#xabar #masjid #xatm
Жорий йил Рамазон ойида юртимиздаги 2101 та масжидда таровеҳ намози, шундан 1 762 дан зиёдида 27 кун давомида Қуръони карим хатм қилинади. Бунинг учун мазкур масжидларга 3,6 мингдан ортиқ хушовоз қорилар жалб этилади.
Таровеҳ намозининг фазилати ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Ким Рамазон ойида иймон билан савоб умидида (таровеҳда) қоим бўлса, аввалги гуноҳлари кечирилади" (Имом Бухорий).
Демак, ушбу муборак ойни ғанимат билиб, Ҳақ таоло розилиги учун кундузлари рўзадор бўлиб, оқшомлари таровеҳ намозларидаги хатми Қуръонларда бардавом бўлсак, гуноҳларимиз кечирилиб, улкан ажру савобларга эга бўламиз, инша Аллоҳ.
Эслатиб ўтамиз, юртимиз масжидларида таровеҳ намози бугун, 18 февраль, чоршанба куни хуфтон намозидан кейин бошланади.
#taroveh #namoz #masjid #2026
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати