Динимиз инсонлар ўртасида тинчлик, тотувлик ва биродарликни асосий қадриятлардан деб таълим беради. Аммо баъзи кимсалар борки, улар худбинлик, ҳасадгўйлик, ва ғаразгўйлик сингари хасталиклар таъсирида инсонлар орасида фитна тарқатади. Ушбу разил одат "фитнакорлик" деб аталади ва у жамиятнинг парокандалигига, бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилишга ва Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўлади.
Бинобарин, Қуръони каримда ва ҳадиси шарифда фитнанинг зарари жуда қаттиқ таъкидланган. Жумладан, Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 191-оятида: “Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир”, деб унинг ёмонлигини хабар қилган. Яъни фитнанинг жамиятга етказадиган зарари ҳатто одам ўлдиришдан ҳам ёмонроқ бўлиши мумкин.
Фитнакор кимса бошқаларни бир-бирига қарши қўйиш, ёлғон гап тарқатиш, одамлар қалбига шубҳа уруғини экиш ёки гапни чувалаштириб бошқаларнинг муносабатларига путур етказиш билан шуғулланади. Унинг гаплари тўғридек туйилса-да, аслида мақсади ёмон. Бундай кимса бошқаларнинг тинчини бузади, одамлар ўртасига раҳна солади, жамиятда норозилик уруғини экади.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозидан то шом намозига қадар вақт ичида бўлиб ўтган ва бўладиган барча фитналардан огоҳлантирган эканлар.
Фитнакорлик илдиз отган жамиятда ўзаро ишонч йўқолади; оилалар пароканда бўлади; эру хотин, ака-ука, дугона ёки дўст ўртасида адоват пайдо бўлади; юртда беқарорлик юзага келади; Аллоҳ асрасин, агар фитна сиёсий, ижтимоий ёки диний даражада бўлса, бутун мамлакат тинчлигига таҳдид солади; фитнакор кимса Аллоҳнинг лаънати ва азобига дучор бўлади. Чунки фитна тарқатиш бу – нафақат инсонларга, балки дини мубийнимизга ҳам қарши жиноятдир.
Шундай экан, ҳар бир мўмин киши фитнакорликдан қочиши лозим. Бунинг учун тилини эҳтиёт қилиб, бекорчи гап-сўзлардан сақланиши, беҳуда муҳокамаларга аралашмаслиги; эшитган гапини рост ёки ёлғонлигини билмасдан туриб тарқатмаслиги; одамларнинг орқасидан гапирмаслиги, адолатли ва ниятини холис қилиши; дуогўй бўлиб ёшу қарига эзгу ниятли бўлиши керак.
Хуллас, фитнакорлик – ҳар қандай жамиятни емирувчи хатарли иллатлардан биридир. Бу иллатдан қочиш, унинг олдини олиш ҳар бир мусулмоннинг бурчи ҳисобланади. Чунки фитна бўлган жойда барака, тинчлик ва дўстлик бўлмайди. Демак, биз ўзимиздан бошлаб фитнадан сақланишимиз, бошқаларни ҳам ундан огоҳлантириб, жамиятимизни соғлом ва биродарлик асосида қуришга ҳисса қўшишимиз зарур.
Дарҳақиқат, Раббимиз фитнага аралшганларнинг азоби қаттиқ бўлишини айтиб, бандаларини қуйидагича огоҳлантириб қўйган: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир” (Анфол сураси, 25-оят).
Мансурхон ЎРОЛОВ,
“Нўғайқўрғон” жоме масжиди имом-хатиби
Сайёр йиғилиш
Бир кишига кўмаклашсангиз, у қанчалик шод бўлади.
Энди бир эмас, ўн эмас, юздан зиёд оилага ҳам маънавий, ҳам маърифий, ҳам моддий кўмак берилса, қанча кишининг кўнгли кўтарилишини, сизни алқашини тасаввур қилиб кўринг-а.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида пойтахтимизнинг Янги ҳаёт туманидаги «Ниёзмат ота» жоме масжидида маънавий-маърифий сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Эргашали домла Рустамов, Тошкент шаҳар туманлари бош имомлари, имом-домлалар, «Ҳаж 2026» иштирокчилари қатнашдилар.
Тумандаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш мақсадида маҳаллаларга ташриф буюрилди. Адашиб ақидаси бузуқ турли оқимлар таъсирига тушиб қолган шахслар, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ҳам суҳбатлар олиб борилди.
Катта ҳаёт тажрибасига эга ҳожи оталар, ҳожи оналар имом-хатиблар, отинойилар билан биргаликда олиб борган маърифий тарғиботлари ўз самарасини берди: юздан зиёд хонадонга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам кўрсатилди.
* * *
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Янги ҳаёт туманидаги маҳаллаларга ташриф буюриб, у ердаги бир қанча хонадонларга кириб, хонадон эгаларининг қалбларига хурсандчилик улашдилар.
Қувонарлиси, янги ўқув йили арафасида ҳомийларни жалб қилган ҳолда 30 та ҳақдор хонадон соҳиблари фарзандларига сумка, ўқув қуроллари ҳадя этилди.
Юздан зиёд хонадон эгаларининг кўнгли кўтарилиб, улар эзгу ишларнинг бошида турган барча азиз инсонларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилишди.
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати