Дин ишлари бўйича қўмита, Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси ҳамда қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан жорий йилнинг 10-15-ноябрь кунлари республиканинг барча ҳудудида "Бағрикенглик ҳафталиги" ўтказилади.
Ҳафталикни ўтказишдан кўзланган мақсад – мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, динлараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш, фуқаролар ўртасида ўзаро ҳурмат ва бирдамлик фазилатларини тарғиб этишдан иборат.
Ҳафталик доирасида вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги нуфузли томоша майдонлари, сўлим ҳиёбонлар ва боғларда турли маданий, илмий-амалий ва маърифий тадбирлар, "Ўзбекистон – бағрикенг диёр" шиори остида концерт дастурлари, фото кўргазмалар, қардош халқлар ёзувчи-шоир ва рассомларининг бадиий асарлари тақдимоти, турли экскурсиялар, спорт ўйинлари, интеллектуал ва бошқа турдаги мусобақалар ўтказилади.
Барча юртдошларимизни бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва тотувлик байрамини биргаликда нишонлашга чорлаймиз!
Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати
Бугунги кунда Ўзбекистон очиқлик ва халқаро ҳамкорлик сиёсатини изчил давом эттирар экан, дунё миқёсидаги етакчи давлатлар ва минтақалар билан амалий мулоқотни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Президентимиз ташаббуси билан стратегик шериклик алоқалари янги мазмун касб этиб, иқтисодий, инвестициявий ва маънавий соҳаларда янги йўналишлар очилмоқда.
Шу йўналишдаги муҳим қадамлардан бири сифатида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг АҚШнинг Юта штатидаги Исо Масиҳ Охирги замон авлиёлари черкови раҳбари, оқсоқол Девид Беднар ва "Стирлинг" халқаро хайрия фонди раиси Майлс Хансендан иборат ишбилармонлар делегациясини қабул қилиши ҳам катта аҳамият касб этди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди. Шу жараёнда Юта штати билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, рақамлаштириш, таълим ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, инновациялар, тоғ-конь саноати, хотин-қизлар тадбиркорлиги, инклюзив таълим, соғлиқни сақлаш, сув таъминоти ва санитария каби йўналишларда ҳамкорлик учун катта салоҳият мавжудлиги қайд этилди. Учрашув якунида ҳудудлараро алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида Юта штати губернатори бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Музаффар Камилов,
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори,
халқаро ICESCO ташкилоти Ижроий кенгаши аъзоси
Манба: "Янги Ўзбекистон" газетаси