Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуси билан азон ва иқома бўйича ижоза бериш анъанаси йўлга қўйилди. Ушбу эзгу ташаббус доирасида 2026 йил 21 январдан бошлаб “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курслари ўқитувчилари ҳамда олий ва ўрта ислом таълим муассасалари устозлари учун “Азон дарслари” ташкил этилди.
Бугун “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” бўлимида мутахассисларни азон ва иқома бўйича ижозага тайёрлаш мақсадида амалий машғулотлар бошланди. Дарслар бўлим бошлиғи Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум раҳбарлигида ўтказилмоқда.
Дарсларда Тошкент ислом институти ва “Кўкалдош” мадрасаси қошидаги “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курслари ўқитувчилари ҳамда мазкур таълим муассасалари устозлари иштирок этди. Тингловчиларнинг азон ва иқома бўйича маҳорати якка тартибда баҳоланиб, зарур тавсиялар берилди.
Машғулотлар якунида тингловчиларга азон ва иқома бўйича ижоза гувоҳномаларини топшириш режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида диний-маърифий соҳада самарали фаолият юритаётган, жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш ва ёшларни ёт ғоялардан асраш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари тақдирланди.
Тадбирда Қумқўрғон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари З.Эшқобилов иштирок этиб, йиғилганларни қутлуғ байрам билан самимий муборакбод этди ҳамда уларнинг эл-юрт осойишталиги ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишдаги хизматларини юқори баҳолади.
Маросимда фидойи соҳа ходимларига туман ҳокимлигининг ташаккурномалари ва байрам эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати