Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан рўзадорлар учун соғлом овқатланиш юзасидан ишлаб чиқилган тавсияларга амал қилиб, ортиқча вазндан халос бўлиш, қон босими ва организмдаги холестерин миқдорини пасайтиришга эришиш мумкин.
Хусусан:
- кундузи ҳаво ҳарорати юқори бўлган пайтда салқин ва соя жойларда қолиш ҳамда қуёшда узоқ юрмаслик тавсия этилади;
- ифторлик ва саҳарлик оралиғида кўп миқдорда сув ичиш мақсадга мувофиқ, чунки кундузи ҳаво ҳарорати юқори бўлиши кўп тер ажралишига сабаб бўлади.
Шу боис кун давомида йўқотилган суюқлик ўрнини қоплаш эҳтиёжи юзага келади. Бунинг учун эса камида 10 стакан сув ичиш тавсия этилади.
Серсув маҳсулотлар тановул қилиш орқали ҳам бу меъёрни қисман қоплаш мумкин. Масалан, саҳарлик пайтида ёки ифторликдан кейин ҳўл мевалар ейиш фойдалидир.
"Аччиқ-чучук" салати таркибидаги бодринг ва помидор ҳам серсув неъматлар ҳисобланади.
Шўрва ёки сабзавотли салатлар сингари сувга бой таомларни ҳам истеъмол қилиш мумкин.
Таркибида кофеин мавжуд бўлган кофе, чой, кола каби ичимликлардан воз кечиб турган маъқул. Чунки бу модда инсон организмида сув миқдори камайиши (дегидрация)га олиб келади.
Шунингдек, газланган шакарли ичимликлар калорияга бой бўлишини эсдан чиқармаслик зарур.
Кун давомида жуда кўп ҳаракат қилиш организмнинг кўп миқдорда сув йўқотишига олиб келади. Қисқа муддатли сайр ёки чигалёзди машқлари сизни тонусда ушлаб туриши мумкин. Аммо кун бўйи ҳаракатсиз ўтириш ҳам тавсия қилинмайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Сайёр йиғилиш
Хабарингиз бор, шу йил ҳажга борган юртдошларимиз Арафот водийсида муҳтарам Президентимизга Қурбон ҳайити табиригини йўллаб, юртга қайтгач ҳар бир ҳожи «Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари» деган эзгу ташаббусни бир овоздан олға сурган эдилар.
Ана шу эзгу ташаббус бугун амалга кўчиб, ҳожилар имом-хатиблар, маҳалла фаоллари билан биргаликда хонадонларга, оилаларга кириб боряпти.
Шу йил 17 июль куни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Дониёр домла Икромов бошчилигида Ўрта Чирчиқ туманидаги «Усмон ота» жоме масжидида туманлар/шаҳарлар бош имом-хатиблари, «Ҳаж 2025» ҳожилари, маҳалла фаоллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирдан сўнг тумандаги маҳаллаларга чиқилиб, оилалар ўрганилди. Ажрим ёқасида турган ёшлар яраштирилди, спиртли ичимликка ружу қўйган кишилар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, уларга йўл-йўриқлар кўрсатилди, тавсиялар берилди.
Бундай тадбир қамрови кенглиги билан алоҳида аҳамият касб этяпти. Гап шундаки, тадбир доирасида бир оила 12 номдаги турли адабий-бадиий китоблар совға қилинди.
Тумандаги масжидлар имом-хатиблари ҳам тадбирда фаол қатнашдилар.
Шундан сўнг яна «Усмон ота» масжидига қайтилиб, амалга оширилган ишлар кўриб чиқилиб, келгусидаги режалар белгилаб олинди.
Хайрли дуолар билан сайёр йиғилиш ниҳоясига етди.
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати