#xabar #muftiy #misr #matbuot
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг сунъий интеллект ҳақидаги мақоласи Миср Араб Республикасидаги бир неча юз минглаб кузатувчиларга эга see.news (https://see.news/artificial-intelligence-between-technical-evolution-and-sharia-responsibility-a-contemporary-islamic-vision), darelhilal.com (https://darelhilal.com/News/3164420.aspx), aldiplomasy.com (https://www.aldiplomasy.com/en/?p=42807) ва safqa.news (https://www.safqa.news/137466) каби интернет нашрларида араб ва инглиз тилларида кенг ёритилиб, жамоатчилик эътиборини тортди.
Мақолада сунъий интеллект бугунги кунда иқтисод, таълим, тиббиёт, хавфсизлик ва давлат хизматларида улкан имкониятлар яратаётгани алоҳида таъкидланган. Замонавий технологиялар ақлли шаҳарлар қуриш, хизматлар сифатини ошириш ва жамият ривожига хизмат қилаётгани қайд этилган.
Шу билан бирга, Муфтий ҳазратлари тараққиёт билан бир қаторда инсоний қадриятлар ва диний меъёрлар устувор бўлиши лозимлигини уқтирган. Сунъий интеллект инсон ақлининг маҳсули экани, технология инсонни эмас, инсон технологияни бошқариши кераклигига эътибор қаратилган.
Мақолада сунъий интеллектни ҳаётга тўғри татбиқ этиш, уни назорат қилиш ва айниқса дин ва фатво билан боғлиқ нозик масалаларда эҳтиёткорлик зарурлиги таъкидланган. Фиқҳий манбаларга кўра, сунъий интеллект маълумот таҳлилида ёрдамчи бўлиши мумкин, аммо фатво бериш фақат малакали ва масъул фақиҳлар зиммасида экани очиқ баён этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Наманган вилояти бош имом-хатиби, Уламолар кенгаши аъзоси Абдуллоҳ домла Саматов Поп туманидаги «Якка тут» ҳамда Мингбулоқ туманидаги «Гулбоғ» жоме масжидларида бўлди.
Ташриф давомида бош имом-хатиб мазкур масжидларда намозхонлар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида қайта қурилаётган таҳоратхоналар ҳолати билан яқиндан танишди.
Қурилиш жараёнлари кўздан кечирилиб, барпо этилаётган замонавий таҳоратхоналарнинг сифатли, миллий меъморчилик анъаналари ва барча санитария-гигиена талабларига тўлиқ жавоб берадиган тарзда амалга оширилиши бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Шунингдек, ушбу хайрли ишларда фидойилик кўрсатаётган қурувчилар ва ҳисса қўшаётган юртдошларимиз ҳаққига дуо қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати