Сўнгги пайтларда “Мазҳаб нимага керак?”, “Ўзимиз Қуръон ва суннатдан ҳукм олсак бўлмайдими?” дегувчи тоифаларга раддия бўладиган китобларга юртимизда эҳтиёж катта эди.
Бу борада Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Устоз Ҳомиджон қори Ишматбековнинг “Ислом фиқҳи асослари. Тўрт мазҳаб имомлари” китоби айни шу саволларга ечим саналади.
Ушбу китобда Ислом фиқҳининг пайдо бўлиш тарихи ва илдизлари, мавжуд тўрт мазҳабнинг айнан Қуръон ва суннатга асослангани ва динимизнинг замонлар оша юзага келадиган муаммоларни ҳал қилишда айнан мазҳаб уламолари жорий қилган усул ва қоидаларга асосланиши баён этилган.
Шунингдек, китобда “Қуръоннинг бўлак-бўлак ҳолда нозил қилиниш ҳикмати”, “Маккий ва маданий сураларнинг бир-биридан фарқи”, “Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўз саҳобаларига ижтиҳод қилишга рухсат беришлари”, “хулафои рошидин даврида шариат”, “Ислом шариатининг учинчи манбаси ижмоъ”, “тобеъинлар ва табаа тобеъинлар даврида ижтиҳод” каби мавзулар ҳам баён этилган.
Бир сўз билан айтганда, “Ислом фиқҳи асослари” китобини ҳар бир мўмин-мусулмон ўқиб чиқиши шарт бўлган китоблар сирасига киритиш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Олий Ҳайъати йиғилиши қарорлари ижросини таъминлаш ҳамда тизим ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида Тошкент шаҳридаги туман масжидлари иш юритувчилари учун ўқув-амалий маҳорат дарси ташкил этилди.
Тадбирда Диний идоранинг Ҳуқуқшунослик бўлими мутахассислари соҳага оид қонунчилик талаблари ва ижро интизоми бўйича қуйидаги муҳим йўналишларга алоҳида тўхталдилар:
масжидлар раҳбар органлари таркибидаги ўзгаришлар тўғрисида белгиланган тартибда (бир ой муддатда) адлия идораларига расмий маълумот тақдим этиш;
масжид устави, гувоҳномалари ва бошқа таъсис ҳужжатларини қонунчилик талаблари асосида юритиш ҳамда сақлаш;
имом-хатиб ва ноибларнинг беш вақт намозларда хизмат жойида бўлишини таъминлаш;
масжид биноларида олиб бориладиган қурилиш-таъмирлаш ишларининг лойиҳа ҳужжатларини ваколатли идоралар билан олдиндан белгиланган тартибда келишиш.
Қизғин савол-жавоб ва муҳокамалар руҳида ўтган маҳорат дарсида иштирокчилар кундалик иш фаолиятида юзага келаётган ҳуқуқий масалалар бўйича батафсил тушунтириш ва амалий тавсиялар олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати