frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null
Мақолалар

"Осонлаштиринг!"

27.11.2025   9997   1 min.

Ислом мутаассибликка мутлақо алоқаси бўлмаган диндир. У ўзига эътиқод қилувчиларни торликка чақирмайди. Ислом манбалари – Қуръон ва суннатда мутаассибликка ундовчи бирор нарса йўқ. Аксинча, кишиларни исломга ундаш Қуръони карим кўрсатиб берганидек, ҳикмат, гўзал мавъиза ва чиройли баҳс ила амалга оширилади. Бу эса мутаассиблик, бирор масалани тор олишга буткул тескари бўлган услубдир.

Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадисларнинг бирида: "Осонлаштиринг – қийинлаштирманг, хушхабар беринг нафратлантирманг", - дея марҳамат  қилинади. Ушбу чақириқ мутаассибликни инкор этади. Зеро, мутаассибликдан нафрат, бағрикенгликдан эса хушхабар юзага келади. Демак, ислом мутаассибликни инкор этар экан, у террорни, тинч аҳоли орасида ваҳима келтириб чиқаришни ва бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкишни ҳам қоралайди. Исломнинг наздида бир одамнинг жонига қасд қилиш бутун инсониятнинг жонига қасд қилиш билан баробардир.

Қуръони каримда бу ҳақда: "Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак, гўё барча одамларни ўлдирибди", - дейилади. (Моида сураси, 32-оят) Шундай экан, исломни мутаассиблик билан боғлаш янглишишдир. Дин номидан қўпорувчиликлар қилишнинг муқаддас ислом таълимотига мутлақо алоқаси йўқ.

Абдуваҳоб Яқуббоев,

Наманган тумани "Мирзабой Холтўрабой" масжиди имом-хатиби

@SOFTALIMOTLAR

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

От изини той босар

14.08.2026   48978   1 min.
От изини той босар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».


Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.


Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:


– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.

– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...

– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.

Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.

– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.

– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.


Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.


Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.


Акбаршоҳ РАСУЛОВ