Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуллоҳ домла Йўлдошевга опаси Муҳайё ҳожи онанинг вафоти муносабати билан у кишининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳумани Ўз мағфиратига олсин, иймонлари ва солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳуманинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳуманинг яқинларига, хусусан, Абдуллоҳ домла Йўлдошевга ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз”, деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Жаноза намози бугун, 9 декабрь сешанба куни аср намозидан сўнг Олмазор туманидаги "Исломобод" масжидида ўқилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz
Президент Шавкат Мирзиёев 19 март куни Самарқанд вилояти Пайариқ туманида қайтадан бунёд этилган Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди.
Зиёратгоҳнинг қоқ марказида буюк ҳадисшунос бобомизнинг табаррук мақбараси ўрин олган.
Давлатимиз раҳбари мақбарани зиёрат қилди. Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди.
– Муборак Рамазон ҳайити арафасида буюк ватандошимиз, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳазратларининг руҳи покларига яна бир бор ҳурмат-эҳтиром бажо келтирмоқдамиз. Бухорий бобомиз Қуръони каримдан кейинги энг мўътабар манба бўлган ҳадислар китобини яратиб, бутун ислом оламида шуҳрат қозонган улуғ сиймодир. Муқаддас заминимиз дунёга мана шундай машҳур алломани бергани билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди.
Эл-юртимизнинг фидокорона меҳнати билан бугун орзу-ниятларимиз рўёбга чиқди. Бу бетакрор зиёратгоҳни Имом Бухорий бобомизнинг оламшумул мавқеига, юксак мақомига муносиб даражада бунёд этишга муяссар бўлдик. Мана шундай табаррук маскан барчамизга муборак бўлсин, – деди давлатимиз раҳбари.