Дунёю охиратда ғолиб бўлишни истасангиз, қуйидаги тавсияларга амал қилинг:
- Ота-онангизга одоб билан гапиринг, модомики маъсиятга буюрмасалар буйруқларига итоат этинг. Сиздан нимани талаб қилишса ҳам бажаринг.
- Ота-онангизга юмшоқ муомалада бўлинг, уларга юзингизни бужмайтирманг, уларнинг юзига ғазаб билан боқманг!
- Ота-онангизнинг шарафини, обрўсини, мол-давлатларини муҳофаза қилинг. Сўроқсиз ҳеч нарсаларига тегманг.
- Уларни хурсанд қиладиган ишларни қилинг. Улар буюрмасалар ҳам ўзингиздан билиб қилинг. Сизни чақиришганда “Лаббай онажон, лаббай отажон” деб табассум билан дарҳол жавоб беринг.
- Улар билан тортишманг, асло айбламанг. Улар хато қилгудек бўлсалар, тўғрисини одоб билан тушунтиришга ҳаракат қилинг! Уларга қайсарлик қилманг, овозингизни уларникидан кўтарманг. Улар гапирганда жим туриб қулоқ солинг.
- Хонангизга кириб келсалар, ўрнингиздан туриб кутиб олинг, бошларини ва қўлларини ўпинг. Уларнинг олдига изнсиз кирманг, айниқса ухлашаётганда.
- Сизга рухсат беришмаса ишингиз қанчалик муҳим бўлса ҳам, сафарга чиқманг. Ҳар қандай иш қилишдан олдин аввал уларнинг розилигини ўйланг. Зеро, Аллоҳнинг розилиги уларнинг розилигидадир, Аллоҳнинг ғазаби уларнинг ғазабидадир. Ота-онанинг фарзанди ҳаққига қилган дуоси, фарзандини дуоибад қилиши ҳам мустажобдир. Шундай экан, улар сизни дуоибад қилишларидан эҳтиёт бўлинг!
- Улардан олдин овқатланманг. Ейишда ҳам, ичишда ҳам уларни эъзозланг. Улардан баланд жойда ўтирманг. Улар бор жойда оёқ узатиб ўтирманг. Уларнинг олдида юрманг, балки тенг юринг ёки орқароқда юринг. Мана шу уларга нисбатан одоб ва муҳаббат бўлади.
- Уларга ёлғон гапирманг. Сизга ёқмайдиган иш қилиб қўйишса, маломат қилманг. Мансабингиз қанчалик катта бўлмасин, отангизга нисбатланишдан ўзингизни катта олманг. Уларнинг яхшилигини инкор қилиб қўйишдан ёки ножўя сўз айтиб, уларни ранжитиб қўйишдан ҳазир бўлинг!
- Ота-онангизга нафақа қилишдан бахиллик қилманг. Сизга ҳолларидан шикоят қилишгача боришмасин! Бу сизга ор, уят бўлади. Буни фарзандларингизда ҳам кўрасиз, қайтар дунё!
- Муҳтарама опа-сингиллар, онангизга уй ишларида ёрдамлашинг. Ҳурматли ака-укалар, отангиз бирор иш қилаётганини кўрсангиз, дарров ишига ёрдамлашинг. Отангиз ёки онангиз бирор юкни кўтараётганини кўрсангиз, югуриб қўлларидан олинг.
- Ота-онангизни вафотларидан олдин, тириклик пайтларида зиёрат қилинг, улар номидан садақа қилинг, уларнинг ҳаққига кўп-кўп дуо қилинг: “Роббим, мени ва отамни мағфират қилгин! Роббим, улар мени ёшлигимда тарбия қилишганидек, уларга раҳм айлагин!”.
- Ота-онага оқ бўлишдан, уларнинг ғазабидан эҳтиёт бўлинг. Дунёда ҳам, охиратда ҳам хор бўласиз! Фарзандларингиз ҳам сизга худди шундай муомала қилади.
- Ота-онангиздан бирор нарса сўрасангиз юмшоқлик билан сўранг, берсалар раҳмат айтинг, бермасалар узр сўранг. Уларни безовта қилмаслик учун кўп нарса сўрайверманг.
- Зиммангизда ота-онангизнинг ҳаққи бўлганингиздек, аёлингизнинг ҳам ҳаққи бор, ҳамма ҳақдорларга ҳаққини беринг. Улар келишмай қолсалар ораларини мувофиқлаштиришга ҳаракат қилинг. Икки тарафга ҳам бир-биридан махфий тарзда ҳадялар улашинг.
- Отангиз ёки онангиз бетоб бўлиб қолсалар, иложи борича ёнларида бўлинг. Хизматларида, муолажа олиш жараёнларида олдиларида туринг ҳамда уларнинг ҳаққига Аллоҳдан шифо сўраб дуо қилинг!
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча мусулмонларнинг ҳаққига дуо қилганлар. У зот биз ҳақимизда ўзимиздан кўра кўпроқ қайғурганлар ва бизни ўзимиздан ҳам кўпроқ севганлар. Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам алоҳида дуо қилган мўминлар тоифаси бор. Улар кимлар ва нима учун уларнинг ҳаққига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам 3 марта дуо қилганлар?
Жавоб:
عَنِ الْعِرْبَاضِ بْنِ سَارِيَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم كَانَ يُصَلِّي عَلَى الصَّفِّ الْأَوَّلِ ثَلَاثًا وَعَلَى الثَّانِي وَاحِدَةً. )رَوَاهُ النَّسَائِيُّ.(
Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи сафга уч марта, иккинчи сафга бир марта салавот айтар эдилар” (Имом Насоий ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг салавот айтишлари бу – дуо қилишлари. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи сафдагиларнинг ҳаққига 3 бора, иккинчи сафдагиларни эса 1 марта дуо қилганлар.
عَنِ الْبَرَاءِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: إِنَّ اللهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى الَّذِينَ يَصِلُونَ الصُّفُوفَ الْأُوَلَ، وَمَا مِنْ خَطْوَةٍ أَحَبَّ إِلَى اللهِ مِنْ خُطْوَةٍ يَمْشِيهَا الْعَبْدُ يَصِلُ بِهَا صَفًّا .)رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.(
Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари биринчи сафларни тўлдирувчиларга салавот айтадилар. Аллоҳ таоло учун банданинг сафни тўлдириш учун босган қадамидан кўра маҳбуброқ қадам йўқдир”, дедилар (Абу Довуд, Насоий ривояти).
Аллоҳ таолонинг салавоти бу – раҳмат, фаришталарники эса, истиғфордир. Қолаверса, биринчи сафни тўлдириш учун ташланган қадамлар – Аллоҳга энг севимли қадам саналади. Биринчи сафга бундан ортиқ тарғиб бўлмаса керак.
Демак, биринчи ёки иккинчи сафда бўлишга ҳаракат қилиш лозим экан.
Даврон НУРМУҲАММАД