Тошкент ислом институтида “Февраль – Қуръон қироати ва илмлари фан ойлиги” деб эълон қилинган. Шу муносабат билан Таҳфизул Қуръон кафедраси томонидан Олий маъҳад талаба қизлари ўртасида “Қуръон мусобақаси – 2024” кўрик-танлови ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, ТИИ ректори, профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов, Таҳфизул Қуръон кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов, Ўқув ишлари бўйича проректор Ёқуб домла Бухарбаев, Илмий ишлар ва фан бўйича проректори Соатмурод Примов қатнашдилар.
Тадбир икки йўналишда ҳифз ва тиловат йўналишида ўтказилди.
Мусобақада қорияларни Таҳфизул Қуръон кафедраси қори устозлари баҳолаб борди:
Валихон қори Азимбоев, Содиқжон қори Қурбонов, Жаҳонгир қори Рўзиев, Исломхон қори Убайдуллаев.
Мусобақа якунига кўра қуйидаги натижалар қайд этилди:
Ҳифз йўналиши бўйича:
1-ўрин: 2-курс талабаси Валихонова Оминахон;
2-ўрин: 1-курс талабаси Юсуфий Руқаййа;
3-ўрин: 1-курс талабаси Музаффархонова Робия.
Тиловат йўналиши бўйича:
1-ўрин: 4-курс талабаси Икромова Моҳинур;
2-ўрин: 2-курс талабаси Йигиталиева Эъзоза;
3-ўрин: 4-курс талабаси Комилова Малоҳат.
Ғолиба қория қизларга қимматбаҳо ва эсдалик совғалари мукофот сифатида топширилди.
ТИИ Таҳфизул Қуръон кафедраси
ўқитувчиси Зафар қори Маҳмудов
Мадинаи Мунаввара – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилган, Қуръони каримнинг бир қанча оятлари нозил бўлган, саҳобалар юрган, Пайғамбаримизнинг муборак таналарини ўз бағрига олган, улуғ саҳобаи киромлар дафн этилган, Маккадан кейинги энг фазилатли шаҳар.
Мадина – Аллоҳ таоло мадҳ этган шаҳар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Албатта, Аллоҳ таоло Мадинани Тоба деб номлаган”.
“Тоба” – “покиза”, “озода”, “хушрўй” каби маъноларни англатади.
Мадина – йўллари фаришталарга тўла, унинг эшикларини фаришталар қўриқлайдиган шаҳар.
Шу сабаб, бу муборак нурли шаҳарга вабо ҳам, Дажжол ҳам кира олмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мадинанинг йўлларида фаришталар бор. Унга ўлат ҳам, Дажжол ҳам кира олмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар: “Мадинага Масиҳ Дажжолнинг қўрқинчи кирмайди. Ўша кунда унинг етти эшиги бўлиб, ҳар эшикда иккитадан фаришта туради” (Имом Бухорий ривояти).
Мадина – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши кўрган, унга ошиққан шаҳар. Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сафардан келиб, Мадинага назарлари тушса, уловларини тезлатар ва агар бирор уловда бўлсалар, унга муҳаббатларидан ҳалиги уловни қистар эдилар” (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
Мадина – Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳаққига кўп дуолар қилган шаҳар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим! Мадинада Маккага берган баракангдан икки ҳисса кўп қилгин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу муборак шаҳарнинг ҳаққига яна бундай дуо қилганлар: “Аллоҳим! Бизга худди Маккага бўлган муҳаббатимиз каби ёки ундан ҳам кучлироқ қилиб Мадинани севимли қилгин” (Имом Бухорий ривояти).
Бундан ташқари Мадинаи шарифда Набий алайҳиссаломнинг масжидлари, муборак Бақиъ қабристони, Ислом тарихида илк қурилган Қубо масжиди, Қиблатайн масжиди, Уҳуд тоғи кабилар ҳам бор.
Даврон НУРМУҲАММАД