Самарқанд вилоят вакиллигида вилоят бош имом-хатиби бошчилигида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг “Инсон қадри” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимотда вилоятда фаолият юритаётган туман ва шаҳар бош имом-хатиблари, фаол имом-хатиблар ҳамда отинойилар иштирок этди.
Тақдимот Қуръони карим тиловати билан бошланди. Сўзга чиққанлар китобнинг мазмун-моҳияти, инсон қадрини улуғлашга қўшадиган ҳиссаси, жамиятнинг маънавий-маърифий ҳаётига таъсири ҳақида фикр-мулоҳазалар билдиришди.
Тадбир якунида “Инсон қадри” китоби вилоятдаги 288 та масжидга тарқатилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилоят вакиллиги Матбуот хизмати
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг Модуль таълим тизимида янги ўқув машғулотлари бошланди.
12 сентябрь куни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов талабалар учун «Хатоба» (нотиқлик санъати) фанидан илк дарсни ўтиб берди.
Машғулот давомида устоз ваъз-насиҳат қилиш санъати, минбар одоблари, тингловчи билан жонли мулоқот ўрнатиш сирлари ҳамда бугунги кун имом-хатиби зиммасидаги масъулиятли вазифаларга алоҳида тўхталди. Нотиқлик маҳоратига оид нозик жиҳатлар ҳаётий ва амалий мисоллар орқали очиб берилди.
Қизғин ва самимий руҳда ўтган дарс сўнггида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати