2025 йил 23 ноябрь куни Польша Республикаси, Варшава шаҳридаги “Raszyn” масжидида юртдошларимиз билан самимий ва мазмунли учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов ватандошларимиз билан суҳбатлашдилар.
Суҳбат давомида устоз хусусан ҳанафий мазҳабида маҳкам туриш, узоқ юртда яшашларига қарамай миллий анъана ва қадриятларимизни унутмаслик ҳақида таъсирли фикрлар билдирдилар. Шунингдек, оила, қариндошлар ва ватан билан боғлиқликни асраш ҳар бир мусулмон учун муҳим эканлиги алоҳида таъкидланди.
Шу билан бирга, келгусида ҳам ҳар қандай шубҳа ёки диний саволлар пайдо бўлса, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фатво бўлимига Telegram: @fatvo_call_1 / @fatvo_call_2
WhatsApp: +998 91 780 66 33 мурожаат қилиш тавсия этилди.
Суҳбат ниҳоясида устоз Зайниддин домла барча йиғилган юртдошлар учун барака, тинчлик, имон-эътиқод мустаҳкамлигини сўраб дуо қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” халқаро медиафорум Россиянинг етакчи оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, “МИР 24”, “Sputnik Узбекистан”, “Islam News”, “Дайджест Москва-Баку”, “TRT на русском”, “CGTN-Русский” каби йирик оммавий ахборот воситаларида медиафорум ҳақида туркум материаллар эълон қилинди.
Манбаларда форумнинг аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилган. Тадбирларда 50 га яқин мамлакатдан 300 нафарга яқин соҳа мутахассислари ва халқаро медиа етакчилари иштирок этди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг тарихий манбаларни рақамлаштириш ва сунъий интеллект имкониятларини жорий этишдаги инновацион ўрни юқори баҳоланган.
Россия медиа оламида Ўзбекистондаги ўзгаришлар фақат тарихий ёдгорликлар ва сайёҳлик салоҳияти билан чекланиб қолмай, балки IT соҳаси, қурилиш, тиббиёт ва иқтисодий тараққиётдаги муваффақиятлар орқали янгича талқинда намоён бўлаётгани алоҳида таъкидланган.
Анжуман доирасида Россия, Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳамкорлигида “Шамойили набавийя” қўлёзмасини нашр этиш ва Катта Лангар Қуръонини атрофлича тадқиқ қилиш каби аниқ амалий лойиҳаларга старт берилгани эътироф этилди.
Шунингдек, Россиянинг “Россия” миллий маркази ва Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ўртасида ўзаро “Россия ва Ўзбекистон кунлари”ни ўтказиш бўйича муҳим келишувга эришилгани хабар қилинди.
Россия ахборот майдонида Ўзбекистон бой қўлёзма ва илмий мерос соҳиби, тарихий манбаларни рақамлаштирувчи марказ ҳамда гуманитар-маданий соҳада ишончли ва ташаббускор ҳамкор сифатида гавдаланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати