّذِينَ يَصِلُونَ الصُّفُوفَ الْأُوَلَ، وَمَا مِنْ خَطْوَةٍ أَحَبَّ إِلَى اللهِ مِنْ خُطْوَةٍ يَمْشِيهَا الْعَبْدُ يَصِلُ بِهَا صَفًّا .)رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.(
Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари биринчи сафларни тўлдирувчиларга салавот айтадилар. Аллоҳ таоло учун банданинг сафни тўлдириш учун босган қадамидан кўра маҳбуброқ қадам йўқдир”, дедилар (Абу Довуд, Насоий ривояти).
Аллоҳ таолонинг салавоти бу – раҳмат, фаришталарники эса, истиғфордир. Қолаверса, биринчи сафни тўлдириш учун ташланган қадамлар – Аллоҳга энг севимли қадам саналади. Биринчи сафга бундан ортиқ тарғиб бўлмаса керак.
Демак, биринчи ёки иккинчи сафда бўлишга ҳаракат қилиш лозим экан.
Даврон НУРМУҲАММАД