frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null
Мақолалар

Бировни кофирга чиқариш — ўз иймонини хатарга қўйишдир

03.02.2026   6762   3 min.
Бировни кофирга чиқариш — ўз иймонини хатарга қўйишдир

Такфир ибораси араб тилидаги “куфр” сўзининг ўзагидан олинган бўлиб, луғатда инкор қилиш, осий бўлиш, тан олмаслик каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса ­икки хил маънода келади. Бири – динда, яъни, Аллоҳ ва Унинг Расулига итоатсизлик иккинчиси, инъом этилган неъматни менсимай, инкор этишга нисбатан қўлланилган.

Ислом тарихида, такфир тушунчаси халифа Али розияллоҳу анҳу даврида пайдо бўлган хорижийлар фирқаси томонидан ўзларига эргашмаганларга нисбатан қўлланилган. Улар дастлаб халифа Алининг ашаддий тарафдорлари бўлиб, “Сиффийн” жангидан сўнг ҳазрати Алидан ўн икки минглик қўшин билан ажралиб чиқиб, унга ва Муовияга қарши баробар кураш бошлаган. Бугунги кунда мутаассиблар мусулмонни асоссиз кофирга чиқариб ғулувга кетмоқдалар.

Шариатда мусулмонни унинг мусулмон эканлигига қарши далил топилмагунича мусулмон, деб ҳукм қилинади. Зеро, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бундай дейдилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Бир мусулмонни кофирга чиқаришдан олдин куфрга сабаб деб ўйланаётган у гапирган сўзи ёки ишига қараш, уни яхшилаб ўрганиш шартдир. Зеро, барча фосид сўз ёки иш куфр қилувчи эмасдир. Шунингдек, барча инсонлар ўзгаларни кофирга чиқаришдан сақланмоқлари, бу ишдан қочиб, бу жуда нозик масала бўлгани учун ҳам уни олимларга ҳавола этиш вожибдир. Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир киши биродарига “эй кофир!” деса бу гап аниқ иккисидан бирига тегишли бўлади.

Агар у киши ростан ҳам кофир бўлса, унга қайтади. Аммо ундай бўлмаса, гапирувчининг ўзига қайтади”, деб айтдилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. У зот Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни бундай деяётганларини эшитган: “Ким бир кишини “кофир” деб чақирса ёки “Аллоҳнинг душмани” деса, аслида у одам бундай бўлмаса, гаплари ўзига қайтади” (Имом Муслим ривояти). Таҳовий ақидасида: “Қибла аҳлидан бўлган бирор-бир мусулмонни гуноҳи кабира туфайли кофир санамаймиз”, дейилади. Шунингдек, бошқа ақида ва уларга ёзилган шарҳларда катта гуноҳ қилган кишилар гарчи уни содир этиш пайтида вафот этса ҳам, қилган ишини ҳалол санамаса, кофир бўлмаслиги, агар ўз уқубатларини дунёда олса катта гуноҳи учун каффорот бўлиши, мабодо вафот этса, бу – Аллоҳнинг хоҳиши: хоҳласа азоблаши, хоҳласа кечиши баён этилган.

Ақида илмининг етук билимдони Абул Ҳасан Ашъарий айтадилар: “Мен аҳли қибладан бирортасини кофирга чиқармайман. Чунки уларнинг барчалари ёлғиз маъбудга ибодат қиладилар”. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ўзга инсонни кофир дейиш, унга жаҳаннамда абадий қоласан, дейишга тенг гапдир. Бунинг устига жамият кишилари орасида унинг ўрнини ўз билганича белгилаб бериш демакдир. Аллоҳ таоло барчамизга ўз динимизни яхши англаб етишимизни, ошкора ва махфий фитналарнинг барчасидан  асрашини сўраймиз.

Сайфиддин Бобоқулов,

Мир Араб олий мадрасаси талабаси

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Президент табриги Халқлар дўстлиги кунига бағишланган тантанали тадбирда ўқиб эшиттирилди

30.07.2026   6409   1 min.
Президент табриги Халқлар дўстлиги кунига бағишланган тантанали тадбирда ўқиб эшиттирилди

Бугун, 30 июль куни Тошкент шаҳрида Халқлар дўстлиги куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. Анжуман аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг байрам муносабати билан йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Давлат раҳбарининг қутловини Президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов етказди.


Президент ўз табригида ушбу айём юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик каби эзгу қадриятларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади. Мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та диний конфессия вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил яшаб, Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётгани энг катта бойлигимиз экани қайд этилди.


Табрикда “Бизнинг кучимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда” деган ғоя асосида миллатлараро муносабатлар соҳаси янги босқичга кўтарилгани айтиб ўтилди. Бугунги кунда юртимизда 153 та миллий маданий марказ ва 36 та дўстлик жамияти фаолият юритмоқда, таълим 7 тилда олиб борилиб, ОАВда 12 ва 14 тилларда кўрсатув ва нашрлар йўлга қўшилган.


Шунингдек, давлат раҳбари маданий алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида профессионал «Дўстлик» ансамблини ташкил этиш ҳамда «Алишер Навоий» телеканалини янги форматда йўлга қўйиш режаларини маълум қилди.


Табрик якунида Президент юртимиздаги тинчлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини асраб-авайлаш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи эканини уқтириб, сиҳат-саломатлик ва эзгу ишларда улкан муваффақиятлар тилади.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Президент табриги Халқлар дўстлиги кунига бағишланган тантанали тадбирда ўқиб эшиттирилди Президент табриги Халқлар дўстлиги кунига бағишланган тантанали тадбирда ўқиб эшиттирилди
Ўзбекистон янгиликлари