Шу йил 25 ноябрь куни Аммон шаҳрида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Иордания Вақф, ислом ишлари ва муқаддас қадамжолар вазири Муҳаммад Аҳмад Муслим ал-Халояла жаноблари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича мулоқот ўтказдилар.
Учрашувда икки давлат раҳбарлари саъй-ҳаракатлари билан диний-маърифий соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш, икки мамлакат вақф муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ва диний таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга эришилаётгани эътироф этилди.
Шунингдек, музокараларда ўзбекистонлик мутахассислар вақф йўналишида замонавий малака ва кўникмаларга эга бўлишида алоқаларни ўрнатиш ҳамда муштарак илмий лойиҳаларни амалга ошириш, вақф мулкларини бошқариш бўйича мавжуд тажрибани ўрганиш мақсадида Иорданияда малака оширишларини йўлга қўйиш каби қатор масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, учрашувда қуйидаги натижаларга эришилди:
- Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Вақф” хайрия жамоат фонди мутахассисларининг Иорданияда малака ошириш курслари ҳамда амалиёт ўташларини яқин ойларда ташкил этиш;
- Вақф мулкларини тасарруф этишдаги илғор ва замонавий тажрибаларни ўрганиш учун “Вақф” хайрия жамоат фонди мутахассисларини яқин кунларда Иорданияга ишчи сафарларини уюштириш;
- Иорданиялик профессор олимлар томонидан вақф мулклари тартиблари, тарихи, бугуни ва истиқболлари тўғрисида касб-маҳорат машғулотлари ўтказиш кабиларга келишилди.
Маълумот ўрнида, Иордания Вақф, ислом ишлари ва муқаддас қадамжолар вазирлиги вақф мулклари, зиёратгоҳлар, хайрия фондларини бошқариш, ҳаж, умра сафарларини ташкил этиш, масжидлар, имомлар фаолиятини юритиш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, диний таълим, Қуръони каримни курслари, Мусҳафлар чоп этиш ва жума тезисларини ёзиш каби фаолият турларига бошчилик қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Саудия Арабистонининг туризм ва саёҳатларга ихтисослашган “Arab Tourist” электрон нашрида “Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган ва Буюк ипак йўли билан боғланган мамлакат” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада Буюк ипак йўли тарихида ўзбек шаҳарларининг тутган ўрни алоҳида эътироф этилади. Хусусан, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар асрлар давомида Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо, фан ва маданият марказлари сифатида хизмат қилгани таъкидланади. Регистон майдони, Ичан-қалъа ва Бухородаги меъморий обидалар ислом цивилизацияси ҳамда жаҳон маданий меросининг бебаҳо дурдоналари сифатида тилга олинади.
Бундан ташқари, нашр Ўзбекистоннинг ранг-баранг табиати ва географик рельефига тўхталиб ўтган. Қизилқум чўли, серҳосил Фарғона водийси, Тянь-Шань ва Помир-Олой тоғ тизмалари аҳоли жойлашуви ва қишлоқ хўжалиги ривожида муҳим ўрин тутиши қайд этилади.
Нашр, шунингдек, Буюк Мирзо Улуғбек каби донишмандларнинг астрономия ва математика соҳасидаги буюк кашфиётларини алоҳида эътироф этган.
Хулосада таъкидланганидек, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Андижон каби шаҳарлар бугунги кунда нафақат маъмурий ва иқтисодий, балки жадал ривожланаётган йирик маданий-туристик марказлар сифатида дунё сайёҳлари эътиборини ўзига жалб этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати