Инсон баъзан дунё ташвишларидан узилиб, Роббига яқинлашишни истайди. Ана шундай яқинликни бахш этадиган улуғ ибодат – рўзадир. Рўза қадимдан давом этиб келаётган илоҳий амр бўлиб, мусулмонларга ҳам шу азалий ибодатнинг мукаммал шакли инъом қилинди.
Рамазон ойининг рўзасини тутиш Исломнинг асосий рукнларидан бири бўлиб, Аллоҳ таоло уни ҳар бир мусулмонга фарз қилгандир. Бу улкан ибодатни Аллоҳ таоло иккинчи ҳижрий сананинг Шаъбон ойида фарз қилган. Қуръони каримнинг Бақара сурасидаги: “Эй иймон келтирганлар, сиздан олдингиларга фарз қилинганидек, сизга ҳам рўза фарз қилинди” (Бақара сураси, 183-оят), ояти ила фарз бўлган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари рўза тутиб, бошқаларни ҳам тутишга ундаганлар, кўплаб ҳадиси шарифларида рўзанинг фарз эканини баён этганлар. Рамазон рўзасининг фарз эканлигига ўша вақтдан ҳозиргача ҳамма мусулмонлар иттифоқ қилганлар.
Рамазон – оддий вақт эмас. У Қуръон нозил бўлган, раҳмат эшиклари очилган, қалблар уйғонадиган муборак ойдир. Саҳарликнинг сокин баракаси, ифторнинг шукронали қувончи, кечалардаги ибодатларнинг нури мўмин қалбига алоҳида ҳузур бахш этади. Тонгдан қуёш ботгунча давом этадиган рўза бандага ҳар лаҳзада: “Мен буни Аллоҳ учун қиляпман”, деган шарафни эслатади.
Маълумки, рўза аввалги умматларга ҳам фарз қилинган эди. Ривоятларда насронийларга ҳам Рамазон рўзаси буюрилгани, аммо у оғир туюлгач фаслини ўзгартириб, кунларини кўпайтириб юборганлари зикр қилинади. Ислом эса рўзанинг асл ҳукмини сақлаб қолди. Рамазон қайси фаслга тўғри келишидан қатъи назар, мўмин уни муҳаббат ва итоат билан кутиб олади. Чунки ибодатнинг қадри қулайликда эмас, садоқатдадир.
Рамазон кирганда рўзадор инсон бефойда, ёлғон, туҳмат, бўҳтон гап-сўзларга мутлақо яқин йўламаслиги, бошқа биров уриш-жанжал бошласа, мен рўзадорман, деб четланиши лозим. Рўза тутган киши иложи борича кўпроқ Аллоҳнинг зикрини қилса, Қуръон тиловат қилса жуда яхши бўлади. Бу амаллар орқали руҳлар покланади, қалблар юмшайди. Бу ойда масжидлар обод бўлади, Қуръон тиловати кўпаяди, садақалар зиёда бўлади. Инсон ўз нафсидан устун келиб, ҳақиқий маънавий эркинликни ҳис қилади. Ҳар саҳарлик – умид, ҳар ифтор – шукр, ҳар ибодат – илоҳий яқинлик лаҳзасига айланади. Энг оддий неъматлар ҳам қадрли бўлиб қолади. Рўза инсонни сабрга, шукрга, меҳрга ўргатади. Тилни ёмон сўзлардан, қалбни гуноҳнинг ғуборларидан поклайди. Бир сўз билан айтганда, Рамазон бандага Роббига яқинлашиш учун берилган энг бебаҳо имкониятдир.
Шу ўринда муҳим бир масалага эътибор қаратиб ўтсак мақсадга мувофиқ бўлади. Ифторлик қилиб бой-бадавлат, казо-казоларни иложи борича айтиб фахрланиш, бева-бечора, мискин-фақирларни айтмаслик эса мутлақо Ислом шариати руҳига тўғри келмайдиган ишдир.
Яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ифторлик қилиш деганида, албатта, уйига қозон осиб, дастурхон ёзиб, тўп-тўп одам айтишни тушунмаслик керак. Камбағал, муҳтож кишиларга ифторлик таомини олиб бериш ёки керакли маблағни бериш энг яхши ифторлик бўлади. Чунки рўзадор ва ҳақдор одамни риёкорликсиз ифтор қилдирилган бўлади. Баъзи ифторликларда хўжакўрсинга, дабдабага берилиб кетиб динимизга зид ишлар аралаштириб юбориш ҳоллари ҳам учраб туради. Бунга ўхшаш нотўғри тасаввур ва ишларга барҳам бериш керак.
Аллоҳ таоло тутган рўзаларимизни қабул қилсин, қалбларимизни тақво билан зийнатласин, гуноҳларимизни мағфират этсин ва бизни Рамазон баракасидан тўлиқ насибадор айласин!
Ўткир ҒУЗАРОВ,
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири
Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан «Қуръон тинчликка буюради» шиори остида Самарқанд шаҳридаги "Оби Раҳмат" жоме масжидида Қуръон мусобақаси ташкил этилди. Қуръони каримга бўлган муҳаббатни юксалтириш, қироат ва тажвид илмларини кенг тарғиб этиш ҳамда жамиятда тинчлик ва осойишталик ғояларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи ушбу хайрли тадбирнинг саралаш босқичларидан ўтган иштирокчилар «Ҳифз» ва «Мужаввид» йўналишлари бўйича беллашди.
Ғолиб ва совриндорлар:
«Ҳифз» йўналиши:
1-ўрин: Асқар Турсунов (Самарқанд шаҳри, «Муҳаммадамин ота» масжиди имом-ноиби);
2-ўрин: Абдувакил Олимов (Ургут тумани, «Ғавсул Аъзам» масжиди имом-хатиби);
3-ўрин: Шавкат Маҳмудов (Нарпай тумани, «Сўфи Зийрак» масжиди имом-хатиби).
«Мужаввид» йўналиши:
1-ўрин: Зикрулло Матлабов (Самарқанд шаҳри, «Хўжа Абду Дарун» масжиди имом-ноиби);
2-ўрин: Бурхониддин Турсунов (Нуробод тумани, «Жом ота» масжиди имом-хатиби);
3-ўрин: Исомиддин Исаев (Пахтачи тумани, «Хўжа Зиёвуддин» масжиди имом-хатиби).
Қўшимча номинациялар:
«Энг таъсирчан тиловат»: Ўткир Абдуллаев (Пастдарғом тумани);
«Энг гўзал тиловат»: Сардорхон Собиров (Самарқанд тумани);
«Тажвид қоидаларига энг мукаммал риоя қилган иштирокчи»: Юсуфхон Низомов (Самарқанд шаҳри).
Тадбир якунида ғолибларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллигининг дипломлари ва «Вақф» фонди филиали томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати