Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Январ, 2026   |   2 Шаъбон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:44
Пешин
12:39
Аср
15:44
Шом
17:29
Хуфтон
18:46
Bismillah
21 Январ, 2026, 2 Шаъбон, 1447
Мақолалар

24.10.2025   4252   1 min.
Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Рақамли дунёда “омонлик”

21.01.2026   2554   5 min.
Рақамли дунёда “омонлик”

Бугунги кунда интернет нафақат маълумот манбаи, балки дезинформация қуролига ҳам айланиб улгурди. Ахборот оқимининг тезлиги сабабли фойдаланувчилар рост ва ёлғонни ажратишда қийинчиликка дуч келишмоқда.

Ҳар куни биз ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар орқали минглаб хабарларни қабул қиламиз. Аммо уларнинг қанчаси ҳақиқатга тўғри келади? Радикал гуруҳлар ва фейк хабар тарқатувчилар инсон ҳиссиётлари билан ўйнашиш орқали ўз мақсадларига эришишга ҳаракат қилишади.

Шундай экан, факт-чекинг, яъни маълумотни қандай текшириш керак? Бирор хабарни дўстларингизга улашишдан олдин ўзингизга 3 та савол беринг:

  • Манба ишончлими? Хабар расмий нашрларда, давлат ташкилотлари сайтларида борми ёки исми-шарифи номаълум "блогер" томонидан тарқатилдими?
  • Сарлавҳа "шов-шувлими"? "Шок!", "Тезкор тарқатинг!", "Ҳаммадан яширилган ҳақиқат!" каби сарлавҳалар одатда манипуляция белгисидир.
  • Сана ва жой тўғрими? Кўпинча эски воқеаларнинг суратлари ёки видеолари янги вазият сифатида тақдим этилади.

Агар хабар сизда ҳаддан ташқари кучли ҳиссиёт (масалан, нафрат ёки ваҳима) уйғотаётган бўлса, демак, бу факт эмас, манипуляция бўлиши эҳтимоли юқори.

Радикал мазмундаги контент инсонни жамиятга қарши қўйиш ва экстремистик ғояларни сингдиришга йўналтирилган бўлади. Бундан ҳимояланиш учун:

Алгоритмларни ўзингизга мослаштиринг: Агар ижтимоий тармоқда шубҳали ёки агрессив видео чиқиб қолса, дарҳол "Қизиқ эмас" (Not interested) тугмасини босинг. Шунда алгоритм бу турдаги постларни сизга кўрсатмайди.

Гуруҳлар ва каналларни таҳлил қилинг: Каналларда фақат бир томонлама нафрат улашилаётган бўлса, бундай манбалардан чиқиб кетинг.

Танқидий фикрланг: "Нега бу маълумот айнан ҳозир тарқатилди?" ва "Бундан ким манфаатдор?" деган саволларни беришга одатланинг.

Маълумотларни текширишда қуйидаги техник усуллардан фойдаланиш мумкин. Google Lens расмнинг асл манбасини ва қачон пайдо бўлганини топади. Who.is         сайтнинг қачон ва ким томонидан рўйхатга олинганини кўрсатади. Snopes, FactCheck.org каби ресурслар факт-чекинг сайтлари ҳисобланади.

Замонавий фирибгарлар нафақат ғоявий манипуляция, балки техник усуллар билан маблағларингизни ўғирлашга ҳам ҳаракат қилишади. Кўпинча Telegram каналларда ёки шахсий хабарларда "Фалон илованинг пуллик версияси текин", "Янги совғалар ўйини" ёки "Сизнинг расмингиз бор файл" каби матнлар билан .apk форматидаги файллар юборилади. Сиз файлни юклаб олиб, телефонга ўрнатганингизда, қурилмангизга зарарли дастур (вирус) киради. Оқибатда фирибгарлар сизнинг Telegram аккаунтингизга тўлиқ кириш ҳуқуқини олади, СМС-хабарларингизни ўқийди ва банк иловаларингиздаги пулларни бошқа карталарга ўтказиб юборади.

Ҳеч қачон нотаниш одамлардан келган ёки шубҳали каналларда тарқатилаётган файлларни юклаб олманг ва ўрнатманг.

Яна бир виртуал жиноятлардан бири "Банк ходими" ва СМС-код орқали фирибгарликдир. Сизга телефон қилиб, ўзини "Банк хавфсизлик хизмати ходими" деб таништиришади ва "Картангиздан шубҳали транзакция бўляпти, уни тўхтатиш учун СМС-кодни айтинг" дейишади. Банк ходими ҳеч қачон сиздан телефон орқали карта рақамининг тўлиқ маълумотларини ёки СМС орқали келган 4-6 хонали кодни сўрамайди.

"Агар ҳозир айтмасангиз, пулларингиз куйиб кетади!", деб айтиши, СМС-кодни ёки картанинг амал қилиш муддатини сўраши ёки қўнғироқ қилаётган рақам расмий банк рақамидан фарқ қилиши сизни алдашаётганининг белгилари ҳисобланади.

Telegram ва бошқа ижтимоий тармоқларда албатта қўшимча пароль, икки босқичли текширув (Two-step verification) ўрнатинг. Бу сизнинг аккаунтингизни "взлом" қилишдан асрайди.

Иловаларни фақат расмий дўконлардан юкланг, Google Play ёки App Store хизматларидан фойдаланинг.

СМС-код ҳам калит, уйнинг калитини кўчадаги одамга бермаганингиздек, СМС-кодни ҳам ҳеч кимга айтмаслик керак.

Агар сиз шубҳали ҳаволани босиб қўйган бўлсангиз ёки аккаунтингизга кимдир кирганини сезсангиз, дарҳол созламалардан "Фаол сеанслар" (Active Sessions) бўлимига кириб, барча нотаниш қурилмаларни ўчириб ташланг ва паролингизни ўзгартиринг.

Ислом динида ҳам ҳар бир эшитилган гапни суриштирмай тарқатишдан қайтарилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада шундай деганлар:

"Кишининг ёлғончи эканига унинг ҳар бир эшитган нарсасини гапириши (тарқатиши) кифоядир". (Имом Муслим ривояти)

Бу ҳадис бугунги "фейк" ва "радикал" хабарлар замони учун нақадар долзарб эканини кўриш мумкин. Агар биз ўзимизга келган ҳар бир хабарни, унинг тўғри ёки нотўғри эканини аниқламасдан бошқаларга улашсак (репост қилсак), билмасдан ёлғон ва фитна тарқатувчига айланиб қолишимиз мумкин.

Рақамли асрда ахборот гигиенасига риоя қилиш худди қўлни ювишдек муҳим. Текширилмаган маълумот нафақат сизнинг дунёқарашингизни заҳарлаши, балки қонуний муаммоларга ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Ҳар қандай постга "лайк" босиш ёки "репост" қилишга шошилиш оқил инсоннинг иши эмас. Юборишдан олдин маълумот бошқаларнинг онги ва ҳамёнига зарар эмаслигини мулоҳаза қилиш улкан масълиятдир.

Шермуҳаммад Болтаев,

Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо

масжиди имом-хатиби

МАҚОЛА