Файласуфлар: “Доимий бир хил қонуниятларга бўйинсуниш Яратувчининг қудратини чеклаб қўяди. Чунки ягона илоҳ бўлган Зот ўзи ўрнатган қонунларга ўзгартириш киритишга ҳаққи бор ва айнан шу нарса қудратнинг давомийлиги ва эркинлигини кўрсатиб беради. Доимийлик баъзан мукаммалик ва бетакрорликка ишора қилиши мумкин. Лекин бу қудрат эркинлигини чеклаб қўяди”, дейдилар.
(Бу билан фалсафачилар коинотдаги қонуниятларнинг ўзгармаслигини инкор қилишмоқда ва уни ожизлик белгиси сифатида баҳолашмоқда. Таржимон).
Аллоҳ таоло Ўз қудартининг эркинлигини шу борлиқ мисолида ҳам кўрсатган. Лекин айнан коинот мисолида унинг ўзгармаслигини битиб қўйган. Чунки коинотдаги қонунларнинг ўзгариши мумкинлигини битиб қўйганида қуёш бир кун чиқиб, бир кун чиқмаслиги, ер бир муддат айланиб, бир муддат тўхтаб туриши табиий бир ҳолга айланиб қоларди. Агар юлдузлар ҳаракатида тартибсизлик бўлганида коинот бузилиб кетарди.
Демак, коинотдаги асосий қонуниятлар ўзгармас бўлиб қолади ва доимийдир. Акс ҳолда тартиб йўқолади. Тартиб йўқолганда эса борлиқ ҳам йўқ бўлиб кетади. Шундай экан, “коинотдаги қонунлар ўзгармаслиги қудрат эркинлигини чеклаб қўяди” деган гап нотўғридир. Аксинча, доимийлик ва ўзгармаслик илоҳий қудрат эркинлигини ифодалайди. Доимийлик эса борлиқнинг мавжуд бўлиши учун керак.
Аллоҳ таоло тартибсиз борлиқ яратишни мақсад қилиши мумкин эмас. Аксинча, буюк қудратига муносиб бир борлиқни яратган. Айни эркин қудратининг таъсирида бу борлиқдаги қонуниятлар ўзгаришсиз қолади. Борлиқдаги ҳаётни бузмаган ҳолда айрим ноодатий ҳодисларни ҳам Ўз қудрати ила кўрсатиб туради. Бу нарсани эса қудрати эркинлигини кўрсатиш учун қилади.
Аллоҳнинг қудрати эркинлигига далил бўладиган нарсаларга мисол келтирсак. Ана шундай ёрқин мисоллардан бири бу пайғамбарларга берилган мўжизалардир. Лекин бу ҳақда узоқ гаплашмоқчи эмасмиз. Чунки биз фақат ақлий далиллар келтиришни мақсад қилганмиз. Маълумки, борлиқдаги барча нарсалар Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига далил бўла олади. Шунингдек, Аллоҳнинг қудрати чексизлигига далолат қилади.
Инсоннинг пайдо бўлишига назар солайлик. Инсон ҳам бошқа нарсалар каби жуфт бўлгандагина пайдо бўлади. Бу сабабият қонуни дейилади. Лекин баъзида соғлом эркак ва аёл турмуш қурсалар ҳам фарзанд бўлмайди. Чунки барча нарса Аллоҳнинг хоҳиши билангина амалга ошади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:
﴿لِلَّهِ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ يَخْلُقُ مَا يَشَاءُ يَهَبُ لِمَنْ يَشَاءُ إِنَاثًا وَيَهَبُ لِمَنْ يَشَاءُ الذُّكُورَ أَوْ يُزَوِّجُهُمْ ذُكْرَانًا وَإِنَاثًا وَيَجْعَلُ مَنْ يَشَاءُ عَقِيمًا إِنَّهُ عَلِيمٌ قَدِيرٌ﴾
“Осмонлар-у ернинг мулки Аллоҳникидир. У Зот хоҳлаган нарсасини яратур. У Зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур. Ёки уларни жуфтлаб – ўғил-қиз берур ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур. Албатта, У Зот ўта билувчи ва ўта қодирдир” (Шуро сураси, 49-50-оятлар).
Эркак ва аёл жуфтлашганда фарзанд пайдо бўлади. Бироқ, сабабият оламида Аллоҳнинг қудратигина амалга ошишини ҳисобга олсак, йиллар бирга яшаса ҳам эр-хотиндан фарзанд дунёга келмас экан. Сабабият қонунлари бор бўлса-да, Аллоҳнинг қудрати эркиндир ва сабабият унга қарши чиқиши мумкин эмас. Аллоҳ таоло доимо бу қонуниятни бузавермайди. Аксинча, баъзида шу сабабият қонунларини бузиб туради ва қудрати эркин эканлигини кўрсатади. Чунки бундай қилмаса биз сабабларни ҳамма нарсадан устун билиб қолишимиз мумкин.
Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг
"Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар" китобидан
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати