frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null
Янгиликлар

Фарзандни уриб тарбиялаш тўғрими?

22.01.2026   10595   1 min.
Фарзандни уриб тарбиялаш тўғрими?

Савол: Аллоҳга шукр, бир эмас икки келиним бор. Уларга қўлимдан келганча, билганларимни ўргатяпман. Худди она-боладек бўлишга ҳаракат қиляпман. Лекин шу кичик келинимнинг бир ишидан кўнглим ранжиди. Набираларимни кўп уради. Қанча насиҳат қилдим, ҳатто қаттиқ гапириб ҳам кўрдим, ҳеч фойдаси бўлмади. Барибир ўз билганидан қолмайди. Сабабини сўрасам, тушунтириб беролмайди. Келинимнинг қилаётган иши тўғрими? 
 

Жавоб:


Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Болани уриш бу, тарбия беришда маҳоратсизлик белгиси ҳисобланади. Чунки ҳақиқий солиҳ инсонлар болаларини ширин сўзлар билан тарбиялайди. Фарзанд  нотўғри иш қилганида танбеҳ бериш,  уриш-сўкиш тарбиядаги нотўғри услубдир.

Инсон зоти доимо меҳр-муҳаббатга эҳтиёжли бўлади. Айниқса, болалар бу нарсага жуда ҳам муҳтожлар. Аслида, меҳр-муҳаббат дини бўлмиш Ислом, шунинг учун ҳам болаларга меҳр-муҳаббат кўрсатишни ота оналарга вазифа этиб йуклаган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳузурларида Ақраъ ибн Ҳобис Таймий ўтирганда Ҳасан ибн Алини ўпдилар. Шунда Ақраъ: «Менинг ўнта болам бор. Улардан бирортасини ўпганим йўқ», – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга назар солдилар-да, сўнг: «Раҳм қилмаганга раҳм қилинмас», – дедилар» (Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар).

Шундай экан биз ҳам Аллоҳ таоло бизга ато қилган фарзанд деб аталмиш неъматнинг қадрига етишимиз, фарзандимизнинг одобини гўзал қилишимиз, келажакда уни ўзи учун ҳамда яшаб турган жамиятига фойда келтирувчи қилиб тарбиялашимиз лозим. Валлоҳу аълам. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Arab Tourist”: Самарқанд, Бухоро ва Хива — ислом цивилизацияси ва жаҳон маданий меросининг бебаҳо дурдоналари

20.08.2026   63235   1 min.
“Arab Tourist”: Самарқанд, Бухоро ва Хива — ислом цивилизацияси ва жаҳон маданий меросининг бебаҳо дурдоналари

Саудия Арабистонининг туризм ва саёҳатларга ихтисослашган “Arab Tourist” электрон нашрида “Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган ва Буюк ипак йўли билан боғланган мамлакат” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Мақолада Буюк ипак йўли тарихида ўзбек шаҳарларининг тутган ўрни алоҳида эътироф этилади. Хусусан, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар асрлар давомида Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо, фан ва маданият марказлари сифатида хизмат қилгани таъкидланади. Регистон майдони, Ичан-қалъа ва Бухородаги меъморий обидалар ислом цивилизацияси ҳамда жаҳон маданий меросининг бебаҳо дурдоналари сифатида тилга олинади.

Бундан ташқари, нашр Ўзбекистоннинг ранг-баранг табиати ва географик рельефига тўхталиб ўтган. Қизилқум чўли, серҳосил Фарғона водийси, Тянь-Шань ва Помир-Олой тоғ тизмалари аҳоли жойлашуви ва қишлоқ хўжалиги ривожида муҳим ўрин тутиши қайд этилади.

Нашр, шунингдек, Буюк Мирзо Улуғбек каби донишмандларнинг астрономия ва математика соҳасидаги буюк кашфиётларини алоҳида эътироф этган.

Хулосада таъкидланганидек, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Андижон каби шаҳарлар бугунги кунда нафақат маъмурий ва иқтисодий, балки жадал ривожланаётган йирик маданий-туристик марказлар сифатида дунё сайёҳлари эътиборини ўзига жалб этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари