Имом Суфён ибн Саъид Саврий раҳматуллоҳи алайҳ ўз замонида ҳадис ривоят қилувчиларнинг кўпайиб кетганини зикр қилиб, шундай деган: “Бир кемада бир нечта бошлиқ денгизчи бўлса кема ғарқ бўлади!”. Айни шу гапни ҳозирги кунда шариатнинг номидан гапириб фатво бериб юрганларга ҳам қарата айтса бўлади. Саҳобалар – Аллоҳ улардан рози бўлсин – Қуръони карим нозил бўлиш даврига ҳамаср бўлсалар ҳам, шариатни Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни шахсан ўзларидан ўрганган бўлсаларда, шариат номидан бирон гап айтишга шошилмаганлар. Улардан бирон масала сўралса, хато гапириб қўйишдан қўрқиб, ўзларидан илмлироқ бўлганларга ҳавола қилиб юборардилар. Саҳиҳ Муслимда ривоят қилинади: Бир киши Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан масала сўради. У эса: “Буни Баро ибн Озибдан сўрагин”, деди. Баро ибн Озиб эса: “Зайд ибн Арқамдан сўра”, деган экан. Абу Муҳаммад Ромаҳурмузий “Ал-Муҳаддис ал-фосил” китобида Абдурраҳмон ибн Абу Лайлодан қуйидагини ривоят қилади: “Мен ушбу масжидда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир юз йигирмадан ортиқ ансор саҳобалар билан кўришганман. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини ривоят қилиш масъулиятини билганлари сабабли ўрнига бошқа киши ҳадис айтиб беришини истар эдилар. Шуниндек, улардан биронтасидан бирон масала сўралса, ўрнига бу масалада бошқа илмлироқ киши жавоб беришини ҳохлардилар. Имом Шаъбийдан бир киши: “Агар сизлардан бирон савол сўралса қандай жавоб берардингизлар?”, деб сўраган экан. Шаъбий роҳматуллоҳу алайҳ: “Агар кимдир биздан бир савол сўраса, биз ёнимиздаги шергимизга, сен жавоб бер, деб ҳавола қилар эдик. Шу тариқа савол яна биринчи сўралган кишига қайтиб келар эди”, деб жавоб берган эканлар.
Агар салафи солиҳлар илмни яшириб қўйиш гуноҳидан қўрқмаганларида эди, умуман фатво беришга журъат ҳам қилмаган бўлар эдилар. Бу борада салаф уламолардан жуда кўп ривоятлар бор. Ушбу ривоятлар фатво бериш масъулиятидан нақадар эҳтиёткор бўлганларини яққол кўрсатиб беради. Аммо бугунги кунда аҳвол бутунлай бошқача, одамлар фатво беришга ошиқадиган, масъулиятни ўйламай, бир-бири билан биринчи бўлиб саволга жавоб беришга мусобақалашадиган бўлиб қолдилар. Шунингдек, мазҳабсизликни даъво қилувчи гуруҳларнинг ҳар бир мавъиза ва насиҳат мажлисида ҳам ақида ва фиқҳ масалаларида асоссиз фатволар кўп айтилади. Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда оддий бир ҳайдовчи ҳам энг мураккаб ва чуқур масалаларда одамларга фатво беришдан тортинмайди. “Мен катта бобомдан эшитганларим бор”, ёки “Уйимдаги эски китоблардан ўқиб олганман”, деб ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол қилиб қўйиш ҳолатлари жуда кўп. Бу каби шахсиятлар ўқиган китобидаги маълумотлар ёки эшитган гаплари ҳақиқатга қанчалик мос, адашиш ва оғишлардан холи экани текшириб ўтирмайдилар ҳам. Аслида, бундай масалаларда ҳатто катта уламолар ҳам хато қилиб қўйиши мумкин, қолаверса, оддий устоз кўрмаган шахсиятлар ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Энг хатарли томони шундаки, агар китоблар устозларнинг назоратисиз ўқилса, турли манбалардан чиққан фатволар бир масалада “шариат номидан” бири ҳалол, бири ҳаром, бири тўғри, бири нотўғри, деб чиқарверади. Бу эса бирдам, хотиржам жамиятнинг парчаланишига, одамларнинг шариатга нисбатан беэътибор бўлиб қолишига олиб келади. Оқибатда, уммат қалбидан фатвонинг ҳурмати, шариатнинг улуғворлиги ва уламоларнинг обрў-эътибори сўниб боради. Ҳар ким ўзича фатво беравириши сабабли одамлар орасида, масжид имомлари ва юрт уламолари ҳақида “Буларни фақат ойлик оладиган пайтидагина эшитамиз”, “Буларнинг барчаси ҳақни гапира олмайдилар”, деган гаплар кенг тарқаб қолди. Аслида бу гапларни тарқатганларнинг мақсади мусулмонлар орасида низо ва фитна уруғини сочиш, ўз юртининг уламоларининг гапига ишонмайдиган ҳолатга олиб келиб қўйишдир. Натижада мусулмонлар биродар бўлиб елкадош туриш ўрнига, ўзаро жанжаллашиб, бир-бирини ёмонлаб, душманлашиб кетадилар.
21 аср ижтимоий тармоқ асри деб айтамиз. Мусулмонлар диний масалаларда жавоб олиш учун ижтимоий тармоққа мурожат қилишлари табиий. Ҳечким, буни инкор ҳам қилолмайди, қолаверса бу ишни ман қилиб қўйиш мантиққа тўғри келмайдиган иш. Лекин, азиз халқимиз билиши лозим бўлган нарса шуки, ижтимоий тармоқлардан бериладиган аксар фатво ва саволларга жавоблар Ўрта Осиёда амалда бўлиб турган ҳанафий мазҳабига тамоман зид бўлади. Бу фатволарда келтирилаётган ҳадислар ва шунга ўхшаш сиз номини биринчи маротаба эшитаётган китоблардан келтирилган нақллар сизни алдаб қўймасин. Аслида эса бу фикр на бирор саҳобадан, на бирор тобеиндан, на салaф уламоларидан ҳеч биридан ривоят қилинмаган бўлади.
Ибн Умар разияллоҳу анҳунинг фатвоси, ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг қози сифатида чиқарган ҳукми, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган нақллар, Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг амали ва Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг тутган йўли ишончли ривоятлар билан бизгача етиб келган. Қолаверса, буларнинг барчаси саҳобалар орасида эътирозсиз қабул қилинган. Демак, саҳобаларнинг барчаси ҳам ўзларича ижтиҳод қилмаганлар, балки ичларидаги энг илмли кишиларга эргашганлар. Шунингдек, тобеинлар ва улардан кейинги авлод фуқаҳоларининг ижмоси ҳам бор. Бу ижмоъ уларнинг фатволари асосида тузилган манбаларда очиқ кўринади. Бу каби манбалар сифатидан Абдурраззоқ, Вакиънинг ва Ибн Абу Шайбанинг “Мусаннаф”лари, Саид ибн Мансурнинг, Байҳақийнинг “Сунан”лари, Ибн Абдулбаррнинг “Тамҳид”и ва “Истизкор”и каби асарларни кўрсатиш мумкин. Буларнинг барчаси ушбу масалада соҳта салафий ва бемазҳаблар томонидан айтилган шоз, яъни барчага хилоф гапларни мутлақо инкор қилади. Бундай масала ҳақида илм аҳли бўлган инсон, юқорида зикр этилган манбаларга ўхшаш китобларни кўрмасдан туриб, гапиришга ҳақли эмас. Саҳобалар ва тобеинларга нисбат бериладиган фикрларнинг манбаи айнан шу каби китоблардир. Кимки бу асарларни кўрмасдан туриб, бирор фикрни саҳоба ёки тобеинларга нисбат берса, у илм аҳли олдида уятли ҳолатга тушади ва уларнинг назарида қадри тушади. Бу эса қандай оғир оқибатларга олиб келишини тушуниш қийин эмас.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бирон масалада фикр билдиришдан эҳтиёт бўлинг. Унутманг илм ота-боболардан мерос бўлиб қолмайди. Илм китоблардан, устозлардан ўрганилади. Демак, етти аждодингиз уламолар катта эшон боболар бўлса ҳам сизда бирон масалада шариат номидан гапиришга ҳаққингиз йўқ. Қолаверса, охиратининг ғами бўлган мусулмон одам фатво беришдан жуда эҳтиёт бўлиши керак. Зеро, хато айтилган бир фатвонинг оқибати жаҳаннам бўлиши ҳеч гап эмас. Гапимизини Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган нақлни келтириб тугатамиз. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сизлар орасида фатво беришга энг журъатли бўлганингиз — дўзахга киришга ҳам энг журъатли бўлганингиздир”. (Доримий ривояти).
Маҳмуджон Мухторов
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси
Ҳадисларнинг исломдаги юксак аҳамияти ва асосий йўриқнома экани, муқаддас динимизнинг барча жиҳатлари Суннатга боғлиқлиги худди Қуръони каби ҳадисларни ҳам Аллоҳ ҳимоя қилишини тақозо этади. Буни қуйидаги далиллар мисолида кўриш мумкин.
Биринчидан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам – охирги Пайғамбар, у зот келтирган шариат қиёматгача қолувчи сўнгги шариатдир. Бу шариат ҳадислар билангина мукаммал бўлиб, унга фақат Суннат орқали комил амал қилиш мумкин. Демак, шариат қиёматгача ўзгаришларга учрамай сақланиши учун унинг икки асоси бўлмиш Қуръон ҳам, ҳадислар ҳам муҳофаза қилинган бўлиши шарт.
Иккинчидан, Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларида бунинг тасдиғи яққол намоён бўлади: «Улар Аллоҳнинг нурини оғизлари билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёқтирмаса ҳам, ўз нурини батамом қилишдан бошқа ҳар нарсадан бош тортадир. У гарчи мушриклар ёқтирмаса ҳам, Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан ҳамма диндан устун қилиш учун юборган Зотдир» [Тавба сураси, 32-33-оятлар].
«Аллоҳнинг нури» – Расулига юборган ҳидоят ва ҳақ дин. Бунга ҳам ваҳийнинг икки тури – Қуръон ва ҳадис киради. Бу нурни фақат Қуръон билан чеклашга ҳеч қандай асос йўқ, чунки ислом дини ҳадиссиз тўлиқ бўлмайди. Чунки, уни ҳадислардан айро ҳолда тасаввур қилиш имконсиздир.
Юқоридаги оятнинг маъносини қуйидагича тушуниш мумкин: «Кофирлар Аллоҳнинг динини ёлғон ва урушлар билан йўқ қилмоқчи бўлади, лекин буни уддалай олмайди. Улар қуёш нурини пуфлаб ўчирмоқчи бўлган нодонларга ўхшайди. Аллоҳ таоло Ўз динини муқаррар ғолиб қилади».
Учинчидан, Аллоҳ таолонинг мана бу каломи: «Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз» [Ҳижр сураси, 9- оят].
Ушбу далил “зикр” сўзининг маъносига боғлиқ. Луғат китобларида, хусусан, «Ал-Қомус»да бу калима “дин тафсилотлари ва қонун-қоидалари баён қилинган китоб” деб таърифланган. Имом Роғибнинг «Муфрадот» асарида: «Ҳар бир ҳақ сўз зикр дейилади», деб айтилган.
Ибн Форис “китоб” сўзининг асли бир нарсани бошқасида жамлашни англатишини айтиб ўтган. Имом Роғиб эса, ёзувда ҳарфларни бир-бирига қўшиб тизиш «китобат» (ёзиш) дейилишини, бу сўз баъзан оғзаки нутққа нисбатан ҳам ишлатилишини қўшимча қилган. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолонинг каломи, гарчи ўша кезлари ҳали қоғозга туширилмаган бўлса-да, оятларда «китоб» деб номланган.
«Дин тафсилотлари баён қилинган китоб» сўзларига кўра, «Албатта, зикрни Биз нозил қилдик» оятидаги “зикр” Қуръони карим экани аён бўлади. Кўпчилик уламо ва муфассирлар шу фикрда якдилдир. Бироқ “зикр” сўзи фақат Қуръонга хос эмас, балки кенг маъноли бўлиб, у бошқа нарсаларга нисбатан ҳам ишлатилади. Масалан, «Билмасангиз, зикр аҳлидан сўрангиз» оятидаги «зикр аҳли» олимлардир.
Шунга кўра, «Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз» ояти Қуръони каримнинг ўзгаришдан сақланишини очиқ-ойдин билдиради. Лекин фақат Қуръонни сақлашини англатмайди. Чунки Ҳақ таоло бошқа нарсаларни ҳам сақлаган, масалан, Пайғамбаримизни душманлар суиқасдидан асраган, шунингдек, Аршни, осмонлар ва ерни заволга юз тутишдан сақлаб туради.
Оятдаги муҳофаза қилиш ваъдаси аввалги илоҳий китобларга нисбатан қўлланган бўлиши ҳам мумкин. Чунки Аллоҳ таоло аввалги китобларни сақлашни ўша қавмларнинг ўзига топширган, улар эса буни уддалай олмаган эди. Оқибатда олдинги илоҳий китоблар ўзгартириб юборилганди. Қуръонни сақлашни эса Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олди.
Оятнинг маъно ва мақсадига қаралса, у исломни барча жиҳатлари билан сақлашни ўз ичига олади. Муқаддас динимизнинг иккинчи асоси бўлган ҳадислар ҳам шулар жумласидандир. Чунки Қуръонни сақлашдан мақсад исломни муҳофаза қилиш экан, у ҳадиссиз тўлиқ сақланиб қолмайди.
Қуръони каримни муҳофаза қилишдан асосий мақсад бандаларнинг унга амал қилишидир. Мусҳафи шарифдаги кўплаб ҳукмлар умумий ва қисқа берилган, уларни уларга ҳадис орқали батафсил тушунгачгина амал қилиш мумкин. Масалан, Аллоҳ азза ва жалла: «Ва сизга (эй Муҳаммад!) одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришингиз учун зикрни нозил қилдик», деган. Бу Қуръон билан бирга унинг “баёни”ни – маъносини, тафсилотларини, яъни ҳадисларни ҳам Аллоҳ сақланишини тасдиқлайди.
Айнан шунинг учун ҳам улуғ имом Абдуллоҳ ибн Муборак ҳадиснинг муҳофаза қилинишига мана шу оятни далил қилиб келтирган. У кезларда уйдирма ҳадислар кўпайиб кетган эди. Бир куни одамлар: «Бу тўқилган ҳадислар нима бўлади?» деб сўрашганида, у: «Улар учун билимдон мутахассислар бор», деб жавоб бериб, «Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз» оятини қироат қилган.
Бу билан улуғ имом ҳадислар ҳам худди Қуръони карим каби Аллоҳ таолонинг ҳимоясида эканини тушунтирган. Ҳадислар мажмуидан ташкил топган Суннатни сақлаш эса билимдон муҳаддис олимлар орқали амалга оширилади. Улар ҳадисларни илм элагидан ўтказиб, саралаб, саҳиҳини заифидан, аслини уйдирмасидан ажратиб беради. Ислом тарихи давомида муҳаддислар айнан шу ишни қилди ва бу Аллоҳнинг ҳадисни сақлаш ҳақидаги ваъдасининг исботи бўлди.
Суннатнинг муҳофаза қилинишига бошқа далиллар ҳам бор.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўнгги пайғамбар эканлари, у зотнинг дини қиёматгача боқий бўлиши учун исломнинг асоси бўлган ҳадислар ҳам сақланиши шарт.
Диннинг мукаммал қилингани Аллоҳ таолонинг «Бугун динингизни мукаммал қилиб бердим» [Моида сураси, 3-оят] деган сўзлари билан собит бўлган. Бу хитоб қиёматгача бўладиган барча замонларга тегишли. Диннинг мукаммаллиги эса ҳадислар сақлангандагина тамомига етади.
Аллоҳ Ўз нурини батамом қилиши – «Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёқтирмаса ҳам, ўз нурини батамом қилишдан бошқа ҳар нарсадан бош тортадир» [Тавба сураси, 32-оят] ояти ҳам исломнинг барча асослари сақланишини англатади.
Ҳадиснинг ваҳий экани бундай тасдиқланади. Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «“Мен сизларни фақат ваҳий орқалигина огоҳлантирурман. Гунглар огоҳлантирилган вақтда даъватни эшитмаслар” денг» [Анбиё сураси, 45-оят], деган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни ҳам Қуръон, ҳам ҳадис билан огоҳлантирганлар. Демак, ҳадис ҳам Қуръон каби ваҳийдир. Суннатдан эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу сўзлари далил бўлади: “Менга Қуръон билан бирга унинг мислича берилди”.
Қуръони каримдаги кўплаб ҳукмлар умумий бўлиб, улар ҳадисларда келган тафсилотларга муҳтож. Суннат муҳофаза қилинмаганида, Қуръон ҳукмларига амал қилиб бўлмас эди.
Аллоҳ таоло: «Ва сизга (эй Муҳаммад!) одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришингиз учун зикрни нозил қилдик», деган. Бу оят ҳам ҳадиснинг сақланишини тақозо қилади, чунки тушунтирувчи манба йўқолса, Қуръони каримнинг мақсади амалга ошмай қолади.
Ҳақ таоло бундай марҳамат қилган: «Ким исломдан бошқа динни хоҳласа, бас, ундан бу ҳаргиз қабул қилинмас ва у охиратда зиён кўргувчилардан бўладир» [Оли Имрон сураси, 85-оят]. Бу ҳукм қиёматгача яшайдиган барча инсонларга тааллуқли. Уларнинг дин бўйича ҳужжати тўлиқ бўлиши учун у аввало ўша авлодларга тўлиқ ҳолида етиб бориши керак. Ислом дини эса ҳадиссиз тўлиқ етиб бормайди. Демак, қиёматгача дин сақланиши учун ҳадислар муҳофаза қилиниши шарт.
Ҳадиснинг илоҳий муҳофазаси фаразнамо таъкид эмас, балки олимлар, айниқса, ҳадис илми ва ровийлар бўйича мутахассислар аниқ биладиган ҳаётий ҳақиқатдир. Ислом уммати ҳадисларни сақлашга, тўғрисини хатосидан ажратишга мисли кўрилмаган даражада катта аҳамият берган. Ҳадисларнинг мукаммал сақланганига фақат бу илмлардан бехабар бўлган жоҳиллар ё исломга зарар етказишни кўзлаган ғаламисларгина шубҳа қилади. Бу шубҳа замирида аслида илмий-мантиқий шубҳа-гумон эмас, ғараз ётган бўлади.
Ислом уламолари юқоридагилардан келиб чиқиб, Суннат ҳам худди Қуръони карим каби Аллоҳнинг ҳимоясида, деган хулосага келган.
Имом Шофеий таъкидлаганидек, Суннат уламолар орасида тўлалигича сақланган. Тўғри, бир олим барча ҳадисларни билмаслиги мумкин, лекин у бехабар бўлган ривоятдан бошқа бир олим, албатта, бохабар бўлади. Шу тариқа барча олимларнинг билганлари жамланса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатлари тўла-тўкис намоён бўлади. Ҳеч бир ҳадис бутунлай йўқолиб кетмайди.
Имом Ибн Ҳазм ҳадисларнинг Қуръони карим каби Аллоҳ томонидан сақланишига бир қанча оятларни далил қилиб келтирган. Аввало айтиш керакки, у ҳам «Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз» оятидаги зикр сўзини барча ваҳийларга тегишли деб билади.
Олимнинг фикрича, Қуръон ва ҳадислар бир-бирини тўлдиради. Иккаласи ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузуридан келгани учун ҳам шундай. Мана шундан келиб чиқиб, иккисидаги ҳукмларга бирдек итоат қилиш лозим.
“Мен сизларни фақат ваҳий орқалигина огоҳлантирурман”. Ҳақ таоло инсонларни тўғридан-тўғри эмас, пайғамбарлар орқали огоҳлантиради. Пайғамбарлар, хусусан, Набий алайҳиссалом инсонларни нафақат оятлар билан, балки ҳадислар билан ҳам огоҳлантирганлар. Демак, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари ваҳийдир. Ваҳий (зикр) эса Қуръондаги илоҳий ваъда билан муҳофазага олинган.
Аллоҳ таоло бир нарсани сақлашни ўз зиммасига олдими, демак, у йўқолиб ҳам кетмайди, ўзгариб ҳам қолмайди. Диннинг қайсидир бир жиҳати йўқ бўлиб кетса ёки у ҳақ билан ботилни ажратиб бўлмайдиган даражага тушиб қолса, илоҳий ваъда қуруқ гап бўлиб қолар эди. Ваҳоланки, Қодир Парвардигордан Унинг Ўзига маломат келтирадиган калом нозил бўлиши ҳар қандай мантиққа зиддир.
Шунинг учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин қандай бўлган эса, қиёматга қадар шундайлигича қолади. У зот айтган динга оид бирор сўз йўқолиши ёки унга биронта уйдирма гап мутлақо ажралмайдиган бўлиб аралашиб қолиши асло мумкин эмас.
Яна бир муҳим жиҳат шуки, Аллоҳ таоло Мусҳафи шарифда намоз, закот ва ҳаж каби амаллар қисқа тарзда айтилган, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръонни одамларга тушунтириб беришни буюрган. Эътибор берсак, уларнинг қандай бажарилиши фақат ҳадислар орқали маълум бўлади. Бу кўрсатмалар сақланмаганида, ишончли бўлмаганида эди, дин арконларига амал қилишнинг имкони қолмас, фарз амаллар қатъий қоидалар асосида эмас, пала-партиш ва бетартиб бажариладиган бўларди. Баъзилари ҳатто бекор бўлиб ё унутилиб, йўқолиб ҳам кетиши ҳам ҳеч гап эмасди.
Бу шуни англатадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дин борасида айтган ҳар бир сўзлари Аллоҳ таолонинг ҳимоясида бўлиб, унга ҳеч қачон ёт нарсалар ажратиб бўлмайдиган даражада аралашиб кетмайди.
Сўз сўнгида халқ орасидаги “жўн гап”га ҳам мурожаат қилсак. Исломда “Қуръонда зикр қилинган нарса қиёматгача йўқолмайди” деган тушунча бор. Бунинг маъноси шуки, Қуръони карим муҳофазада экан, унда қайд этилган нарсалар келгуси авлодлар учун тушунарсиз, мавҳум, унутилган бўлиб қолмайди, балки Мусҳафи шарифдек сақланади. Шунга мувофиқ фикр юритадиган бўлсак, Қуръони каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш – буюрганларини бажариш, нимадан қайтарган бўлсалар, уларни тарк қилиш – амри бор. Бу илоҳий амр ҳам – Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатлари қиёматгача сақланишини англатади. Негаки, Суннат сақланмаса, унга амал қилишни амр этишда маъно ва мантиқ қолмасди. Ҳақ таолонинг амри эса, боя таъкидланганидек, Унинг Ўзига маломат келтирадиган гап эмас, балки илоҳий ҳикматдир.
Нурмуҳаммад МАТКАРИМОВ
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими