Суфёни Саврий, Авзоъий, Лайс Ибн Саъд, Суфён ибн Уяйна, Абдуллоҳ ибн Муборак ва аҳли суннанинг бошқа уламоларидан муташобиҳ сифатлар келган оятлар ҳақида: “Сифатларнинг хабарлари қандай келган бўлса, шундайлигича бирор нарсага ўхшатмасдан ва инкор қилмасдан гапирилади. “Қандай?”, “Нима учун?”, дейилмайди” деган ривоятлар келади.
Имом Абу Сулаймон Хаттобий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Бизга ва ҳар бир мусулмон кишига Парвардигоримиз сурат, шакл эгаси эмаслигини билиши шартдир. Чунки сурат бўлиши кайфиятни тақозо қилади ва бу нарса эса Аллоҳ таолодан ва Унинг сифатларидан инкор қилинади”.
Имом Байзовий Ҳанафий роҳимаҳуллоҳ “Ишоротул маром” номли китобларида шундай дейдилар: ““Била кайф” дегани бу “кайфиятсиз, тана аъзосисиз ва махлуқотларга ўхшамайди” деганидир. Бу гапда бир нечта нарсага ишоралар бор. Уларнинг энг муҳими барча кайфиятнинг турларини Аллоҳдан нафий қилиш, чунки кайфият луғатда шакл маъносида келади. Бу гап “Мисбоҳул мунирда” зикр қилинган””.
Рустам Охунжонов,
"Кўкалдош" ўрта махсус ислом таълим муассасаси
матбуот котиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ