frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Абу Ҳанифа ва у кишининг мазҳаблари

24.03.2023   5724   8 min.
Абу Ҳанифа ва у кишининг мазҳаблари

Мусулмонлар оммасига Имоми Аъзам номи ила машҳур бўлган бу зот ҳақида кўплаб мақолалар ва китоблар ёзил-ган. Биз эса, у кишининг улуғ ҳаётлари билан қисқача тани-шиб чиқамиз. Абу Ҳанийфа Нўъмон ибн Собит Куфа шаҳрида ҳижрий саксонинчи санада таваллуд топдилар.

У киши аҳли сунна ва жамоа фиқҳ мазҳаб бошлиқлари ичида энг аввал туғилганларидир.

Ёшликларидан таҳсили илм қилдилар, бир вақтнинг ўзида касб ҳам қилар эдилар. Ипак сотар эдилар. Талаби илмни тугатишлари билан дарс ва фатво беришни бошладилар. У кишида илм билан бирга тақво, ибодат, зоҳидлик ва Аллоҳга ёлбориш каби сифатлар ҳам мужассамлашган эди.
У кишининг шахсий фазийлатлари ҳақида алоҳида ки-тоблар ёзилган. Дийний фаолиятда фақат илмнинг ўзи ки-фоя қилмайди. Балки илм билан бирга тақво ва Аллоҳ тао-лога доимий боғлиқлик бўлиши зарур. Бу нарсалар имом Абу Ҳанийфада олий даражада эди. У кишини кўмишдан аввал ювган ғассол Ҳасан ибн Амора ювишни тамомлаб бўлиб, ка-фанлаб қўйилган жасадларига қараб:
«Аллоҳ сизни раҳмат қилсин, мағфират айласин. Ўттиз йилдан бери рўзасиз юрмадийнгиз. Қирқ йил кеча-си ёнбошингиз кўрпа кўрмади. Сиздан кейин келганлар-ни чарчатдийнгиз. Қориларни шарманда қилдийнгиз», деган экан.
Маълумки, ўша вақтда ҳокимлар доимо тақводор ва ўзига ишончи бор уламолардан ҳадиксираб юришарди. Ула-моларни нима қилиб бўлса ҳам тузоқларига илинтириш ёки йўқ қилиш пайидан бўлардилар. Шундай ҳолат имом Абу Ҳанийфа ҳаётларида ҳам бўлган. У кишининг халқ ўртасидаги обрўларидан қўрққан Язид ибн Умар ибн Ҳу-байра Куфага қози қилмоқчи бўлди. Абу Ҳанийфа бош тор-тдилар. Шунда у кишини қамаб қўйиб, ҳар куни ўн қамчидан уришга амр бўлди. Аммо азоб ҳам имом Абу Ҳанийфани ўз фикрларидан қайтара олмади.
Халийфа Жаъфар Мансур Бағдодни қураётиб, Абу Ҳа-нийфани Куфадан олдириб келди. Имом Абу Ҳанийфа шаҳарни режалаш ва қуришда қатнашдилар. Аммо халийфа қозиликни таклиф қилганда, бош тортдилар. Орада яна дўқ-пўписа, тортишишлар бўлди.
Имом Абу Ҳанийфа ҳаётини ўрганган тарихчиларнинг айтишларича, у киши халийфа Мансурнинг: «Агар қози бўлмасанг, Фурот дарёсига оқизиб юбораман», деган дўқларига: «Дарёда оқишни афзал кўраман. Билиб қўй, мен бу ишни эплай олмайман», деганлар.
Шунда халийфа Имомга: ёлғон айтаяпсан, деган. Имом Абу Ҳанийфа, дарҳол: сен ёлғончини қози қилишга қандоқ рози бўлаяпсан, деганлар.
Ҳокимият саройи билан Имоми Аъзам ўрталаридаги ке-лишмовчиликлар кейин ҳам давом этди. Ҳокимиятнинг ёл-лаб олган олимлари хатога йўл қўйсалар аёвсиз фош қилар, у киши шу билан бирга, оддий кишилар, бечораларни доимо ҳимоя қилар эдилар. Имоми Аъзам ҳижрий 150-санада ва-фот этдилар.
Бу буюк имомнинг асл исмларини кўпчилик билмайди ҳам. Аммо ҳамма Имоми Аъзам, яъни «улуғ имом», «катта имом» деб номлайди. Ҳақийқатда ҳам у киши бунга сазовор зотдирлар. «Зар қадрини заргар билади» деганларидек, у кишининг қадрларини ҳам уламолар, имомлар биладилар.
Имоми Аъзам ҳақида бошқа мазҳаб соҳиби имом Шо-феъий: «Одамлар фиқҳда Абу Ҳанийфанинг боқимандала-ридир», деганлар.
Бошқа бир мазҳаб соҳиб имом Моликдан одамлар «Абу Ҳанийфани кўрганмисиз?» деб сўрашганда, «Ҳа, агар ушбу устунни тилло демоқчи бўлса, ҳужжат топа оладиган одамлигини кўрдим», деб жавоб берган экан-лар.
Машҳур имом Абдуллоҳ ибн Муборак:
«Фиқҳда энг кучли одам Абу Ҳанийфадир. Унга ўхша-шини кўрмадим», деганлар.
Улкан илм соҳиби бўлмиш имом Абу Ҳанийфа ўз мазҳабларини бино қилишда Қуръони Карим, суннати наба-вия, ижмоъ, қиёс, саҳобаларнинг қавлларига суянадилар. Ҳукмларни чиқаришда қиёс ва истеҳсонга бошқалардан кўра кўпроқ мурожаат қилдилар.
Уламолар бу ҳақда у кишининг ўз сўзларини иқтибос қилиб келтирадилар: «Мен, аввало, ҳукмни Аллоҳнинг кито-бидан оламан, ундан топмасам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан оламан. Агар ҳам Ал-лоҳнинг китобида, ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва-салламнинг суннатларида топа олмасам, саҳобаларнинг га-пидан бошқаникини олмайман. Гап Иброҳим, Шаъбий, Ибн Сийрийн ва Ибн Мусайябга етганда, ўзим уларга ўхшаб иж-тиҳод қиламан», деганлар.
«Мевали дарахтга тош отадилар» деганларидек, исло-мий фиқҳнинг душманлари, унинг энг кўзга кўринган арбоби имом Абу Ҳанийфани нишонга олганлар. У кишини айблаш орқали фиқҳ илмига футур етказишга ҳаракат қилганлар. Баъзи вақтларда, билмасдан, ҳатто тарафдорлар ҳам шунга ўхшаш номақбул нарсаларни айтиб юрганлар.
Имоми Аъзамга қилинган таъналардан каттаси у кишини «ҳадис илмида қолоқ» деб айблашдир. Душманлар: Абу Ҳанийфа ўн еттита ҳадис ривоят қилган, холос, дейишади. Бу ботил гап бўлиб, у киши ёлғиз ўзлари ривоят қилган ҳадисларнинг сони икки юз ўн бешта, бошқалар билан ше-рикликда ривоят қилган ҳадислари эса, жуда ҳам кўп. У ки-шининг «Муснад» номли китобидаги намоз бобининг ўзида бир юз саккизта ҳадис келтирилган.
Абул Муайяд Муҳаммад ибн Маҳмуд Хоразмий Абу Ҳа-нийфанинг муснадларини жамъ қилиб, бир китоб шаклига келтирган. Бу китоб ҳижрий 1326-санада Мисрда чоп этил-ди. Ҳажми катта бўлиб, 800 саҳифача келади.
Баъзилар: Абу Ҳанийфа қиёсни заиф ҳадисдан устун қўяди, дейишган. Лекин, аслини олганда, ундай эмас экан. Уламолар бу масалани ҳам ўрганиб чиқишган ва Имоми Аъзам заиф ҳадисни қиёсдан устун қўяди, деган хулосага келганлар. Бунга мисоллар ҳам келтирганлар: «Намозда қаҳқаҳа билан кулса тоҳарат кетиши ҳақидаги ҳадис заиф бўлса ҳам, Абу Ҳанийфа уни қиёсдан устун қўйиб қабул қилганлар».
Имом Абу Ҳанийфанинг ўзлари бу ҳақда: «Аллоҳга қа-самки ким бизни қиёсни нассдан (яъни: ҳадисдан) устун қўяди деса, ёлғон айтибди ва бизга туҳмат қилибди. Насс бўлгандан кейин қиёсга ҳожат қолар эдими?!» дейдилар.
Имом Аъзам ўз мазҳабларида доимо мусулмонларга енгиллик бўлишининг тарафдори сифатида ижтиҳод қилганлар.
Кези келганда яна бир мулоҳазани айтиб ўтмоқчиман. Ҳамма, ҳатто Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳининг мух-лислари ҳам у кишини раъй, яъни фикрий фиқҳнинг асосчи-си дейишади ва ҳадисни кўп ишлатган имомларга муқобил қўйишади. Худди бошқа имомлар ҳадисдан ҳукм чиқаришган-у, Имоми Аъзам эса фикрларидан чиқарганга ўхшаб қолади. Менимча бу хато фикр. Бунга Имоми Аъзам яшаган шароит ва бошқа омиллар сабаб бўлган бўлса керак.
Мисол учун, имом Молик умуман бошқа шароитда яшаб, ижод қилганлар. У киши Мадийнаи Мунавварада, ҳадис ил-мининг марказида яшаганлар. Шунинг учунми, ҳар бир фиқҳий масала айтганларида, унга қўшиб ҳадисдан унинг далилини ҳам айтганлар.
Имом Моликнинг «Муваттоъъ» китобларида ҳадис ва ривоятлар фиқҳий боблар асосида жамланган.
Имоми Аъзам ўзлари ажам бўлганлар, асосан арабмас халқлар билан яшаганлар, эҳтимол яна бошқа омиллар бўлгандирки, у киши фиқҳий ҳукмни айтиб, ўз сўзлари би-лан ифода қилганлар-у, ортидан унга далил бўлган ҳадисни зикр қилмаганлар.
Ҳанафий мазҳабига оид фиқҳий китобларни мутолаа қилган ҳар бир киши буни дарҳол тушуниб етади. Аммо Али Қорининг «Мухтасари Виқоя» китобига ёзган шарҳини ўқиган одам Ҳанафий мазҳабида айтилган ҳар бир гапнинг оят ва ҳадисдан далили бор эканига ишонч ҳосил қилади.
Ҳозирги кунимизда покистонлик уламолардан аллома Зафар Аҳмад Усмоний ўзларининг устозлари улуғ олим са-моҳатли шайҳ Ашраф Али Таҳонавийнинг кўрсатмалари ила «Эълоус-Сунан» номли йигирма бир жилдли китобни йигир-ма йил давомида ёзиб тугатдилар. Бу китоб улкан меҳнат самараси ўлароқ ҳанафий мазҳабидаги фиқҳий масалалар ҳадислар асосида ечилганини исбот қилибгина қолмай, ҳадисдан фойдаланишда бошқа мазҳаблардан устун экани-ни ҳам исбот қилди. Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳига тил теккизаётганлар аввало мазкур икки китобни ўқиб, сўнгра гап бошласалар, яхши бўлади.
Аллоҳ таоло ўтган уламоларимизнинг барчасини, жум-ладан, Имоми Аъзамни раҳмат айласин. Қолганларни тўғри йўлга бошлаб, ўзи адаштирмасин.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Фидойи аждодларимиз жасорати – ҳамиша ибрат намунаси

28.08.2026   71386   6 min.
Фидойи аждодларимиз жасорати – ҳамиша ибрат намунаси

Мустақиллик байрами арафасида Ватан озодлиги йўлида курашган қаҳрамон аждодларимизни миннатдорлик билан ёд этамиз, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, уларнинг жасорати бугунги эркин ҳаётимиз ва миллий истиқлолимизнинг қадрини янада теран англатади.

28 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, уламолар, нуронийлар ва зиёлилар йиғилди.

Қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Ватан фидойилари ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Элга ош тортилди.

Хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилинди. Шу ерда давлатимиз раҳбарининг уламолар ва зиёлилар билан тарихий хотирани асраш, қатағон қурбонлари номини тиклаш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари юзасидан мулоқоти бўлди.

– Шу кунларда эл-юртимиз билан биргаликда мустақиллигимизнинг 35 йиллигини катта хурсандчилик билан кутиб оляпмиз, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ўттиз беш йилдан буён ҳеч кимга қарам бўлмасдан, мана шундай тинч ва тиниқ осмон остида эркин ва фаровон яшаяпмиз. Бу – катта бахт, бебаҳо бойлик. Шундай улуғ кунларда истиқлол ва озодлик йўлида ҳалок бўлган қаҳрамон аждодларимизни эслаш, уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш – муқаддас бурчимиз.

Давлатимиз раҳбари фидойи аждодларимизнинг қаҳрамонлиги ҳеч қачон унутилмаслиги, уларнинг жасорати халқимиз учун ҳамиша маънавий куч манбаи бўлиб қолишини таъкидлади.

– Барча ислоҳотларимиз марказида турган “Инсон қадри учун!” деган эзгу ғоя жасур ота-боболаримизнинг руҳларини шод этиш, орзу-ниятларини рўёбга чиқариш бўйича ишларимизни янада кучайтиришни талаб этади. Бу азиз инсонлар хотираси қанча эъзозланса, бугунги тинч ҳаётимиз, миллий истиқлолимиз қадри шунча ошади, – деди Президент.

Кейинги йилларда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш ва тарихий адолатни тиклаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳидлар хотираси хиёбонидаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи тўлиқ реконструкция қилиниб, экспозицияси бойитилди, замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Рақамли тизимлар ва сунъий интеллект ёрдамида кўргазмаларнинг таъсирчанлиги оширилди.

Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ташкил этилган қатағон қурбонлари музейлари ҳам замон талаблари асосида жиҳозланди. Уларнинг фондлари дунёнинг турли нуқталаридан келтирилган ноёб ҳужжатлар ва фотосуратлар билан бойитилмоқда.

2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қатағон қурбони бўлган 1 минг 200 дан зиёд юртдошимиз оқланди. Жорий йилда собиқ мустабид тузум даврида ноҳақ айбланиб, турли муддатларга қамалган ёки ўлимга ҳукм этилган яна 161 нафар ватандошимизнинг номи оқланди.

Сўнгги беш йилда жадид боболаримиз меросини ўрганишга бағишланган илмий-амалий анжуманлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Мустабид тузумда ноҳақ қурбон бўлган ватандошларимизнинг номлари аниқланиб, уларнинг фаолияти, илмий ва ижодий мероси ўрганилмоқда. Юзлаб, минглаб фидойи юртдошларимиз ҳақидаги маълумотлар китоблар, матбуот ва оммавий ахборот воситалари орқали халқимизга етказилмоқда.

Мулоқотда ўтган асрнинг 80-йилларида ҳам минглаб ватандошларимиз “пахта иши”, “ўзбек иши” деган сохта айбловлар билан сиёсий қатағонга учрагани қайд этилди. 1983-1990 йилларда 40 минг нафар ўзбекистонлик тергов қилиниб, 5 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилган. Бугун бу борада ҳам тарихий адолат тикланмоқда. Бундай эзгу ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари дунёда қуролли можаролар ва сиёсий қарама-қаршиликлар кучайиб, улар бизга яқин минтақаларга ҳам кириб келаётгани ташвишли эканини таъкидлади. Бу юртимиздаги тинчликни қадрлаш, янада жипс ва ҳамжиҳат бўлиб яшашни талаб этади.

– Бизнинг йўлимиз – тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик йўли. Ўзбекистон ушбу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмайди, – деди Президент.

Бугун юртдошларимиз дунёнинг исталган мамлакатига эмин-эркин бориб келмоқда, Ўзбекистон барча давлатлар билан тенглик асосида ҳамкорлик қилмоқда. Бу мустамлакачилик занжирлари ва “пахта қуллиги”дан бутунлай озод бўлганимизнинг амалий ифодасидир.

Ҳаёт ва келажакни билим ҳамда маърифат асосида қуриш, узоқ-яқин мамлакатлар билан дўстона ҳамкорлик қилиш Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим шарти экани таъкидланди. Буюк жадид боболаримиз бежиз миллатни уйғоқликка, билим ва маърифатга чақирмаган. Уларнинг кураш ва маърифат мактаби бугун ҳам ғоят долзарб аҳамиятга эга.

Шу боис, ёшларнинг сифатли таълим олиши, ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етишига катта эътибор қаратилмоқда. Сўнгги ўн йилда олийгоҳлар сони 77 тадан 205 тага етказилди, қабул квоталари мунтазам ошириб борилди. Жаҳондаги ТОП-100 таликка кирадиган олийгоҳларда 3 минг 500 дан зиёд фарзандимиз таълим олмоқда. Мактаб ва мактабгача таълим тизимларида ҳам муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

– Ёшларни миллий ғурур асосида тарбиялашга алоҳида аҳамият беришимиз керак. Миллий ғурур – инсоннинг қалбини, юрагини, бутун вужудини куч-ғайратга тўлдирадиган қудратли куч. Миллий ғурури бор одам ҳеч қачон енгилмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази барпо этилди, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси бутунлай қайтадан бунёд қилинди, Марғилонда Бурҳониддин Марғиноний номидаги марказ ишга туширилди. Булар Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли – тинчлик, дўстлик ва бунёдкорлик, билим ҳамда маърифат йўли эканини тасдиқлайди.

Сўнгги ўн йилда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар туфайли 100 мингдан зиёд юртдошимиз ҳожилик мақомига эга бўлди. Давлатимиз раҳбари диний жамоатчилик жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларга тўғри тарбия бериш жараёнларида янада фаол иштирок этишига ишонч билдирди.

– Бугун мана шу табаррук масканда туриб, тинч-осойишта ҳаётимиз, эришаётган ютуқларимиз учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтамиз. Мана шундай озод ва фаровон кунларни орзу қилиб, армон билан ўтган қаҳрамон ота-боболаримиз, жасур момоларимизнинг руҳлари шод бўлсин! Юртимиз тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик диёри сифатида янада гуллаб-яшнасин! Аллоҳ таолонинг ўзи Ватанимизни паноҳида асрасин! – деди Президент.

Уламолар қатағон қурбонлари ва Ватан озодлиги йўлида жон фидо этган аждодларимиз руҳига дуо қилиб, юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, файзу барака барқарор бўлишини тиладилар. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари