Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Январ, 2025   |   10 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:35
Bismillah
10 Январ, 2025, 10 Ражаб, 1446

Ватанга муҳаббат

19.02.2024   1080   4 min.
Ватанга муҳаббат

Бугун ХХI-асрда замон шиддат билан ўзгариб бормоқда баъзи инсонлар наздида Ватанни мадҳ этиш уни севиб ардоқлаш ўрнига "Ватанга муҳаббат", "ватанпарварлик" каби тушунчалар етишмаслиги оқлаб бўлмас ҳолатдир. Ваҳоланки бу тушунчалар етмагандек яна у ҳақида салбий фикрлар мавжудлиги унданда аянчлидир.

Бу каби тушунчалар пайдо бўлишига сабаб нима?

-Балки бугунги даврда ватан ҳақида етарли тушунчаларнинг етишмаслигидир?
- Ё Ҳалқимиз орасида ҳеч қандай далилга эга бўлмаган иғволар тарқатиб, Ватанига, халқига, оиласига хиёнат қилаётганларнинг таъсиридандир ?
Бундай ишларнинг сабаби ватанпарлик муҳаббатини уйғотиб бера оладиган таъсирнинг камлигидир балким?

Аллоҳ таолодан муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг "Исломда Ватан тушунчаси" китоби бундай бўшлиқни тўлдиришини сўраган холда сўзимизни давом эттирамиз.

Ватан мавзуси китобларга сиғмас, тугаммас мавзудир аслида, биз ватан тушунчаси унга муҳаббат таърифини оз бўлсада изоҳлашга уринамиз.

-Ватан нима?
- Бир жамоа инсонлар унинг фуқаролигини олиб, ҳоҳ у ерда туғилган ёки туғилмаган бўлсин, унга мансуб бўлиб, мустақил, жамоавий тарзда яшайдиган жой "Ватан" деб айтилади.

- Ватанпарварлик (ватанга муҳаббат) маълум ва машҳур тамойил бўлиб, у инсоннинг ўз Ватанига муҳаббатини, уни асраб-авайлашга бўлган иштиёқини англатувчи ахлоқий тушунчадир. Бир нарсани хисобга олиш керакки ватанга муҳаббат қуруқ гаплар-у оғиз кўпиртиришлар билан вужудга келадиган туйғу ҳам эмас балки у қалбда яшаб амалда намоён болади .

Бу борада имом Ғаззолий роҳимаҳуллоҳнинг Ватан тушунчаси ҳақидаги фикрлари ила сўзимни давом эттирсам.

Ҳужжатул ислом Шайх Муҳаммад Газзолий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар: "Башарият оз ерини ундаги нарсалари билан, гарчи у ҳеч ким яшамайдиган чол болса ҳам яхши кораверади. Ватанни севиш юракка сингиб кетган, инсонни унда болганида хотиржам, йироқ кетганида талпинадиган, ҳужум қилинганида асрайдиган ва камситилганида газабланадиган қилиб қоювчи туйгудир"

- Аллоҳ таоло бандалари қалбига ватанга бўлган муҳаббатни жо қилган.

"Агар Биз уларга озларингизни олдиринг ёки озингизни диёрларингиздан чиқаринг, деб фарз қилганимизда..." (Нисо сураси, 66-оят.)

Имом Фахриддин Розий раҳматуллоҳи алайҳ озининг "Ат-тафсир ал-кабир" китоби оят тафсирида: "Аллоҳ таоло Ватандан айрилишни инсон озини ози олдиришига тенглаштирмоқда", деган.Аллоҳ таоло бу билан фаразан: "Мен уларга жуда қийин икки ишни бажаришни фарз қилганимда, итоат этмаган болардилар", демоқда. Жуда қийин икки иш: жонни олдириш ва Ватандан айрилиш. Тарозининг бир палласида жонни олдириш огирлиги турса, кейинги палласида унга баробар Ватандан айрилиқ турар экан.

Оқил инсонлар фикрича, Ватандан айрилиш жуда қийин, унинг алами жонни олдириш аламига тенг келадиган ишдир. Бу эса Ватанга богланиш ва унга муҳаббат қойиш қалбга чуқур орнашган иш эканини корсатади.

-Ватанга муҳаббат набавий суннатдир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага қараб:

"Эй Макка! Сен қандай гозал шаҳарсан! Сен менга қандай суюклисан! Агар қавмим мени сендан чиқармаганида эди, бошқа жойда турмасдим", дедилар"(Имом Термизий ривояти).

Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи вассаллам ватанларидан мажбур чиққанлар рисолатни етказиш учун Мадинага бордилар.

Лекин доим ўзлари туғилиб ўсган Макка сари талпинар эдилар. Аллоҳ таолонинг: «(Эй Муҳаммад!) Албатта, сизга (ушбу) Қуръонни фарз қилган Зот, шак шубҳасиз, сизни қайтиш жойига (Маккага) қайтарувчидир» (Қосос сураси, 85оят) ояти нозил бўлгач, таскин топдилар.

Ватан муҳаббати

-Ватан муҳаббати дабдаба ва ҳашам эмас. Балки у душманларга қарши юрт ҳимоясида туришдай вожиб саналган, ундан узрсиз қолиб бўлмайдиган шаръий вожиб амалдир.

Икки кишини тарих эсдан чиқармайди: Ватан ҳимоячиси ва Ватан хоинини. Уламолар ватанни севиш ва уни ҳимоя қилишни шаръий вожиб дейдилар.

Хулоса қиладиган бўлсак Юрт равнақи ва тараққиёти оз-озидан болмайди, албатта. Унинг ривожи, гуллаб-яшнаши багрида яшаётган одамларга боғликдир. Мамлакатнинг хар бир фуқароси юрт ривожи ва тараққиётига озини дахлдор деб билиши, вазифасини сидқидилдан адо этиши лозим. Бу ёлда бир зум тин олмаслик, колдан келган барча имкониятларни ишга солмоқлик даркор. Юрт ривожига ҳар бир соҳа вакили масъул. Фуқаронинг юрти тараққиётига қошаётган ҳиссаси унинг қилаётган меҳнатида яққол намоён бўлади.

Хошимов Абдулхай

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти талабаси

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Дуоларнинг таъсирлари баёни

10.01.2025   599   10 min.
Дуоларнинг таъсирлари баёни

 - 58وَلِلدَّعَوَاتِ تَأْثِيرٌ بَلِيغٌ وَقَدْ يَنْفِيهِ أَصْحَابُ الضَّلاَلِ

 

Маънолар таржимаси: Дуоларнинг етук таъсири бордир, гоҳида адашганлар уни инкор қиладилар.


Назмий баёни:

Дуоларнинг етук таъсирлари бор,
Адашганларгина қиларлар инкор.


Луғатлар изоҳи:

لِ – жор ҳарфи فِي маъносида келган.

دَعَوَاتِ – калимаси دَعْوَةٌ нинг кўплик шакли бўлиб, луғатда “илтижолар” маъносини англатади. Жор ва мажрур мубтадосидан олдин келтирилган хабардир.

تَأْثِيرٌ – хабаридан кейин келтирилган мубтадо.

بَلِيغٌ – сифат. Ушбу калимада дуонинг таъсирга сабаб эканига ишора бор. Чунки таъсир, аслида, Аллоҳ таолонинг яратиши билан вужудга келади.

وَ – “ҳолия” маъносида келган.

قَدْ – “тақлилия” (чеклаш) маъносида келган.

يَنْفِيهِ – феъл ва мафъул. نَفِي калимаси луғатда “бир четга суриб қўйиш” маъносига тўғри келади.

اَصْحَابُ – фоил. Бу калима صَاحِب нинг кўплик шакли бўлиб, “лозим тутувчилар” маъносига тўғри келади.

الضَّلاَلِ – музофун илайҳ. Ушбу изофада لِ жор ҳарфи муқаддар бўлган[1]. “Залолат” калимаси “тўғри йўлдан адашиш” маъносида ишлатилади.

 

Матн шарҳи:

Дуо луғатда “илтижо”, “ўтинч” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса “банда ўзининг фақирлигини, ҳожатмандлигини ва мутелигини ҳамма нарсага қодир бўлган Аллоҳ таолога изҳор қилиб, манфаатларни жалб қилишни ва зарарларни даф қилишни сўраши, дуо деб аталади”[2].

Мўмин бандаларнинг қилган дуоларида ўзларига ҳам, агар марҳумлар ҳақларига дуо қилаётган бўлсалар, уларга ҳам манфаатлар етади. Дуоларнинг таъсири борлигини адашган кимсаларгина инкор қиладилар. Матндаги “залолатдагилар” деган сўздан мўътазилий тоифаси кўзда тутилган. Чунки мўътазилий тоифаси бу масалада ҳам Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига зид даъволарни қилган.

Дуоларнинг таъсирини инкор этадиганлар бир қанча далилларни келтиришган. Масалан, ояти карималарда ҳар бир инсонга ўзи қилгандан бошқа нарса йўқлиги баён қилинган:

“Инсонга фақат ўзи қилган ҳаракатигина (мансуб) бўлур”[3].

Бошқа бир оятда эса киши ўзининг қилган яхши ишлари туфайли мукофотга эришса, ёмон қилмишлари сабабли жазоланиши баён этилган:

“Унинг касб этгани (яхшилиги) – ўзига ва орттиргани (ёмонлиги) ҳам ўзигадир”[4].

Ушбу ояти карималарда ҳар бир кишининг кўрадиган манфаатлари бошқаларнинг қилган дуо ва хайрли ишларидан эмас, фақат ўзининг қилган ишларидан бўлиши баён қилинган, бу эса дуоларнинг таъсири йўқлигига далолат қилади, – дейишган.


Дуоларнинг таъсирларини инкор этувчиларга раддиялар

Дуоларнинг таъсирларини инкор этувчилар келтиришган юқоридаги ва ундан бошқа далилларига батафсил жавоблар берилган. “Талхису шарҳи ақидатит-Таҳовий” китобида қуйидагича жавоб келган: "Инсонга фақат ўзи қилган ҳаракатигина (мансуб) бўлур" маъносидаги оятда баён қилинганидек, ҳақиқатда инсон ўз сайи-ҳаракати ва яхши феъл-атвори билан дўстлар орттиради, уйланиб бола-чақали бўлади, инсонларга меҳр-муҳаббат кўрсатади ва кўплаб яхши ишларни амалга оширади. Шунга кўра инсонлар уни яхшилик билан эслаб, унга Аллоҳ таолодан раҳмат сўраб дуо қилсалар, тоат-ибодатларнинг савобларини унга ҳадя қилсалар, буларнинг барчаси бировнинг эмас, аслида, ўз сайи-ҳаракатининг натижаси бўлади.

Иккинчи далил бўлган "Унинг касб этгани (яхшилиги) – ўзига ва орттиргани (ёмонлиги) ҳам ўзигадир", маъносидаги оят ҳам юқоридаги каби оят бўлиб, ҳар бир киши ўзининг қилган яхши ишининг самарасини кўради, қилган маъсиятига кўра жазоланади, каби маъноларни ифодалайди. (Яъни “ҳар ким экканини ўради”, дейилгани каби)”[5].

Шунингдек, дуо қилишнинг фойдаси бўлмаганида мағфират сўрашга буйруқ ҳам бўлмасди. Қуръони каримда эса мағфират сўрашга буюрилган:

“Бас, (эй Муҳаммад!) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин ва мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг!”[6].

Шунингдек, вафот этиб кетган кишилар ҳақига қилинган дуоларда манфаат бўлмаганида, уларни эслаб дуо қилганлар Қуръони каримда мадҳ этилмасди:

“Улардан кейин (дунёга) келганлар: “Эй Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга (нисбатан) қалбимизда нафрат (пайдо) қилмагин. Эй, Роббимиз, албатта, Сен шафқатли меҳрибонсан”, – дерлар”[7].

Шунингдек, вафот этганларга жаноза намозини ўқиш тириклар зиммасига вожиб қилинган. Жаноза намозида эса сано ва саловот айтиш билан биргаликда “Эй Аллоҳим, бизларнинг тирикларимизни ҳам, ўликларимизни ҳам мағфират қилгин”, маъносидаги дуо ўқилади.

Мазкур далилларнинг барчасида дуоларнинг таъсири борлиги кўриниб турибди. Шунинг учун инсон вафотидан кейин ҳам ўз ҳақига хайрли дуолар қилинишига сабаб бўладиган яхши амалларни қилиши лозим.

Дуо қилиш бандага фойда келтирадиган ва ундан зарарларни даф қиладиган энг кучли сабаблардан экани Қуръони каримда ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам баён қилинган:

“Парвардигорингиз: “Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!” – деди. Албатта, Менга ибодат қилишдан кибр қилган кимсалар яқинда тубан ҳолатда жаҳаннамга кирурлар”[8].

Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ ушбу оят ҳақида: “Аллоҳ таоло бандаларини Ўзига дуо қилишга даъват этган ва Ўз фазлу марҳамати билан қилган дуоларини албатта ижобат этишга кафолат берган”, – деган. Ояти кариманинг давомидаги “ибодатдан кибр қилганлар” эса Аллоҳ таолога дуо қилишдан такаббурлик қилган кимсалар дея тафсир қилинган. Ҳадиси шарифларда дуонинг қазони қайтаришга сабаб қилиб қўйилгани баён этилган:

عَنْ سَلْمَانَ الْفَارْسِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال لَا يَرُدُّ القَضاءَ إلا الدُّعاءُ وَ لَا يَزِيدُ فِي الْعُمُرِ إِلاَّ الْبِرُّ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қазони фақатгина дуо қайтаради, умрни фақатгина яхшилик зиёда қилади”, – дедилар (Термизий ривоят қилган).

Шарҳ: Ушбу ҳадисда дуонинг бажариладиган ишларга боғлаб қўйилган қазони қайтариш сабабларидан экани баён қилинган. Зеро, Аллоҳ таоло амалга ошадиган барча нарсаларга азалий сабабларни тайин қилиб қўйган. Солиҳ амаллар саодатга эришиш учун азалий сабаблар бўлса, ёмон амаллар бадбахт бўлиш учун азалий сабаблардир. Шунингдек, яхшилик, гўзал хулқли бўлиш, қариндошлик алоқаларини узмаслик каби амаллар ҳам азалий сабаблар қаторига киради. Ана шундай азалий сабаблар юзага чиқарилган пайтда ўша сабабга боғланган ишлар ҳам юзага чиқади.

Имом Таҳовий[9] раҳматуллоҳи алайҳ “Ақидатут Таҳовия” асарида қуйидагиларни ёзган: “Тирикларнинг дуо ва садақаларида ўликлар учун манфаатлар бордир. Аллоҳ таоло дуоларни қабул қилади ва хожатларни раво қилади (деб эътиқод қиламиз)”.


Кейинги мавзу:
Дунёнинг йўқдан бор қилингани баёни.

 


[1] Бу ҳақидаги маълумот 53-байтнинг изоҳида баён қилинди.

[2] Доктор Аҳмад Фарид. Баҳрур-Роиқ. – Искандария: “Дорул Мажд”, 2009. – Б. 105.

[3] Нажм сураси, 39-оят.

[4] Бақара сураси, 286-оят.

[5] Муҳаммад Анвар Бадахшоний. Талхису шарҳи ақидатит-Таҳовий. – Карачи: “Замзам бабилшарз”, 1415ҳ. – Б. 192.

[6] Муҳаммад сураси, 19-оят.

[7] Ҳашр сураси, 10-оят.

[8] Ғофир сураси, 60-оят.

[9] Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳамад ибн Салама Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 239 йилда Мисрнинг “Тоҳа” шаҳарчасида туғилган.

Имом Таҳовий ҳанафий мазҳабидаги мўътабар олимлардан бўлиб, “Сиҳоҳи ситта” муаллифлари билан бир асрда яшаб фаолият юритган. Бу зот ҳақида уламолар кўплаб мақтовли сўзларни айтганлар. Жумладан Суютий “Тобақотул Ҳуффоз” асарида: “Имом Таҳовий аллома, ҳофиз, гўзал таснифотлар соҳибидир”, – деган. Заҳабий: “Кимки ушбу имомнинг ёзган асарларига назар солса, бу зотнинг илм  даражаси юқори, маърифати кенг эканига амин бўлади”, – деган.

Имом Таҳовий тафсир, ҳадис, ақида, фиқҳ ва сийратга оид кўплаб асарлар ёзиб қолдирган. Уларнинг айримлари қуйидагилардир:

1. Аҳкамул Қуръан (Қуръон ҳукмлари);

2. Шарҳу маъонил осор ( Асарларнинг маънолари шарҳи);

3. Ақидатут Таҳовия (Таҳовий ақидаси);

4. Баёну мушкилил осор (Асарларнинг мушкилотлари баёни);

5. Шарҳу жомеис сағир (Жомеус сағир шарҳи);

Имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 321 йилда Мисрда вафот этган.