frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null
Мақолалар

"Осонлаштиринг!"

27.11.2025   8778   1 min.

Ислом мутаассибликка мутлақо алоқаси бўлмаган диндир. У ўзига эътиқод қилувчиларни торликка чақирмайди. Ислом манбалари – Қуръон ва суннатда мутаассибликка ундовчи бирор нарса йўқ. Аксинча, кишиларни исломга ундаш Қуръони карим кўрсатиб берганидек, ҳикмат, гўзал мавъиза ва чиройли баҳс ила амалга оширилади. Бу эса мутаассиблик, бирор масалани тор олишга буткул тескари бўлган услубдир.

Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадисларнинг бирида: "Осонлаштиринг – қийинлаштирманг, хушхабар беринг нафратлантирманг", - дея марҳамат  қилинади. Ушбу чақириқ мутаассибликни инкор этади. Зеро, мутаассибликдан нафрат, бағрикенгликдан эса хушхабар юзага келади. Демак, ислом мутаассибликни инкор этар экан, у террорни, тинч аҳоли орасида ваҳима келтириб чиқаришни ва бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкишни ҳам қоралайди. Исломнинг наздида бир одамнинг жонига қасд қилиш бутун инсониятнинг жонига қасд қилиш билан баробардир.

Қуръони каримда бу ҳақда: "Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак, гўё барча одамларни ўлдирибди", - дейилади. (Моида сураси, 32-оят) Шундай экан, исломни мутаассиблик билан боғлаш янглишишдир. Дин номидан қўпорувчиликлар қилишнинг муқаддас ислом таълимотига мутлақо алоқаси йўқ.

Абдуваҳоб Яқуббоев,

Наманган тумани "Мирзабой Холтўрабой" масжиди имом-хатиби

@SOFTALIMOTLAR

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Яшил” энергия: билган ва билмаганларимиз

27.07.2026   12321   3 min.
“Яшил” энергия: билган ва билмаганларимиз

“Яшил”, яъни қайта тикланувчи энергия манбалари бугунги кунда глобал иқлим ўзгариши ва экологик муаммоларга қарши курашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу мақолада масаланинг халқаро миқёсдаги долзарблиги, айни йўналишдаги сўнгги тажриба ва янгиликлар, соҳа истиқболи билан боғлиқ таҳлилга эътибор қаратамиз. 
 

“Яшил” энергия нима?
 

Қуёш, шамол, сув, шунингдек геотермал ва биомасса каби қайта тикланувчи манбалар орқали ҳосил қилинадиган бундай энергия турлари табиий жараёнлар билан боғлиқ. Умуман, “яшил” энергиянинг асосий афзалликлари  ифлослантирувчи чиқиндини камайтириш, табиий ресурсларни тежаш ва барқарор ривожланишга ҳисса қўшиш каби омилларда намоён бўлади.
 

Халқаро тажриба ва янгиликлар
 

1. Қуёш энергияси. Ўзбекистонда Хитой билан ҳамкорликда 2023 йил йўлга қўйилган “Сирдарё қуёш электр станцияси” мисолида кўринадики, бундай лойиҳалар нафақат ички эҳтиёжни қондириш, балки экспорт имкониятини оширишга ҳам хизмат қилади. Бинобарин, ХХР жаҳонда энг йирик қуёш панеллари ишлаб чиқарувчи давлат сифатидаги ўрнини изчил мустаҳкамламоқда.

2. Шамол энергияси. Шамол электр станцияларининг улуши 50 фоизга етган Германияда соҳани янада ривожлантириш мақсадида янги технологиялар мунтазам равишда амалиётга жорий этиб борилади. Хусусан, аккумулятор тизими ва ақлли тармоқлар жараённи такомиллаштиришга хизмат қилади.


3. Гидроэнергетика. Норвегияда гидроэнергия, яъни сув ёрдамида энергия ишлаб чиқариш миқдори 90 фоизга етган. Мамлакатда сув омборларидан унумли фойдаланиш орқали экологик барқарорликни таъминлайдиган илғор технология жорий этилган.


4. Геотермал энергетика. Исландияда геотермал энергетика тизими кенг тарқалган бўлиб, орол электр таъминотининг 85 фоизини ташкил қилади. Бу усулнинг афзаллиги – доимийлик ва барқарорликда.


5. Биомасса. АҚШда биомассадан фойдаланиб қишлоқ хўжалиги чиқиндисини самарали қайта ишлашнинг янги усуллари яратилган. Натижада атроф-муҳитга етказилаётган зарар миқдори кескин камайтирилган.


Келажак ва истиқбол 
 

“Яшил” энергия билан боғлиқ инновация келажакда янада оммалашиши кутиляпти. Бу жараёнда қуйидаги омиллар муҳим ўрин тутади:


– Технологик ривожланиш. Қайта тикланувчи энергия манбаларини яратишда янги технология, масалан нано технология жорий этилиши билан самарадорликни орттириш мумкин.


– Инвестиция. Жаҳон банки ва бошқа молиявий институтлар “яшил” энергетика лойиҳаларига сармоя киритишда давом этяпти. Бу глобал даражада барқарор ривожланишни таъминлайди.


– Иқлим ўзгаришига қарши кураш. “Яшил” энергияни ривожлантириш иқлим ўзгариши салбий оқибатини камайтиради. БМТнинг “2030 йилгача барқарор ривожланиш мақсадлари” доирасида давлатлар, хусусан Ўзбекистон “яшил” энергетика йўналишини кучайтиришга интилмоқда.


– Ижтимоий омиллар. “Яшил” энергетика соҳаси ривожланиши янги иш ўринлари яратишга кенг йўл очади.


Хулоса шуки, “яшил” энергия манбалари инсоният экология муаммоларига ечим топишида муҳим восита ҳисобланади. Халқаро миқёсда орттирилаётган инновацион тажриба соҳа истиқболига катта умид билан қараш имконини беради.
Инсоният учун барқарор келажак яратиш сари мамлакатимиз ҳам дадил қадам ташлар экан, ўзбек халқининг эртаси нурли эканлигига ишончимиз комил. 
 

Мусулмон Зиё, ЎзА

Ўзбекистон янгиликлари