Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги билан Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ўртасида имзоланган шартномага мувофиқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси фондида сақланаётган асарларнинг электрон каталогини тузиш бўйича амалий тадқиқот лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Ушбу лойиҳага Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Тошкент ислом институти, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Ўзбекистон миллий архивидаги етук илмий малака ва салоҳиятга эга бўлган 15 нафар мутахассис жалб қилинган.
2025 йилнинг 1 октябридан Ўзбекистон мусулмонлар идорасида лойиҳа доирасидаги амалий ишлар бошланди. Грант лойиҳа доирасида икки йил давомида Ўзбекистон мусулмонлар идораси кутубхонаси фондида сақланаётган 3 065 жилд асарлар мажмуасининг уч тилдаги (ўзбек, инглиз ва араб тиллари) электрон каталоги яратилади. Шунингдек, фонддаги асарларнинг электрон каталоги яратилиши билан бир қаторда бир қанча илмий ишлар ҳам бажарилиши кўзда тутилган.
Юқорида зикр этилган ишларни самарали ташкил этиш мақсадида 2025 йил 6 октябр куни Ўзбекистон мусулмонлар идорасида лойиҳа иштирокчилари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Кутубхона бўлими бошлиғи Камолиддин Маҳкамов, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров ва бошқалар иштирок этди.
Мажлисда лойиҳа доирасида амалга ошириладиган ишлар доирасида эътибор қаратилиши керак бўлган масалалар муҳокама қилинди.
10 октябр куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида лойиҳа доирасида семинар ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик қўлёзмалар институти бўлим бошлиғи Ҳамидулла Лутфиллаев асарларнинг электрон каталогини тузиш жараёнида манбалар билан ишлашда мутахассис эътибор қаратиши лозим бўлган жиҳатлар борасида иштирокчиларга маъруза қилиб берди. Шунингдек, мутахассислар ўзаро фикр алмашишди.
Жорий йилнинг 14 октябридан эътиборан лойиҳага жалб этилган мутахассислар Ўзбекистон мусулмонлари идораси фондида сақланаётган манбалар каталогини тузиш бўйича амалий ишларни бошлаб юборишган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун Туркия Республикасининг Анқара ижтимоий фанлар университети Исломшунослик факультети профессори, доктор Селчук Жошқун ва доцент, доктор Ҳасан Сўзенман Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюрди.
Меҳмонларни Марказ директори Музаффархон Жониев кутиб олиб, уларга Марказ фаолияти ва олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари ҳақида маълумот берди.
Ташриф давомида Имом Термизий ва термизий алломалари меросига бағишланган 80 дан ортиқ китоб ва рисолалар тақдимоти ўтказилди.
Айниқса, Марказ олимлари томонидан аниқланган 226 нафар термизий алломалар ҳақидаги маълумотлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Учрашув якунида Термизий алломаларнинг илмий меросини халқаро миқёсда тадқиқ этиш, хорижий олимлар билан илмий ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма тадқиқотларни йўлга қўйиш масалалари келишиб олдилар.
Имом Термизий ХИТМ Матбуот хизмати