Шу йилнинг 6-7 октябрь кунлари Андижон вилоятида имом-хатиблар фаолияти самарадорлигини оширишга бағишланган илмий-амалий семинар ташкил этилади. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигида Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар бош имом-хатиблари иштирок этади.
Семинарда ўзаро тажриба алмашиш, тарғибот ишларини олиб бориш, имом-хатиблар касб-маҳоратини ошириш, аҳоли билан мулоқот қилиш, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжларини таъминлаш ҳамда хайрия тадбирларини амалга оширишдаги замонавий услуб ва ёндашувлар билан ўртоқлашилади.
Иштирокчиларга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакиллиги фаолияти, янгича иш юритиш тартиби, таъсирчан тарғибот тадбирлари, рақамли молия-хўжалик фаолияти, сифатли медиа контент тайёрлаш ва фуқаролар мурожаати билан ишлашдаги илғор тажрибалари тақдимот қилинади.
Семинар қатнашчилари вилоятдаги “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом таълим муассасаси фаолияти, замонавий таълим-тарбия усуллари ва ўқув-методик жараёнлари билан атрофлича танишиб, талабалар билан дилдан мулоқот қиладилар.
Тадбирлар давомида бош имом-хатиблар ўзларига бириктирилган Андижон вилоятининг туман-шаҳарларида кенг аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказадилар. Шунингдек, ушбу ҳудудлардаги масжидлар ҳолати ва имом-хатиблар фаолиятини ривожлантириш юзасидан тавсиялар берадилар.
Семинарнинг иккинчи кунида саховат, мурувват ва меҳрибонлик уйлари, зиёратгоҳлар ва охирги йилларда қайта қурилган масжидларга ҳам зиёратлар уюштирилади.
Тадбирлар якунида тўпланган билим ва кўникмалар, янгича иш услублари ва эришилган натижалар муҳокама қилиниб, илғор тажрибалар кенг оммалаштирилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази бош илмий ходими, доцент Азалшоҳ Ҳамроев ҳаммуаллифлигида «Бухоро: шарафли ўтмишдан буюк истиқбол сари» номли салмоқли китоб-альбом чоп этилди.
Туркиянинг Истанбул шаҳридаги нуфузли «Mega basim» нашриётида юқори полиграфик сифатда чоп этилган ушбу 384 бетлик асар ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланган.
Китоб-альбомда Ислом цивилизацияси бешикларидан бири бўлган кўҳна Бухорои Шарифнинг уч минг йиллик шонли тарихи, бой маънавий-маданий мероси, шунингдек, буюк алломалар юртидаги муқаддас қадамжоларнинг ўрни алоҳида эътироф этилган.
Шу билан бирга, нашрда Янги Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ижобий ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари ва ижтимоий тараққиёт юқори сифатли суратлар, аниқ маълумотлар ҳамда илмий асосланган матнлар орқали очиб берилган.
Мазкур нашр нафақат тарихий ва маърифий меросни ўрганишда қимматли манба, балки юртимиздаги тинчлик-осойишталик, тараққиёт ва маънавий юксалишнинг ёрқин кўзгуси бўлиб хизмат қилади.
Янги китоб-альбом маърифатпарвар халқимиз ва китобхонларга муборак бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати