Кеча, 7 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирокида имом-хатиблар фаолияти самарадорлигини оширишга бағишланган илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Қуръони карим тиловати билан бошланган тадбирда дастлаб Муфтий ҳазратлари нутқ сўзлаб, ушбу кенг қамровли тадбирларнинг аҳамияти, моҳияти, унда эришилган ютуқлар, натижалар, тажриба алмашинувларнинг дин пешволари учун тарихий ва жуда фойдали бўлишини эътироф этдилар.
Икки кунлик тадбирлар давомида касб маҳоратини ошириш, аҳоли билан мулоқот қилиш, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш ҳамда хайрия ёрдамлари уюштиришдаги уюшқоқлик, юзма-юз мулоқотлар орқали ўзаро бирдамлик муҳити янада мустаҳкамланиши айтиб ўтилди.
Вилоятнинг 16 та шаҳар ва туманидаги 182 та масжидда бўлингани, жамоатга суҳбат қилиш, масжидни бошқариш ва тарғибот тадбирлари, айниқса, мусулмонларнинг руҳий-маънавий эҳтиёжини қондириш бўйича маҳаллий имом-хатибларга кўрсатилган йўл-йўриқлар тез орада ўзининг ижобий натижасини кўрсатишига умид билдирилди.
Иштирокчиларга уларнинг ўрганишлар давомида тўплаган билим ва кўникмалари, иш услублари ва илғор тажрибаларини кенг оммалаштиришга доир тавсиялар бериб ўтилди.
Йиғилиш давомида ҳар бир бош имом-хатиб ўз ҳудуди масжидларида ҳужжат юритиш, имом-хатиблар фаолияти, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари, аҳоли вакиллари билан учрашувлар, суҳбатлар ва амалий кўмаклар бўйича амалга оширилган ишлари ҳисоботини берди.
Семинар якунида илмий-амалий семинар давомида тўпланган тажриба ва натижаларни тизимда кенг оммалаштириш бўйича хулосалар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан 852 нафар жазо ўтаётган шахсни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Афв этилганлар орасида 7 нафар хориж фуқароси, 375 нафар ёшлар, 49 нафар аёл ва 60 ёшдан ошган 37 нафар эркак бор, хабар бермоқда Batafsil.uz.
Афв этилган 852 нафар шахсдан 604 нафари жазони тўлиқ ўташдан озод қилинади. Яна 115 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод этилади.
52 нафар маҳкумга тайинланган жазо енгилроқ жазо турига алмаштирилади. 81 нафар шахснинг озодликдан маҳрум қилиш жазоси муддати эса қисқартирилади.
Афв этилганлар орасида тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этган 63 нафар шахс ҳам бор.
Президент фармонида афв этишга асос сифатида маҳкумларнинг қилмишига пушаймонлиги ва тузалиш йўлига қатъий ўтгани кўрсатилган.
"Ўзбекистон 24" телеканали маълумотига кўра, Шавкат Мирзиёев 2017 йилдан буён 31 та афв этиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолаган. Ушбу ҳужжатлар жами 10 567 нафар жазо ўтаётган шахсни қамраб олган.
Хусусан, Президент Наврўз ва Рамазон ҳайити арафасида ҳам 392 нафар маҳкумни афв этганди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати