frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Устознинг 3 каромати

06.11.2025   5777   4 min.
Устознинг 3 каромати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

2014 йили Ёрқинжон домла билан бирга Бухорога сафар қилдик. У ерда кечки пайт тунаб қолиш учун Масжиди Калон ёнидаги меҳмонхонага жойлашдик. Кечки пайт бухоролик талабалар бизни бомдод намозига Бухоронинг етук қориларидан бири Абдулбосит қори ака имомлик қиладиган масжидга боришимизни, у ерда қори ака ўзи намозга ўтиб гўзал қироат қилиб беришини айтишди. 

Биз эрта тонгда туриб ўша масжидга борамиз деб ҳаракатга тушдик. Ҳамма таҳорат олиб тайёргарлик кўрди, лекин Ёрқинжон домла бир иш билан банд бўлиб қолиб, яқинроқдаги бошқа масжидга боришимизга тўғри келганди, шу туфайли “Масжиди Калон”га чиқдик. 

У ерда жамоат жуда оз экан. Масжидга кирганимизда кийими, ташқи кўринишидан ҳиндистонликка ўхшаш тўрт мусофир зиёратчи бомдоднинг суннатини ўқиб, ўтиришган экан. Биз ҳам дарров суннатни ўқидик, имом етиб келмаган экан, мени имомликка ўтказишди. Намозни тугатиб, дуо қилинг десам, Ёрқинжон домла ҳиндистонлик шайхларга ишора қилган эдилар. Улардан бири дуо қилди. 

Намоздан чиқиб у меҳмонлар билан кўришдик. Ёрқинжон домла урдучада "Аҳволингиз яхшими?" деган эдилар. Ҳинд  меҳмонлар: “Сен қаерликсан, урду тилини қаердан биласан?” деб сўраб қолишди. У киши Девбандда ўқиганликларини айтдилар.
Улар ҳам ўзини таништириб, бири Ҳиндистонда катта мадраса мудири ва яна бири Жанубий Африка Республикасидаги диний мадрасалар тизими раҳбари эканлигини айтди. Бошқалари ҳам Ҳиндистоннинг йирик уламолари экан. 

Улар “Бизни малоно Раҳматуллоҳ исмли яна бир ҳамроҳимиз бор. У киши ҳозир меҳмонхонада ўтирибди. Ўзбекистонга келганимиздан бери шайхимиз бир талаба ҳақида сўраяпти” дейишди. Домла “У шайх Раҳматуллоҳ Кашмирийми?” деб сўраган эдилар, улар: “Ҳа айнан ўша киши. Сен биз билан меҳмонхонага боргин, балки шайхимиз сўраган киши сендирсан” дейишди. 

Улар билан меҳмонхонага кириб бордик. Ичкарига кирсак, зикр қилиб ўтирган экан. Меҳмонлардан бири эшикдан киришимиз биланоқ: “Шайх сиз излаётган ўзбек талабанинг исми нима эди?” деди. Шайх орқа ўгириб, қиблага юзланиб ўтирганича: “Ярқииин” дедилар. Ёрқинжон домла шайхнинг ёнига бориб, қўлларидан тутиб, йиғлаб: “Мен Ёрқинман” деган эдилар. Шайх ҳам кўриб йиғлаб юборди. Улар салом алик қилишганидан кейин шайх: “Мен Ҳиндистонда самолётга ўтираётганимизда котибимга телефон қилиб, уй манзилингни сўраб ёзиб олгандим. Бу ерга келганимдан бери сени излайман, олдимга қандай келиб қолдинг?” деган эди. Ёрқинжон домла: “Ҳазрат бу сизнинг кароматингиз” дедилар.

У ерда узоқ суҳбат қургандан кейин намозга чиққан меҳмонлар менга “Сен намозда тажвид билан, чиройли қироат қилдинг, яна ўқиб бергин” дейишди. Мен томоғим оғриб, шамоллаб турганимни айтгандим. Мавлоно Раҳматуллоҳ менга: “Ихлос сурасини ихлос билан ўқигин” дедилар. Тиловат қилдим, мавлоно дуо қилдилар. 
Хайрлашиб икки кундан кейин Самарқандга қайтдик. 

Самарқандда Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг қабрларини зиёрат қилиш учун мажмуага кираётганда яна тўсатдан мавлоно Раҳматуллоҳ Кашмирий бошчиликларидаги ўша ҳиндистонлик меҳмонлар билан учрашиб қолдик. Шунда мавлоно ҳазрат Ёрқинжон домлага: “Бу ерга қаердан келиб қолдинг?” дегандилар, у киши: “Ҳазрат бу сизнинг иккинчи кароматингиз-да” дедилар. У ерда ҳазрат билан узоқ суҳбатлашдик. У киши сафар асносидаги баъзи таассуротлари, хусусан, бироз аввал мажмуадаги масжидда никоҳ хутбаси маросимида қатнашиб, келин-куёвларга гувоҳлик қилганларини айтиб бердилар.

Ушбу учрашувимиздан бир йил ўтиб, Ёрқинжон домла Девбанд мадрасасига боргандилар. Мадраса яқинида меҳмонхонада турганларида ходим “Бу ерга юртимизнинг катта шайхлардан бири келган” деб айтиб қолибди. Ёрқинжон домла “У киши ким?” деб сўрасалар “Мавлоно Раҳматуллоҳ Кашмирий” дебди. Ёрқинжон домла дарров мавлоно турган хоналарига кириб кўришибдилар. Шунда мавлоно “Бу ерга қачон келиб қолдинг, мени яна қандай топдинг?” деб сўрасалар, Ёрқинжон домла: “Бу сизнинг учинчи кароматингиз” деган эканлар. 

Дарҳақиқат, уч сафар ҳам устоз-шогирд бир-бирларига муҳаббатлари туфайли тўсатдан кўришиб қолишган. Улар қалбан боғланишганда Аллоҳ таоло шундай тарзда учраштирган".

Азҳар университети магистранти Камолиддин Усмон суҳбатидан
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ёзиб олди

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Туркияда Амир Темур ва Темурийлар Ренессансига бағишланган симпозиум бўлиб ўтади

02.10.2026   1008   2 min.
Туркияда Амир Темур ва Темурийлар Ренессансига бағишланган симпозиум бўлиб ўтади

2026 йил 6–7 октябрь кунлари Анқара шаҳрида Амир Темур ва Темурийлар Ренессансига бағишланган Халқаро симпозиум ўтказилади. Тадбир Туркия Фанлар академияси (TÜBA), Анқара Йилдирим Боязид университети, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ҳамда Темурийлар тарихи давлат музейи ҳамкорлигида ташкил этилмоқда, хабар бермоқда iccu.uz.

Симпозиумда Амир Темур шахсияти ва Темурийлар даврининг илм-фан, маданият ва санъат тараққиётидаги ўрни, шунингдек, ушбу даврда юзага келган илмий ва маданий юксалиш жараёнлари муҳокама қилиниши кўзда тутилган. Темурийлар Ренессанси Марказий Осиё тарихида илм-фан, меъморлик, адабиёт, санъат ва маънавий ҳаёт юксак тараққий этган муҳим тарихий даврлардан бири. Самарқанд, Ҳирот, Бухоро, Балх ва бошқа шаҳарлар илм ва маданият марказларига айланиб, бу ерларда фаолият юритган олимлар ва ижодкорлар жаҳон цивилизацияси тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган.

Бу тарихий меросни ўрганиш ва унинг замонавий аҳамиятини очиб бериш Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг илмий-маърифий фаолиятида ҳам муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Марказ экспозициясида ҳам Темурийлар даврининг илм-фан ва маданият тараққиётидаги ўрни, буюк алломалар илмий мероси ҳамда ушбу даврда шаклланган юксак маданий муҳит кенг ёритилган.

Айниқса, Амир Темур даврида Самарқанднинг улкан сиёсий марказдан ташқари, илм-фан ва маданият маскани сифатида шаклланиши, кейинчалик Мирзо Улуғбек даврида астрономия ва математика соҳаларида юксак илмий натижаларга эришилиши Темурийлар Ренессансининг муҳим жиҳатларидан саналади.

Шу нуқтаи назардан, Анқарада ўтказилаётган халқаро симпозиум Темурийлар даври меросини халқаро илмий мулоқот доирасида янада чуқур ўрганиш, турли мамлакат олимлари ўртасида фикр алмашиш ва ушбу даврнинг жаҳон цивилизацияси тарихидаги ўрнини тадқиқ этишга хизмат қилади.

Маълумот учун: 2026 йилда буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистонда Амир Темур ва Темурийлар меросини ўрганиш ва халқаро миқёсда тарғиб этишга қаратилган қатор илмий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Жумладан, 9–10 апрель кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон Фанлар академияси билан ҳамкорликда Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган халқаро илмий конференция ўтказилди. Анжуманда маҳаллий ва хорижий олимлар, темуршунос мутахассислар иштирок этиб, Амир Темур ва Темурийлар цивилизациясининг жаҳон тарихи, илм-фани ва маданиятидаги ўрни муҳокама қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари