Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Уламолар кенгаши аъзоси, Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимовнинг катта бувиcи (момоси) Марҳабохон ҳожи онанинг вафоти муносабати билан у кишининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин, иймонлари ва солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳума онахоннинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, Уламолар кенгаши аъзолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳума онахоннинг яқинларига хусусан, Мирзамақсуд домла Алимовга ҳамдардлик билдиради.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз”, деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири Ўткир домла Ғузаров педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга бўлди.
Тадқиқотчи Ўткир Умбарович Ғузаров Қарши давлат университети ҳузуридаги Илмий кенгашда 13.00.01 – "Педагогика назарияси. Педагогик таълимотлар тарихи" ихтисослиги бўйича "Педагогик жараёнда Бурҳониддин ан-Насафийнинг дидактик ғояларини тизимлаштириш механизмлари" ("Гўзал хулқлар" асари мисолида) мавзусидаги диссертация ишини муваффақиятли ҳимоя қилди.
Ушбу илмий натижа таълим муассасаси жамоаси учун катта қувонч бўлиб, диний таълим тизимида илмий-тадқиқот ишларини чуқурлаштириш ва аждодларимиз бой маънавий меросини замонавий педагогикага татбиқ этиш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Ўткир домла Ғузаровни қўлга киритилган илмий даража билан самимий қутлаб, илм йўлидаги саъй-ҳаракатларига барака, келгуси илмий-педагогик фаолиятига улкан зафарлар тилайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати