frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Дуо ибодатдир

28.11.2025   7201   1 min.
Дуо ибодатдир

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Дуода инсоннинг Аллоҳ наздидаги қуллиги бутун моҳияти ва ҳақиқати билан намоён бўлади. Шунинг учун ҳам айнан дуо пайтида қул Парвардигорининг чексиз саховатидан умид қилган ҳолда ўзининг ожизлигини, заифлигини ва Аллоҳнинг марҳаматига муҳтож эканини қалбан изҳор этади. Ахир ҳақиқий бандалик – бу ҳар қандай хайрли ишларни бажаришга ва гуноҳларни тарк этишга куч-қувват фақат Аллоҳдан келишига ва барча яхшилик ва мерибонликларнинг манбаи Унинг ўзи эканига иқрор бўлиш эмасми?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Дуо – ибодатнинг мағзидир” (Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан имом Термизий ривояти).

Бошқа ривоятга кўра: “Дуо – ибодатдир” (Нўъмон ибн Баширдан имом Абу Довуд ва имом Термизий ривояти).

Яъни ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дуони барча нарсанинг асоси сифатида кўрсатдилар. Модомики, ибодатнинг руҳи банданинг ўзини хору фақир билиб, камтар тутишлиги дейдиган бўлсак,  бу нарса эса айнан дуо вақтида кўпроқ намоён бўлиб, камолига етади.

"Ахлоқус солиҳийн" (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Sayidaty”: Ўзбекистон — бой тарих, ҳайратланарли меъморчилик ва бетакрор маданият диёри

24.09.2026   4293   1 min.
“Sayidaty”: Ўзбекистон — бой тарих, ҳайратланарли меъморчилик ва бетакрор маданият диёри

Саудия Арабистонининг “Sayidaty” онлайн-журналида Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятига бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Нашрда қайд этилишича, Ўзбекистон бой тарих, ҳайратланарли меъморчилик ва бетакрор маданиятга эга йўналиш ҳисобланади. Марказий Осиёда жойлашган ушбу мамлакат Буюк ипак йўлида гуллаб-яшнаган қадимий шаҳарлари, гўзал табиий манзаралари ва меҳмондўст халқи билан машҳур. Сайёҳларнинг қизиқишларидан қатъи назар — тарих ёки табиат бўладими  мамлакат бой ва ранг-баранг таассуротлар улашувчи кўплаб диққатга сазовор жойларни таклиф этади.

Нашр ташриф буюриш тавсия этиладиган асосий масканлар ва тадбирлар қаторида Самарқанддаги Регистон майдонини алоҳида ажратиб кўрсатган. Кошинлар ва ёрқин кўк плиткалар билан безатилган учта тарихий мадрасани ўз ичига олган ушбу меъморий дурдонада меҳмонлар шаҳар манзарасини томоша қилиш учун юқори айвонларга кўтарилишлари, кечқурун эса ёруғлик шоусидан баҳраманд бўлишлари мумкин.

Бухорода эса археологик артефактлар музейи ва шаҳар манзараси очиладиган Бухоро амирларининг собиқ қароргоҳи — Арк қалъасига ҳамда ўймакор ёғоч устунли ва осойишта ҳовузли Болоҳавз масжидига алоҳида эътибор қаратилган.

Бундан ташқари, йўл кўрсаткичда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Хивадаги Ичан-Қалъа ички шаҳрининг тор кўчалари бўйлаб сайр қилиш ва ҳар бир бекати бетакрор қандиллар ва мозаикалар билан безатилган Тошкент метрополитенига ташриф буюриш таклиф қилинади. Маҳаллий маданият ва гастрономия билан танишиш учун сайёҳларга Тошкентдаги Чорсу бозори тавсия этилади, у ерда анъанавий паловни татиб кўриш, гилам ва сопол буюмлар каби қўл маҳсулотларини сотиб олиш ҳамда маҳаллий сотувчилар билан мулоқот қилиш мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари