Мазкур машғулотлар Шайх Алижон қори раҳбарлигида тажрибали устозлар иштирокида олиб борилмоқда. Дарслар давомида Қуръони каримни тўғри, қоидаларга мувофиқ ва чиройли қироат қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, Шайх Алижон қорининг шогирдлари — Эшқобилов Абдулбосит қори имом-хатибларнинг қироатини тинглаб, уларга амалий тавсия ва маслаҳатлар бериб бормоқдалар.
Ушбу тажвид дарслари имом-хатибларнинг қироат маҳоратини ошириш, Қуръон тиловатини янада мукаммал ўрганиш ҳамда диний хизмат сифати ва самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилиши таъкидланмоқда.
Sammuslim.uz
Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари қолдирган бой илмий мероси нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг турли нуқталарида, хусусан, Ислом оламининг табаррук маскани бўлмиш Масжиди Набавий кутубхонасида ҳам сақланиб келяпти.
2017 йилда шайх ҳазратларининг бир қатор китоблари илк бор Масжиди Набавий кутубхонасига тақдим этилган эди. Шундан буён зиёратга борган ҳамюртларимиз ушбу кутубхонадан ҳазратнинг асарларини ўз она тилимизда мутолаа қилиш имкониятига эга бўлиб келишяпти.
Масжиди Набавий кутубхонаси масжиднинг 10-эшиги ёнида жойлашган. Кутубхонада 170 000 дан ортиқ китоб сақланади. Асосий адабиётлар араб тилида бўлсада, 20 дан ортиқ хорижий тиллардаги диний манбалар ҳам жамланган. Кутубхонадан бир вақтнинг ўзида 300 дан ортиқ китобхон фойдаланиши мумкин.
Кутубхонада хорижий тиллардаги адабиётлар учун алоҳида хона ажратилган. У ерда инглиз, рус, француз каби жаҳон тиллари қаторида ўзбек тили бўлими ҳам бор. Ушбу бўлимда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб 50 дан ортиқ асар бор. Жумладан:
– «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласи;
– «Тафсири Ҳилол»;
– «Кифоя»;
– «Руҳий тарбия»;
– «Зикр аҳлидан сўранг»;
– «Одоблар хазинаси»;
– «Хислатли ҳикматлар шарҳи»;
– «Бахтиёр оила» ва бошқалар.
@islomuz