Ҳиндистон мустақиллик ҳаракатининг етакчиси Маҳатма Ганди 1937 йил 27 июлда чоп этилган “Harijan” номли ҳафталик журналида улуғ саҳобалар Абу Бакр ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумни тавозели ва масъулиятли раҳбарлар сифатида тилга олган.
Ислом тарихи ҳақидаги камдан-кам гапирадиган Гандининг ушбу мақоласида икки халифани камтарин ҳаёт кечиргани ва ҳалоллик билан мамлакатни бошқаргани намуна қилиб кўрсатган.
Ганди мазкур эътирофни журналда эълон қилиб, эндигина давлат лавозимларини эгаллай бошлаган Ҳинд миллий конгресси аъзоларига ахлоқий маслаҳатлар берган.
Мақолада Ганди қуйидагича ёзади:
“Мен сизларга Рам Чандар ёки Кришнадан мисол келтира олмайман, чунки улар тарихий шахс сифатида қабул қилинмаган. Шу боис мен фақат сизларга ҳазрат Абу Бакр ва ҳазрат Умар Форуқ розияллоҳу анҳумнинг номларини келтира оламан. Улар улкан мамлакатнинг раҳбарлари эдилар, аммо ўз ҳаётларини жуда оддий ва камтарлик билан ўтказган эдилар”
Бу сўзлар Ҳиндистон тарихидаги муҳим бир паллада айтилган эди. 1937 йилда Ҳинд миллий конгресси илк бор Буюк Британия ҳукмронлиги остидаги бир неча вилоятларда ҳукумат тузиш ҳуқуқига эга бўлди. Жараёнлар 1935 йилги Ҳиндистон бошқаруви тўғрисидаги қонун асосида ўтказилган сайловлар натижасида амалга ошди.
Ганди ҳар доим сиёсатчиларнинг маънавий поклиги ҳақида қайғурарди. У Конгресс раҳбарларига мансаб ва бойликка берилиб кетмасликни, ҳалоллик ва халқ хизматини устувор қўйиш борасида ўгит берарди. Шунинг учун ҳам халифалар Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумни мисол қилиб келтирди ва ҳақиқий раҳбар халққа хизмат қилувчи, оддий ҳаёт кечирувчи инсон бўлиши лозимлигини таъкидлади.
“Harijan” журнали Маҳатма Ганди томонидан 1933 йилда таъсис этилган ҳафталик нашр бўлиб, асосан ижтимоий ислоҳотлар, айниқса каста тизимини йўқотиш ва “паст тоифа”нинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мавзуларига бағишланган эди.
Журналда Гандининг дин, сиёсат ва ахлоқ ҳақидаги фикрлари мунтазам чоп этилган.
Нашр инглиз тилида чиқарилар, шунингдек ҳинд ва гужарат тилида ҳам нашр этилди. Журнал 1955 йилгача фаолият юритган.
Журналдаги эътироф Гандининг Ислом қадриятларига нисбатан ҳурматини намоён этган ҳолатлардан биридир. У кўпинча ўз нутқ ва мақолаларида Қуръон оятларини, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларнинг сўзларини келтирар, уларни инсоният учун ахлоқий намуна сифатида кўрсатар эди.
Тошкент ислом институти
катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев
Сайёр йиғилиш
Бир кишига кўмаклашсангиз, у қанчалик шод бўлади.
Энди бир эмас, ўн эмас, юздан зиёд оилага ҳам маънавий, ҳам маърифий, ҳам моддий кўмак берилса, қанча кишининг кўнгли кўтарилишини, сизни алқашини тасаввур қилиб кўринг-а.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида пойтахтимизнинг Янги ҳаёт туманидаги «Ниёзмат ота» жоме масжидида маънавий-маърифий сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Эргашали домла Рустамов, Тошкент шаҳар туманлари бош имомлари, имом-домлалар, «Ҳаж 2026» иштирокчилари қатнашдилар.
Тумандаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш мақсадида маҳаллаларга ташриф буюрилди. Адашиб ақидаси бузуқ турли оқимлар таъсирига тушиб қолган шахслар, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ҳам суҳбатлар олиб борилди.
Катта ҳаёт тажрибасига эга ҳожи оталар, ҳожи оналар имом-хатиблар, отинойилар билан биргаликда олиб борган маърифий тарғиботлари ўз самарасини берди: юздан зиёд хонадонга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам кўрсатилди.
* * *
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Янги ҳаёт туманидаги маҳаллаларга ташриф буюриб, у ердаги бир қанча хонадонларга кириб, хонадон эгаларининг қалбларига хурсандчилик улашдилар.
Қувонарлиси, янги ўқув йили арафасида ҳомийларни жалб қилган ҳолда 30 та ҳақдор хонадон соҳиблари фарзандларига сумка, ўқув қуроллари ҳадя этилди.
Юздан зиёд хонадон эгаларининг кўнгли кўтарилиб, улар эзгу ишларнинг бошида турган барча азиз инсонларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилишди.
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати