Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни масжидга кирдилар. Икки устуннинг орасида арқон тортилган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўрадилар:
- Бу нима? Саҳобалар:
- Бу Зайнабники. Кечаси намоз ўқийди. Малолланса ёки чарчаса, уни ушлаб олади, - дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
- Арқонни ечиб ташланглар. Ҳар бирингиз намозни тетик ҳолида ўқисин. Агар дангасалиги тутса ёки чарчаса, ўтирсин! - дедилар.
Шак йўқки, онамиз Зайнаб розияллоҳу анҳо тунги намозга ошиқ эдилар. Ҳатто чарчаб қолсалар ҳам, қолдирмасдилар. Аммо соҳиби шариат соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга бу ҳадислари билан Аллоҳ таолонинг:
«Аллоҳ сизга енгилликни истайди, оғирликни истамайди» (Бақара сураси, 185-оят), деган сўзини эслатяптилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни намоз бўладими, рўза бўладими, садақа бўладими, бошқа бир яхши амал бўладими, қўлдан келганича машаққатсиз, нафсимизга зарар бермасдан, очиқ қалб билан қилишимизни истаяптилар.
Тўғри, биз бутун умримизни саждадан бош кўтармасдан ўтказсак ҳам, Аллоҳнинг ҳаққини адо қила олмаймиз. Гарчи бутун умр рўза тутсак ҳам, Аллоҳнинг бизга икромлари олдида оздир. Аммо Аллоҳ таоло бизга енгиллик беришни истади. Қийналишимизни хоҳламади. Динимиздаги рухсатлар Унинг раҳматидир. Биз у рухсатларни қабул қилишимизни яхши кўради.
Мусофир киши Рамазонда рўза тутиш ва тутмасликда ихтиёрлидир. Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Рамазонда ғазот қилишди. Сафар масофасидаги узоқликка чиқишган эди. Уларнинг баъзиси рўза тутар бўлди. Баъзиси тутмас бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутганни мақтамадилар, тутмаганни ёмонламадилар. Ишни ўзларига қолдирдилар. Уларга ўз иши, тоқати ва сабрининг ҳисобини олишга имкон бердилар. Аммо бошқа муносабат билан: «Сафарда рўза тутиш яхшиликдан эмас», деган эдилар.
Шунингдек, Аллоҳ таоло мусофирга намозни қаср қилиб ўқишни буюрди. Бу унинг бандаларига ҳадяси ва раҳмати эди.
Дин хиссиёт билан эмас, ақл билан олинади. Шифокор бир кишига Рамазонда рўза тутиш сенинг ҳаётинг учун хавфли деса, у рўза тутмаслиги лозим. Агар у касалликдан тузалса, қазосини тутиб беради. Агар касаллиги тузалмайдиган бўлса, Аллоҳ унга меҳрибондир. Унга фидя беришни машруъ қилганлар!
«Ўзингизни ўлдирманглар. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир» (Нисо сураси, 29-оятдан). Бошқа ибодатларни ҳам шунга қиёсланг!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бугун, 13 март куни жума намозини Тошкент вилояти Қибрай тумани “Байтқўрғон” жоме масжидида адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга муборак ойнинг охирги даҳасини ғанимат билиш, бу дамлардан унумли фойдаланиб қолиш борасида гўзал суҳбат қилиб бердилар.
Аллоҳ таоло охирги ўн кунликни ўзига хос фазилат ва лутфу эҳсони билан шарафли қилганки, бунга бошқа кун ва ойларда етишишнинг иложи йўқ. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам бошқа ойларда қилмаган баъзи амалларни шу ойда қилганлар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ушбу охирги ўн кунликда ибодатларга янада жидду жаҳд билан киришиш, вақтни ғанимат билиш, Қадр кечасини излаш каби амалларни санаб ўтар экан, айниқса, Қадр кечасида қилинган солиҳ амал бошқа минг ойда қилинган амалдан яхшироқ бўлишини ояти карима билан келтириб ўтдилар. Зеро, Аллоҳ таоло Қадр сурасининг 3-оятида “Қадр кечаси минг ойдан ҳам яхшироқдир” деб марҳамат қилган.
Маърузада жамиятдаги бирлик, иноқлик, ўзаро ёрдам ва муҳаббат асосида қариндошларга яхшилик қилиш ётиши таъкидланди. Ўзаро аразлашганлар бўлса ярашишга чақирилди.
Шунингдек, бу йилги Рамазон ойи ўзгача шукуҳ ва кўтаринки руҳда ўтаётгани, бунинг асосий сабаби – Президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан кенг кўламли хайрия ва ижтимоий кўмак тадбирларининг амалга оширилаётгани экани эътироф этилди.
Манфаатли суҳбат сўнгида Аллоҳ таоло барчамизни ушбу ғанимат дамлардан унумли фойдаланиб, Ўзининг розилигига эришадиган бандаларидан қилишини сўраб дуо қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати