Бу дунё ҳаёти – синов.
Бу дунё ҳаёти – неъмат.
Бу дунё ҳаёти – омонат.
Бу дунё ҳаётида бахт қадрини билиш учун қайғу, сукунатни ҳис қилиш учун оламон, ёмғирни севиш учун жазирама, инсон қадрини билиш учун эса баъзан унинг йўқлиги керак бўлади...
Ақлли инсон билиб яшайдики, ҳар кун, ҳар дам ғанимат. Эртанги кунга кафолат берилмаган: “Бирор жон эртага нима иш қилишини билмас. Бирор жон қаерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Луқмон сураси, 34-оят)
Биз эса, ҳаёт маънисини кўпинча мол-дунё, мансаб, шон-шуҳрат, роҳат билан деб ўйлаймиз. Лекин асл ҳаёт фақат бу дунё билан тугамайди. Демак, бу дунё ҳаёти – бир йўл, охират – манзил, бизлар эса йўловчилар эканмиз. Шундай экан, бизга манзилда керак бўладиган нарсаларга интилишимиз, шуларни захира қилишимиз лозим экан.
Акбаршоҳ Расулов
Жорий йилнинг 2–3 сентябрь кунлари Қоҳира шаҳрида Бутунжаҳон фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти ташаббуси билан нуфузли халқаро анжуман бўлиб ўтади.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этади. Маълумки, жорий йил июль ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Бутунжаҳон Фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти аъзолигига қабул қилинган эдилар.
Халқаро йиғинда дунёнинг таниқли муфтийлари, фатво ва фиқҳ марказлари уламолари, халқаро ташкилотлар вакиллари, Ал-Азҳар дорулфунуни каби нуфузли олийгоҳлар профессорлари ҳамда соҳа мутахассислари жам бўлади.
Кун тартибида сунъий интеллект, жадал рақамлаштириш ва замонавий биоэтика замонида оила институти мустаҳкамлигини таъминлаш, аёллар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, ёшларни зарарли иллатлардан асраш ҳамда маънавий инқирозларга исломий қадриятлар асосида шаръий ва илмий ечимлар топиш масалалари атрофлича муҳокама қилинади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати