Кеча, 13 ноябрь куни Наманган шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари, вилоятда фаолият кўрсатаётган масжидлар имом-хатиблари ҳамда расмий отинойилар иштирокида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг «Эй бандаларим...» Бир қудсий ҳадис шарҳи, «Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими», «Ёшларга насиҳатим», ҳамда Норин тумани Ғойиб Бува жоме масжиди имом-ноиби Икром Муҳаммад Умарнинг «Барака сирлари» номли китоблари тақдимоти ўтказилди.
Китоб тақдимотида вилоят бош имом-хатиби Мусохон домла Аббосиддинов томонидан ушбу асарлар айни дамда жуда долзарб эканлиги, бу китоблардаги мавзулар динимизнинг асослари, ҳукмлар, одоблари ҳақида ҳадислардан олинадиган ҳикмат ва фойдалар ҳақида кенг маълумотлар берилганлигини таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, ушбу китоблар мутолаасида, кенг оммага жонли, таъсирчан етказишда вилоятдаги барча диний соҳа ходимлар фаол бўлишлари, динимизни тўғри тушунишликда халқимизга фойдали бўлишини таъкидлаб ўтилди. Айниқса, душанба ва пайшанба кунларидаги масжидларда олиб борилаётган мавъизаларда мутолаасини доимий мониторинг қилиб борилаётганига ҳам тўхталиб ўтилди.
Диний соҳа ходимларининг касб-маҳоратларини оширишликда янги чоп этилган китоблар барча йиғилганлар учун янада фойдали эканлигини сўзга чиққан ҳамкасблар ҳам эътироф этишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Қашқадарё вилоятида «Инсон қадри улуғланган юртда меҳр ва эътибор ҳар бир хонадонга кириб боради» шиори остида хайрли тадбир ўтказилди.
Мазкур ташаббусга Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Фарҳод Кушаков ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, бош имом-хатиб Раҳматилло домла Усмонов бошчилик қилди.
Тадбир доирасида шаҳар ва туман бош имом-хатиблари ҳудудлардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ва бемор фуқароларнинг хонадонларига ташриф буюрдилар.
Самимий мулоқотлар давомида фуқароларнинг ҳол-аҳволи ва эҳтиёжлари ўрганилиб, уларга маънавий далда берилди. Хонадон эгаларига байрамона кайфият улашиш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотлари, эҳсон ва совға-саломлар топширилди.
Шунингдек, имом-хатиблар юртдошларимиз билан оила мустаҳкамлиги, ўзаро меҳр-оқибат, сабр-қаноат ҳамда саховатнинг фазилатлари ҳақида диний-маърифий суҳбатлар олиб бордилар. Бу каби хайрия тадбирлари жамиятда ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга, одамлар қалбида эртанги кунга ишонч уйғотишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати