СУКУТ сақлашнинг
702 та энг муҳим ФОЙДАСИ (фақат АСОСИЙЛАРИ)
(5 қисмдан иборат)
ни
УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:
(2-қисм)
ДОНО ХАЛҚИМИЗ МАҚОЛЛАРИ:
Ü Тилни тийган бой бўлар.
Ü Катта тишласанг ҳам, катта гапирма!
Ü Сўз кўрки — мақол.
Ü Етти ўйлаб, бир кес.
Ü Олдин ўйла, кейин сўйла.
Ü Дунёни ел бузар,
Одамни — сўз.
Ü Айтдим — тутилдим,
Айтмадим — қутулдим.
Ü Гапирганинг — кумуш,
Гапирмаганинг — олтин.
Ü Тил суяксиз бўлса ҳам, суякни янчий олар.
Ü Ёмон тил ё жонга урар,
Ё — имонга.
Ü Сукут сўздан афзал.
Ü Кўп гап — эшакка юк.
Ü Ариқни сув безар,
Одамни — сўз.
Ü Ёмон сўз эгасига қайтар.
Ü Айтар сўзни айт,
Айтмас сўздан қайт.
Ü Айтилган сўз — отилган ўқ.
Ü Гапнинг ози яхши,
Қизнинг — нози.
Ü Гапнинг қисқаси — яхши,
Қисқасидан ҳиссаси — яхши.
Ü Сукут — гул.
Ü Анжом — уй зийнати,
Сўз — инсон зийнати.
Ü Аччиқ савол бериб,
Ширин жавоб кутма.
Ü Яхши сўз кулдирар,
Ёмон сўз ўлдирар.
Ü Суйдирган ҳам тил,
Куйдирган ҳам тил.
Ü Аччиқ тил — заҳри илон,
Чучук тилга — жон қурбон.
Ü Ўзига боқма, сўзига боқ.
Ü «Баракалла»га қуйи меҳнат қилиб ўлар.
Ü Бир таваккал бузади,
Минг қайғунинг қалъасин.
Бир ширин сўз битказар,
Минг кўнгилнинг ярасин.
Ü Бир яхши гап эсдан чиқмас,
Бир — ёмон гап.
Ü Бировнинг ўзи ғар,
Бировнинг сўзи ғар.
Ü Буғдой нонинг бўлмасин,
Буғдой сўзинг бўлсин.
Ü Гапда ғийбат ёмон,
Дардда — қуёнчиқ.
Ü Гапдан гап чиқар,
Чўпдан — хас.
Ü Гапи гапга ўхшамас,
Оғзи гапдан бўшамас.
Ü Гапи сассиқнинг ўзи сассиқ.
Ü Гапи тўмтоқнинг ўзи тўмтоқ.
Ü Гапи тўнгнинг ўзи тўнг.
Ü Гапнинг ёмони пичир.
Ü Гўшт-ёғ берма, яхши тил бер.
Ü Доннинг аччиғи яхши,
Сўзнинг — ширини.
Ü Дуо билан эл кўкарар,
Ёмғир билан ер кўкарар.
Ü Дуо олган кўкарар,
Туҳмат олган оқарар.
Ü Дуо олган омондир,
Қарғиш олган ёмондир.
Ü Ёмон гап — бош қозиғи,
Яхши гап — жон озиғи.
Ü Ёмон гап ер тагида уч йил ётар.
Ü Ёмон гап тарсакидан ёмон.
Ü Ёмон гапнинг оёғи олти.
Ü Ёмон сўз бўлмаса,
Яхши сўз бўлмайди.
Ü Ёмон сўзлаб совутма,
Жон оғритиб овутма.
Ü Ёмон сўзнинг қаноти бор.
Ü Ёмоннинг тили бор,
Яхшининг — дили.
Ü Ёмоннинг юзи қурсин,
Гапирган сўзи қурсин.
Ü Ёмоннинг яхши сўзидан,
Яхшининг ёмон сўзи яхши.
Ü Жиғли қарғиш жиғини топар,
Жиғсиз қарғиш — ўзини.
Ü Заҳар тил суякни ёрар.
Ü Илиқ сўз — шакар,
Совуқ сўз — заҳар.
Ü Иссиқ кийим танни илитар,
Иссиқ сўз жонни илитар.
Ü Кишининг ўзи етмаган ерга сўзи етар.
Ü Куч эгмаганни сўз эгар.
Ü Кўздан кўзинг тойса,
Сўздан кўнглинг тояр.
Ü Кўнгилни қўл билан овламасанг,
Тил билан овла.
Ü Кўнгилсиз гапнинг кечиккани яхши.
Ü Мазали сўзга қулоқ чарчамас.
Ü Маъқул сўзга қорув йўқ.
Ü Минг чечанни бир эзма енгар.
Ü Муздан сув томар,
Сўзамолдан — бол.
Ü Овни — озиқ билан,
Одамни — сўз билан.
Ü Овқатни туз мазали қилар,
Одамни — сўз.
Ü Одам гап билан,
Ҳайвон ўт билан.
Ü Одам сўзи билан синалар,
Ош — тузи билан.
Ü Одам — сўзлашгунча,
Йилқи — кишнашгунча.
Ü Одам сўзлашиб танишар,
Ҳайвон — ҳидлашиб.
Ü Одам сўзлашар,
Ҳайвон ялашар.
Ü Олим сўзи оз,
Оз бўлса ҳам соз.
Ü Орқадаги гап — оғилдаги тезак.
Ü Очиқ тил ош едирар,
Аччиқ тил тош едирар.
Ü Оқ дегани — олқиш,
Қора дегани — қарғиш.
Ü Оғизга келган сўз арзон,
Овулга келган бўз арзон.
Ü Оғиздан чиққан сўз қайтмас.
Ü Оғриган жойга қўл югурар,
Оғритар сўзга тил югурар.
Ü Пичир-пичирдан ўт чиқар.
Ü Пулинг бўлмаса, бўлмасин,
Ширин сўзинг бўлсин.
Ü Сабр қилган мой ошар,
Олқиш олган кўп яшар.
Ü Сен ҳам — бир оғиздан,
Сиз — ҳам.
Ü Совуқ гап юракни музлатар.
Ü Сув ўз йўлини топар,
Сўз — ўз эгасини.
Ü Суяксиз тил суяк синдирар.
Ü Сўз — бир, сайқал — қирқ.
Ü Сўз калтада,
Ун халтада.
Ü Сўз найзадан ўткир.
Ü Сўз оёқдан илгари борар.
Ü Сўз ожизи бўлгунча,
Кўз ожизи бўл.
Ü Сўз суякдан ўтар,
Таёқ — этдан.
Ü Сўз чумчуқ эмас,
Оғиздан чиқса, тутиб бўлмас.
Ü Сўз эмгак бўлар,
Бўз — кўйлак.
Ü Сўзда қанқув ёмон,
Дардда — санчув.
Ü Сўздан сўзнинг фарқи бор,
Ўттиз икки нархи бор.
Ü Сўздан сўз чиқар,
Сўзламасанг на чиқар.
Ü Сўзи нодурустнинг ўзи нодуруст.
Ü Сўзлагандан сўзламаган яхшироқ,
Сўзлаб эдим, бошимга тегди таёқ.
Ü Сўзни бир эзмадан сўра,
Бир — кезмадан.
Ü Сўзни сўз очар.
Ü Сўзнинг бойлиги — одамнинг чиройлиги.
Ü Сўзнинг ёмони — санчиқ,
Дарднинг ёмони — қуёнчиқ.
Ü Сўзнинг онаси — қулоқ,
Сувнинг онаси — булоқ.
Ü Таёғи йўғон бирни урар,
Сўзи йўғон мингни урар.
Ü Танбаллик — кулфат,
Маҳмаданалик — офат.
Ü Таом лаззати ўзида.
Одам лаззати — сўзида.
Ü Тил — ақл безаги.
Ü Тил — ақл тарозуси.
Ü Тил — ақл ўлчови.
Ü Тил бор, бол келтирар,
Тил бор, бало келтирар.
Ü Тил — дил калити.
Ü Тил — дил таржимони.
Ü Тил — дил жарчиси.
Ü Тил тиғи қилич тиғидан ўткир.
Ü Тил югуриги — бошга,
Оёқ югуриги — ошга.
Ü Тил яхшиси бор этар,
Тил ёмони хор этар.
Ü Тил тиғдан ўткир.
Ü Тилга ихтиёрсиз — элга эътиборсиз.
Ü Тилга эътибор — элга эътибор.
Ü Тилга эҳтиёт — элга эҳтиёт.
Ü Тили нопок — ўзи нопок.
Ü Тили шириннинг дўсти кўп.
Ü Тилни боғла дил билан,
Дилни боғла тил билан.
Ü Тиғ жароҳати битар,
Тил жароҳати битмас.
Ü Тоза сувни ер олар,
Яхши сўзни эл олар.
Ü Тузсиз ошнинг эпи осон,
Тузсиз гапнинг эпи қийин.
Ü Тўқсон оғиз сўзнинг тўқсонта тугуни бор.
Ü Узун тил — бошга тўқмоқ,
Бўйинга — сиртмоқ.
Ü Узун тил — умр заволи.
Ü Узун тилим — узгин тилим,
Қисқа тилим — тизгин тилим.
Ü Фил кўтармаганни тил кўтарар.
Ü Хабар — шамолдан тез.
Ü Хотин сўзини қондирар,
Эр уруғидан тондирар.
Ü Хушхабарнинг минг қаноти бор.
Ü Чин сўз — мўътабар,
Яхши сўз — мухтасар.
Ü Шакар ҳам тилда,
Заҳар ҳам тилда.
Ü Ширин сўз шакардан ширин.
Ü Ширин сўз ўликни ҳам тирилтирар.
Ü Ширин сўз — қаймоқли айрон,
Аччиқ сўз — бўйнига арқон.
Ü Ширин-ширин сўзласанг,
Илон инидан чиқар.
Аччиқ-аччиқ сўзласанг,
Мусулмон динидан чиқар.
Ü Ширин юзингдан ширин сўзинг аъло.
Ü Эгасиз қарғиш эгасини топар.
Ü Эл бор ерда сўз бор.
Ü Эл қўшиқ билан тирик.
Ü Эл ғазнаси — эски сўз.
Ü Элдаги гап — дилдаги гап.
Ü Элли(к) гапдан белли гап яхши.
Ü Элни севсанг, элча гапир.
Ü Эр бойлиги — йўлда,
Сўз бойлиги — тилда.
Ü Эр — лафзидан,
Қўй — бўғзидан.
Ü Эр сўзи — эл сўзи.
Ü Этиги ёмон тўр булғар,
Оғзи ёмон — эл.
Ü Юз юздан ширин,
Сўз сўздан ширин.
Ü Яхши гап билан илон инидан чиқар,
Ёмон гап билан пичоқ қинидан чиқар.
Ü Яхши гапга қулоқ сол,
Ёмон гапга улоқ сол.
Ü Яхши гапнинг ҳам қулоғи бор,
Ёмон гапнинг — ҳам.
Ü Яхши нақл — томири ақл.
Ü Яхши ош бергунча, яхши сўз бер.
Ü Яхши оғизга — ош,
Ёмон оғизга — тош.
Ü Яхши сўз болдан ширин.
Ü Яхши сўз бўлдиради,
Ёмон сўз куйдиради.
Ü Яхши сўз ийдирар,
Ёмон сўз бездирар.
Ü Яхши сўз — кўнгил подшоси.
Ü Яхши сўз суюнтирар,
Ёмон сўз куюнтирар.
Ü Яхши сўз — юрак ёғи,
Ёмон сўз — юрак доғи.
Ü Яхши сўз — юракка малҳам,
Ёмон сўз — юракка ғам.
Ü Яхши сўзга учар қушлар эл бўлар,
Ёмон сўзга пашша кучи фил бўлар.
Ü Яхши сўздан — вафо,
Ёмон сўздан — вабо.
Ü Яхши сўздан мой эрийди,
Ёмон сўздан сой қурийди.
Ü Яхши сўзнинг мазасини билмаган,
Ёмон сўзнинг иззасини билмас.
Ü Яхшининг сўзи — олтин,
Ёмоннинг сўзи — болта.
Ü Яхшининг сўзи тошни эритар,
Ёмоннинг сўзи бошни чиритар.
Ü Яхшининг сўзи — қаймоқ,
Ёмоннинг сўзи — тўқмоқ.
Ü Яхши-яхши деса,
Кунда тариқдай яхшилик қўшилар эмиш.
Ёмон-ёмон деса,
Кунда тариқдай ёмонлик қўшилар эмиш.
Ü Ўз ақлинг ақлдир,
Элнинг ақли нақлдир.
Ü Ўзи совуқнинг — сўзи совуқ.
Ü Ўн оғиз сўз минг оғиз бўлар.
Ü Ўтарчининг наштари енг ичида,
Заҳар хотин наштари тил учида.
Ü Ўттиз тишдан чиққан сўз,
Ўттиз уруққа тарқалар.
Ü Ўқ бирни ўлдирар,
Сўз — мингни.
Ü Қарғишнинг икки учи бўлар.
Ü Қаттиқ гап қариндошга ҳам ёқмас.
Ü Қизил тилим бўлмаса,
Қишлар эдим элимда.
Яшил тилим бўлмаса,
Яйрар эдим элимда.
Ü Қизил тилим тиёлмадим,
Қизимникига боролмадим.
Ü Қуруқ сўз бош оғритар,
Ёриқ қошиқ оғиз йиртар.
Ü Қўйнинг қиммати — юнгида,
Одамнинг қиммати — сўзида.
Ü Севдирган ҳам тил,
Бездирган ҳам тил.
Ü Сел ариқни бузар,
Ёмон сўз — дилни.
Ü Қулоқдан кирган совуқ сўз
Кўнгилга бориб муз бўлар.
Ü Қўтир қўлдан юқар,
Бало — тилдан.
Ü Дўст орттираман десанг,
Ширин суҳбат қил!
Душман орттираман десанг,
Чақиртикан бўл!
Ü Ҳар ким ўз тили билан тирик.
Ü Яхшига қилсанг яхшилик –
Ҳам айтади, ҳам қайтади.
Ёмонга қилсанг яхшилик –
На айтади, на қайтади.
Ü Яхши сўз тўрга элтар,
Ёмон сўз — гўрга.
Ü Ҳар меванинг пўчоғи бор,
Ҳар сўзнинг ўлчови бор.
Ü Ширинсўз шоҳ косасида сув ичар.
Ü Ҳикмат — бир ҳовуч олтин.
Ü Оз гапир — соз гапир.
Ü Йўл қувган хазинага йўлиқар,
Сўз қувган — балога.
Ü Туя ҳам муомалага чўкар.
Ü Тилингда бўлса болинг,
Кулиб турар иқболинг.
Ü Яхши сўз қанд едирар,
Ёмон сўз панд едирар.
Ü Ёмон тил бошга бало келтирар,
Яхши тил давлат, дунё келтирар.
Иброҳимжон домла Иномов.
Инсоният цивилизацияси тарихида айрим даврлар борки, улар фақат муайян халқ ёки минтақанинг эмас, балки бутун жаҳон тараққиётининг йўналишини белгилаб берган. Ислом цивилизациясининг IX–XV асрлардаги юксалиш даври ана шундай тарихий босқичлардан бири ҳисобланади. Бу даврда илм-фаннинг турли соҳалари бир-биридан ажралмаган ҳолда. ўзаро уйғунликда ривожланди. Математика астрономия билан, тиббиёт фалсафа билан, география математика билан, тилшунослик тарих билан, диний илмлар эса мантиқ ва тафаккур маданияти билан мулоқот қилган. Бугун фанлараро тадқиқот, рақамли гуманитаристика, сунъий интеллект ва комплекс илмий ёндашувлар жаҳон илм-фанининг энг муҳим йўналишларига айланган бир пайтда, ўша тарихий тажриба янада қизиқарли аҳамият касб этмоқда.
Мазкур уйғунлик тасодифий эмас эди. У Қуръони каримда илмга берилган юксак қадр, тафаккурга даъват, инсонни борлиқни англашга чорловчи ғоялар билан мустаҳкамланган илмий дунёқараш маҳсули эди. Шу сабабли ўша давр олимларини бугунги замонавий тушунчалардаги қатъий «мутахассисликлар» доирасига жойлаштириш қийин.
Форобий фалсафа, мантиқ, сиёсат, ахлоқ ва мусиқа назарияси билан шуғулланган. Хоразмий математика ва астрономия соҳаларида ишлаган. Беруний астрономия, география, геодезия, минералогия, тарих ва этнографияга оид асарлар яратган. Ибн Сино тиббиёт билан бир қаторда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар ҳақида ҳам кенг тадқиқотлар олиб борган. Улуғбек эса давлат бошқаруви, таълим ва астрономик тадқиқотларни бирлаштирган илмий муҳитни шакллантирган. Бу мисолларнинг умумий жиҳати шундаки, билим соҳалари ўртасидаги чегаралар қатъий бўлмаган.
Бугун «интердисциплинар тадқиқот» деб аталадиган ёндашувнинг айрим тамойиллари айнан ана шу интеллектуал анъаналар билан ҳамоҳанг.
Шунингдек, ислом цивилизациясининг интеллектуал меросини фақат табиий ва аниқ фанлар билан чеклаш ҳам тўғри эмас. Чунки диний илмлар соҳасида ҳам манбаларни йиғиш, текшириш, таснифлаш ва баҳолашга қаратилган мураккаб илмий анъаналар шаклланган.
Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги мероси бунга яққол мисол бўла олади. Ҳадисларни саралашда ровийлар ҳақидаги маълумотлар, ривоят занжири ва бошқа мезонлар ўрганилган. Имом Мотуридий эса ақидавий масалаларни ақл ва нақл уйғунлиги асосида таҳлил қилган. Унинг мероси ислом интеллектуал анъанасида ақлий далиллаш ва диний билим ўртасидаги муносабат масаласида муҳим ўрин тутади.
Шу жиҳатдан Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний ёки фақат илмий тарих сифатида эмас, кенг интеллектуал жараён сифатида кўриш мумкин.
Ўзбекистонда илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси тарихий илмий меросни замонавий тараққиёт эҳтиёжлари билан боғлашга қаратилган.
Бу ёндашувнинг марказида илм-фан, таълим, инновация, маданият ва маънавиятни ўзаро боғлиқ тизим сифатида ривожлантириш ғояси туради.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шу концепциянинг муҳим амалий ифодаларидан биридир.
Марказнинг вазифаси фақат тарихий экспонатларни намойиш қилиш билан чекланмайди.
Унинг концепциясида ислом цивилизациясининг илм-фан, таълим, фалсафа, санъат, меъморчилик ва инсонпарварлик соҳаларидаги меросини комплекс равишда ўрганиш ва намойиш этиш ғояси мужассам.
Нафақат музей, балки интеллектуал платформа
Марказни анъанавий музей тушунчаси доирасидагина баҳолаш унинг концепциясини тўлиқ ифодаламайди. Замонавий музей фақат экспонат сақлайдиган жой эмас. У тадқиқот, таълим, рақамлаштириш ва халқаро илмий мулоқот марказига айланиши мумкин. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази концепциясида ҳам ана шу ёндашув муҳим ўрин тутади.
Қадимий қўлёзма — шунчаки тарихий буюм эмас. У тил, тарих, матншунослик, кодикология, санъат, материалшунослик ва рақамли технологиялар нуқтаи назаридан тадқиқ қилиниши мумкин бўлган мураккаб манба. Археологик меросни ўрганишда эса геоинформацион тизимлар, рақамли моделлаштириш, 3D технологиялар ва бошқа замонавий усуллардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Шундай қилиб, маданий меросни ўрганишнинг ўзи фанлараро жараёнга айланмоқда.
Ўтмишни сунъий интеллект билан боғлаш
Технологиялар маданий меросни ўрганиш усулларини ҳам ўзгартирмоқда.
Қўлёзмаларни юқори сифатда рақамлаштириш, матнларни электрон базаларга киритиш, сунъий интеллект ёрдамида матнларни таҳлил қилиш, 3D моделлар яратиш ва виртуал муҳитларда тарихий объектларни қайта тиклаш имкониятлари илмий тадқиқотлар учун янги йўналишларни очмоқда.
Бу ерда муҳим нуқта бор. Технология тарихнинг ўрнини босмайди — у тарихни янги авлод учун тушунарли ва тадқиқот учун янада очиқ қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг концепцияси ҳам ўтмишдаги илмий меросни замонавий технологиялар билан боғлашга қаратилган.
Бу ёндашув тарихий билимни архив ва китоблар доирасидан чиқариб, халқаро тадқиқотчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик учун очиқ интеллектуал ресурсга айлантириш имконини беради.
«Маърифат билан жаҳолатга қарши»
Ислом цивилизациясининг илмий меросини ўрганишнинг яна бир аҳамияти бор.
Глобал ахборот маконида дин, тарих ва маданият ҳақида турли хил, баъзан бир-бирига зид тасаввурлар юзага келганда тарихий меросни илмий асосда тушунтириш нафақат маданий, балки маърифий аҳамиятга ҳам эга.
Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний маросимлар ёки сиёсий воқеалар орқали эмас, балки математика, тиббиёт, астрономия, фалсафа, география, меъморчилик ва бошқа соҳалардаги ютуқлар билан бирга ўрганиш унинг мураккаб ва кўп қиррали табиатини яхшироқ англаш имконини беради.
Шу маънода маърифат тарихий билимни замонавий ахборот муҳитидаги нотўғри талқинларга қарши муҳим воситага айлантириши мумкин.
Ўзбекистоннинг янги халқаро илмий платформаси
Ислом цивилизацияси бир мамлакат ёки бир халқнинг мероси эмас. У Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Жанубий Осиё ва бошқа ҳудудларни қамраб олган кенг тарихий ва интеллектуал маконни ифодалайди. Шу сабабли бу меросни ўрганиш ҳам халқаро ҳамкорликни талаб қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳам турли мамлакатларнинг олимлари, университетлари, музейлари ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида мулоқотни кучайтиришдан иборат.
Бу Ўзбекистоннинг ўз тарихий меросини дунёга танитиш билан бирга, мамлакатни глобал гуманитар тадқиқотларнинг фаол иштирокчиси сифатида намоён этишига хизмат қилиши мумкин.
Учинчи Ренессанснинг асосий кучи
Учинчи Ренессанс ҳақида гап кетганда, масала фақат янги бинолар қуриш ёки янги муассасалар ташкил этишдан иборат эмас. Асосий савол бошқа: Ўзбекистон ўзининг бой илмий меросини замонавий билим ва инновацияларга қандай айлантира олади? Бу саволнинг жавоби илм-фан, таълим, технология, маданият ва инсон капиталининг бир нуқтада бирлашишини талаб қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳам шу нуқтада намоён бўлади. У тарихий меросни сақлаш билан бирга, уни тадқиқ қилиш, рақамлаштириш, халқаро илмий мулоқотга олиб чиқиш ва янги авлодга етказиш учун платформага айланиши кўзда тутилмоқда.
Шу маънода Марказни ўтмишга бағишланган иншоот эмас, келажакка йўналтирилган интеллектуал инвестиция сифатида баҳолаш мумкин.
Чунки цивилизациянинг ҳақиқий қиймати фақат унинг ўтмишда яратган мероси билан эмас, балки бу мерос янги авлод учун қандай янги билим ва ғояларга айланиши билан ҳам ўлчанади.
Хоразмийнинг ҳисоблаш усулларидан бугунги алгоритмларгача, Берунийнинг комплекс тадқиқотларидан замонавий фанлараро лойиҳаларгача, Улуғбек расадхонасидан рақамли астрономиягача бўлган йўл бир ҳақиқатни кўрсатади: илм тараққиёти чегаралар эмас, мулоқот ва ҳамкорлик орқали тезлашади.
Эҳтимол, Учинчи Ренессанснинг энг муҳим вазифаси ҳам ана шунда — аждодлар яратган билимларни шунчаки эслаш эмас, балки улардан янги билимлар яратиш учун фойдаланиш. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса ана шу ғоя атрофида шаклланаётган янги интеллектуал муҳитнинг муҳим платформаларидан биридир.
Муаллиф: Абулфайз Сайидасқаров, iccu.uz
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати