Оилада биз отамнинг олдида ҳеч қачон оёқ узатиб ўтирмасдик. Дастурхонга катталардан олдин қўл чўзмасдик. Уйдаги гапни кўчага чиқармасдик. Маҳалладаги ҳашарларга қатнашардик. Ўзгаларнинг мушкулини осон қилишга интилардик. Хуллас, ота-онам бизни андишали ва жонкуяр қилиб тарбиялаганди.
Афсуски, бугун орамиздан бу фазилатлар кўтарилиб бораётгандек.
Бир куни маҳалла идорасида ўтирсам, “Қизим билан куёвим тил бириктириб, мулкимни олиш учун шикоят қилиб ёзиб юришибди”, дейди бир қийналган отахон. “Ўғлим уйдан чиқариб юбораман”, деяпти, дея арз қилди муштипар она. “Акам билан томорқа устида келишолмаяпмиз”, дея нолиди бир ёш йигит. Бу гапларни эшитиб, дилим оғриди. Тўғри, ҳар бир низони қонуний ҳал қилиш чораси бор, аммо инсон кўнглининг ўртасига тушиб, истиҳолаю инсофни ўргатиб бўлармикин?! Ота-онани, яқинларини зор қақшатаётган кимсаларда иймон, инсоф, андиша бормикин?! Фақат ўзини ўйлаб, заррача бировга яхшилик қилмаса, эртага охиратда қандай жавоб бераркин?
Дарҳақиқат, бугун одамлар орасидан меҳр-оқибат, ҳаё кўтарилиб боряпти. Бунинг ортидан одоб-ахлоқ меъёрларига ҳам дарз кетяпти. Ўзгаларга яхшилик қилиш, кўмаклашиш ўрнига лоқайдлик иллати ортиб, самимий муносабатлар йўқоляпти. Нафс, мол-дунё инсонийлик устидан ғолиб бўлмоқда. Оқибатда кишиларнинг бир-бирига фириб бериши оддий ҳолга айланяпти.
Айримларга эътибор берсак, тилида Худо дейди, ҳатто ибодатлар қилади.
Аммо дили мол-дунёю ҳашамат ва бошқа орзу-ҳаваслар билан тўла. Инсонларга яхшилик улашиш, ўзгаларнинг мушкулини осон қилиш каби эзгуликлар хаёлига ҳам келмайди.
Яқинда Қуръони каримда бир оятни ўқиб қолдим: “Эркакми ё аёлми, кимда-ким мўмин ҳолида бирон яхши амал қилса, биз унга покиза ҳаёт ато этамиз. Уларни ўзлари қилиб ўтган чиройли амаллари сабабли бериладиган ажр-савоблар билан мукофотлаймиз”, дея марҳамат қилинган (Наҳл сураси, 97-оят).
Болалагимни яхши эслайман. Оталаримиз қишлоқда кимдир ҳашар қилса ёки ёрдамга муҳтож бўлса, уларга кўмак беришга шошиларди. Қўни-қўшни, бутун маҳалла бир тану жон эди. Уруш-жанжал, еру сув талаш бўлганини билмайман. Ҳамма бир-бирига самимий эди. У даврларда ҳозиргидек тўкинчилик бўлмаса-да, одамларнинг назари тўқ, қаноатли эди. Ўйлаб кўрсам, оталаримиз юқоридаги оятга амал қилиб, бир-бирига яхшилик улашиб яшаган эканлар. Шунинг учун ҳам улар орасида меҳр-оқибат кучли бўлган.
Бугун биз ҳам оталаримизга муносиб авлод бўлишга интилиб, бошқаларга яхшиликлар улашиб яшайликки, зора яна орамизга меҳр-оқибат қайтса.
Мардиқул СИДДИҚОВ,
Хатирчи тумани (Б. Муҳаммад уюштирди).
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 24-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws
Ҳаётда кўпинча тўғри йўналиш эмас, балки тезлашиш ўргатилади. Тезроқ юриш, тезроқ етиб бориш, ҳамма нарсани тезроқ бажариш... Лекин ҳеч ким тўхтаб: “Бунчалик шошилишдан мақсад нима?” деб сўрамайди. Инсон тинимсиз ҳаракатда бўлишни эришиш, табиий ҳаёт тарзи деб ўйлаб, сарфланаётган умри эвазига аслида нимага эришаётгани ҳақида ўйламай қўяди.
Баъзан йўлни йўқотдик, деб ўйлаймиз. Ҳолбуки, йўқоладиган нарса йўл эмас, балки тўғри йўналишдир. Бу йўналиш харитадаги чизиқлар ёки телефондаги йўл кўрсаткич эмас, балки Аллоҳ таоло борлиғимизга жо қилган ички йўналтиргич, яъни фитратимиздир.
Бу ички йўналтиргич баъзан тўғри томонни кўрсатмаётгандек туюлади. Дунё ташвишлари, нафс истаклари кўпайиб кетганида, у сарсон бўлади ё қотиб қолади. Шунда биз уни бузилди деб ўйлаймиз. Лекин фитрат бузилмайди, шунчаки биз унга аҳамият бермай қўйган бўламиз. Баъзилар бу йўналтиргични бошқаларнинг қўлига бериб қўяди...
Йўналишини йўқотган одам тўғри йўлга қайтиши керак. Бу қайтиш шунчаки бир манзилга қайтиб боришмас, балки ички дунёмиздаги тарқоқликни жамлаш, фитратимизга қайтишдир. Шунда инсон дунёнинг “ҳаммасига эришиш” васвасасидан халос бўлади. Ўтмишдаги хато ва синовлардан ибрат олади, аммо уларни ўзига оғир юк қилиб олмайди. Бошқалардан ва ҳаётдан жуда кўп нарса кутишни тўхтатади...
Ҳақиқий хотиржамлик – ҳамма нарса мукаммал бўлиши деганимас. Инсон ўз ҳаракат доираси чегарасига етганида Аллоҳнинг қазо ва қадарига рози бўлса хотиржамлик топади. Бу лоқайдлик эмас.
Мусулмон киши ҳам хурсанд бўлади, қайғуради, бошқалар каби яшайди. Лекин у ўткинчи туйғулар, орзу-ҳаваслар аро сарсон бўлиб қолмайди. Чунки дунёдаги ҳар бир ҳолат вақтинчалик синов эканини яхши англайди.
Инсон ўзлигига қайтганида бошқаларнинг юкини елкасига олишга уринмайди. Ёрдам беради, лекин ҳар ким ўз қисмати ва қилмиши учун ўзи масъул эканини тушунади. Бошқаларнинг айбига қарамай, ўз хатоларини тузатиш билан банд бўлади. Муҳими, ҳар ишида шошқалоқлик қилмайди. Чунки охиратга ва маънавий камолотга элтувчи йўлни шошиб босиб ўтиб бўлмаслигини билади.
Айтилганидек: “Ким ўзини таниса, Раббини танийди”. Бу мартабага эришган қалб эса ҳеч қачон адашмайди.
Абдулатиф АБДУЛЛОҲ